2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚАҲРАМОНЛАР УЛУҒЛАНДИ

Россияда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон биринчилигида юртимиз чарм қўлқоп усталари ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, биттадан кумуш ва бронза медалларни қўлга киритишди ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашди. Спортсевар халқимизни хурсанд этган ушбу муваффақиятда MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоларининг ҳам муносиб улуши бор.

Жаҳон чемпионатида юксак азму шижоат ва маҳорат намунасини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаганлиги ҳамда Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини тараннум этишга катта ҳисса қўшганлиги, ёшлар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги муносиб хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан бокс бўйича миллий терма жамоамиз вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди. Улар сафида Мудофаа вазирлиги спорт клуби боксчилари Миразизбек Мирзахалилов, Дилшодбек Рўзметов ва бокс бўйича мураббий Баҳодир Эркаев ҳам бор.

Дунё биринчилигида -57 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган MVSK аъзоси Миразизбек Мирзахалилов давлатимизнинг юксак мукофоти «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан, жаҳон чемпионатида -81 килограмм вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлган MVSK аъзоси Дилшодбек Рўзметов «Келажак бунёдкори» медали билан, бокс бўйича мураббий Баҳодир Эркаев эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони билан мукофотланди.

30 сентябрь куни Кўксаройда ушбу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари раҳбарлари, боксчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юртимиз спортчиларини, уларнинг устоз ва мураббийларини, бутун халқимизни бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий ғалабаси билан самимий муборакбод этди.

– Жаҳон чемпионатида юксак мардлик ва матонат кўрсатиб, юртимизга шундай буюк ғалабани олиб келганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. Ўша кунлари кексаю ёш – бутун халқимиз сизларга зафар тилаб, катта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўз нигоҳини Екатеринбург аренасига қаратди. Элимиз ана шу улкан ишончни оқлаган сиздек жасур, ватанпарвар авлод билан ҳақли равишда фахрланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз шундай баҳодир йигитларни тарбиялаб, вояга етказган меҳрибон ота-оналар, жонкуяр устоз ва мураббийларга ташаккур айтди.

Давлатимиз раҳбари ғолиб ва совриндор бўлган боксчиларни, уларнинг мураббийларини номма-ном тилга олиб, уларни қутлади. Бугунги натижалар келгуси йил Токиода ўтадиган Олимпиада ўйинлари учун мустаҳкам пойдевор яратганини, бу нуфузли мусобақага кўпроқ лицензия олиш ва пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз боксчилар ва уларнинг мураббийларига давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

Боксчилар, уларнинг оналари ва устозлари спортни ривожлантиришга юксак эътибори, спортчи ва мураббийларга рағбати учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдиришди.

Шунингдек, 30 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида боксчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчи ва мураббийлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва бошқалар иштирок этишди.

Тадбир давомида Ачилбай Раматов сўзга чиқиб, спортчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан муборакбод этди. Ушбу муваффақият замирида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қаратилаётган эътибор турганини алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, эришилган ютуқ билан тўхтаб қолмасликни, қилинган ишнинг ҳозирча бир қисмигина бажарилганини, Токио Олимпиадасида бундан-да улкан зафарлар кутилишини таъкидлади.

Тадбир давомида терма жамоамиз мураббийлари, боксчилар, жумладан, MVSK аъзоси Дилшодбек Рўзметов ҳам сўзга чиқиб, ушбу эътибордан мамнун эканликларини айтишди. Келажакда бунданда йирик муваффақиятларга эришишларини қайд этишди.

Шундан сўнг жаҳон чемпионати қаҳрамонларига «Президент совғаси» – автомобиллар тақдим этилди. Дунё биринчилигида чемпион бўлган Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов ва Баҳодир Жалоловларга «Трекер», кумуш медални қўлга киритган Дилшодбек Рўзметовга «Жентра», бронза медали соҳиби Бобо-усмон Батуровга «Нексия 3» автомобили калити топширилди. Терма жамоамизнинг муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшган мураббийларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилди.

 Расул ЭРМУҲАММАД

 

Информеры