2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АСРЛАР ОША САЙҚАЛЛАНАЁТГАН САНЪАТ

Юртимизнинг Қўқон, Марғилон, Чуст, Риштон каби шаҳарларининг номи айтилиши биланоқ кўз олдимизга атласу адрас, дўппи-ю пичоқ, кулолчилик ашёлари ва бошқа санъат даражасига етган дунёга машҳур ҳунармандчилик намуналари келади. Қисқача айтганда, водийга ташриф буюрганлар инсон қўли билан яратилган бетакрор гўзаллик қаршисида ҳайратларини яшира олмай қолади.

Ҳунармандчилик сирлари аждодлардан авлодларга ўтиб, йиллар давомида янада сайқалланиб, бугун бу дурдона мерос халқимизнинг беқиёс маънавий бойлигига айланган. Ана шундай гўзаллик намуналари Ғурумсаройда ўтказилган халқаро «Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларида ҳам намойиш этилди. Юртимизга келган тожикистонлик меҳмонлар «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида, водий бўйлаб уюштирилган саёҳатлари давомида Чуст ҳунармандлар уюшмаси ҳамда Марғилон адраси йўналишида яратилган намуналар кўргазмасидан баҳраманд бўлишди.

Чуст ҳунармандлар уюшмаси раиси Акмал Каримов меҳмонларга уюшмага аъзо уч юздан ортиқ чеварлар, кулоллар ва пичоқ усталари яратган бир-биридан чиройли буюмларни намойиш қилишдан ташқари уларнинг тарихи ҳақида ҳам ҳикоя қилиб берди. Аслида келиб чиқиши Фарғона водийсига тегишли бўлган «Дамашқ пўлати» ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тожикистонлик ҳарбийлар ҳайрат ва қизиқиш билан тинглашди. Бу тарихий ҳикоядан таъсирланган қўшни давлат ҳарбийлари эсдалик учун Чуст пичоқларидан харид қилишди.

«Марказ – 2019» стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари «Қўқон – 2019» халқаро ҳунармандчилик фестивали билан олдинма-кетин ўтказилгани меҳмонларга мазкур соҳа билан янада кенгроқ танишишга имкон берди. Улар Марғилондаги «Атлас» адрас маҳсулотлари билан савдо қилиш ва кичик тўқиш корхонасида ҳам бўлди. Корхонада меҳнат қилаётган 17 нафар хотин-қиз худди мозийдагидек дастгоҳларда ранг-баранг адрас матоларининг тўқилишини намойиш этдилар. «Атлас»га ташриф буюрар экансиз, корхона раҳбари Муҳаммадюсуф Давроновнинг ишбилармонлигидан ҳайратга тушасиз. Савдо марказининг ўзида кичик тўқиш корхонасини ташкил қилингани бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳда қизиқиш уйғотиши табиий.

Ҳа, минг йиллардан ортиқ вақт давомида дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган водийнинг бетакрор гўзалликлари бугун ҳам ўз анъанасини давом эттириб келмоқда. Юртимизга келаётган ҳар бир чет эллик турист бу гўзаллик намуналари орқали Ўзбекистонимиз ҳақида янада кенгроқ маълумотга эга бўлаётгани кўнгилларга ғурур бағишлайди.

Камолиддин АСРОР

Информеры