2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЯШИЛ ФУРАЖКА ТАРИХИ

Чегарачиларга ўта масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилган – Ватан сарҳадларини душман бостириб киришидан ҳимоя қилиш. Чегара хавфсизлиги ҳар доим барча давлат ва мамлакатларнинг диққат марказида бўлган ва бўлиб қолади. Чегарачилар яшил фуражка кийишади ва бу мавзуда алоҳида тўхталиб ўтишга асос бор.

Чегарачилар учун Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки она юртни ҳар доим муқаддас саждагоҳ каби ҳимоя қилиш ва қўриқлашдир. Чегара – Ватан остонаси. Уни асраб-авайлаш шараф ва юксак бурчдир. Ҳушёр чегарачи-соқчилар хизматни куннинг ва туннинг ҳар дақиқасида, жазирама иссиқ ва совуқда, тоғу чўлларда чуқур масъулият, бепарволикка ва лоқайдликка йўл қўймасдан ўтайди. Қолаверса, бу соҳадаги хизмат катта шаҳар ва марказлардан узоқда олиб борилади ва тўғрисини айтиш керак, бу анча мураккабдир. Бутун вужуди билан доим жанговар ҳолатда шай туриш – бу чегарачилар учун одатий ишчи ҳолат. Улар юксак инсонийлик, оптимизм, ўзига бўлган ишончи, ватанпарварлиги, масъулиятлилиги билан ҳам ажралиб туради.

Чегарачиларнинг махсус кийим-либослари ва чегара рамзларининг ҳар бири ўз маъносига эга. Чегарачининг бош кийими бўлган яшил фуражка – жасорат, фидойилик, давлат чегарасини ҳимоя қилишдан ғурурланиш, Ватанга содиқлик рамзи саналади. У доимий, осон бўлмаган, масъулиятли ҳарбий хизмат, ҳушёрлик ва сафарбарлик тимсолидир.

Чегарачининг махсус кийими ва фуражкасидаги яшил рангга нисбатан турли хил фикрлар мавжуд. Ана шулардан бири қуйидагича:

...Чегара хизмати тугаши арафасида эди. Чўлда, жазирама иссиқ об-ҳаво шароитида давлат чегарасини қўриқлаш вазифасини бажараётган чегара соқчиси бир мунча вақт уфққа тикилиб, маълум бир ҳудудда ҳаракатланаётган объектнинг тоифасини аниқлашга ҳаракат қилади. Узоқ кузатиш давомида унинг кўзи толиқиб ёшланади. Чегарачи тушунадики, бу ҳолатда чегаранинг белгиланган қисмидаги вазиятни назорат қилиш қийинлашяпти. У ёнида бўлган яшил рангли қўл рўмолчасини олиб ёшланаётган кўзларини артади ва ҳаракатланаётган объектга такрор эътиборини қаратади. Энди ҳаракатланаётган объект равшанроқ кўринаётган эди. Чегарачи яшил рўмолчага тикилиб қараш кўзининг функционал имкониятларини яхшилаганини ва тиклаганлигини пайқайди.

Хизмат якунлангандан сўнг бўлиб ўтган воқеа ҳақида ўз чегара бўлинмаси командирига билдирги беради. Бу маълумот ҳақиқатан ҳам ўрганилган бўлиб, кейинчалик чегарачилар учун фуражканинг рангини танлашда ҳисобга олинган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Аслида ҳам яшил ранг азалдан табиат уйғонишининг тимсоли бўлиб келган. Бу ранг ёқимли бўлиб, кўз толиққанда ёрдам беради ва тинчлантиради. У шодлик, бахт, беғамлик, хотиржамлик, бирдамлик, ўсиш ва ривожланиш рамзидир.

Ҳамма даврларда ҳам яшил фуражкани муқаддас билиб, асраб-авайлаб, энг масъулиятли дақиқаларда ғурур билан кийиб жангга киришган. Уруш даврларида яшил фуражкани кўрган фашист аскарларини титроқ босган.

Маршал Г. Жуков чегарачилар ҳақида шундай деган: «Чегарачиларнинг Москва, Ленинград, Сталинград, Курск, Украина, Белоруссия жангларида қанчалик мардонавор жасорат билан курашганларини мен шахсан ўзим кўрдим ва ҳеч қачон унутмайман. Яшил фуражка барча инсонларнинг қалбида унга нисбатан бўлган ҳурмати, севгиси ва ғурурини уйғотсин...»

Бугунги кунда чегара бу – фақатгина хизмат эмас, балки кучли ирода, садоқат, фидойилик, матонат, экстремал вазиятларда ностандарт фикрлаш қобилиятига эга юқори малакали мутахассисларнинггина ўрни бўлган фаолият. Эҳтимол, ушбу сифатлар ва Ватанига бўлган муҳаббат чегарачиларни ҳар қандай шароитда ўз вазифаларига содиқ бўлишга ундайди.

Подполковник У. АЧИЛОВ,

кафедра бошлиғи М. Ачилова, ўқитувчи

Информеры