2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҚЎМОНДОН ОЛҚИШИНИ ОЛГАН ДАВРОНЖОН

Ўтиб бораётган йил охирлаган сайин ортда қолган вақт сарҳисобига  назар ташлар эканмиз, ҳарбий хизматчиларимизнинг халқаро миқёсдаги ютуқларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Эришилган натижалар туфайли Ўзбекистон армиясининг жаҳон аренасида нуфузи ва салоҳияти ошиб бормоқда.

Мақоламиз қаҳрамони Давронжон Абдуғаффоров ҳам юрт тинчлигини сақлаш йўлида ана шундай ютуқларга муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Муддатли ҳарбий хизматчилардан бири. Муддатли ҳарбий хизматни мотоўқчилар қисмида бошлаган Давронжон катта ўқчи мутахассислиги бўйича маҳоратини ошириб борди. Намунали хулқи, тиришқоқлиги билан командирлар назарига тушди. Бир йиллик муддатдан кейин белгиланган имтиҳон ва кўриклардан муваффақиятли ўтиб, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи бўлиш имкониятини қўлга киритди. Катта ўқчи мутахассислигидан минамётчи даражасига эришган йигитни командирлари махсус бўлинмага тавсия этишди.

Янги-янги топшириқлардан чўчимаган оддий аскар Абдуғаффоров тез орада нафақат ўз командирлари, балки артиллерия қўшинлари қўмондони полковник Алишер Норбоевнинг ҳам эътиборига тушди. Ўтган йили Давронжон Ўзбекистон терма жамоаси сафида «АрМИ – 2018» халқаро ўйинларининг «Артиллерия олови» устаси йўналишида қатнашувчилар рўйхатига саралаб олинди. Оддий аскар бўлишига қарамай, Қозоғистонда ташкиллаштирилган мусобақаларда жамоадошлари билан биргаликда юртига ва бурчига бўлган садоқатини намо­йиш эта олди. Мусобақада 2-ўринни эгаллаган ўзбек артиллериячилари Ватанга ёруғ юз билан қайтди.

Айнан мана шу ютуқлар натижасида оддий аскар Давронжон Абдуғаффоров Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг қабулида бўлиш ва шу билан бирга вазирнинг ташаккурномаси, «намунали хизматлари учун» медали, рағбатлантирувчи мукофоти, энг асосийси – муддатидан олдин лавозимининг оширилишига муяссар бўлди. Энди унинг погонида кичик сержант унвони акс этиб турибди. Ҳа, элу юртини ардоқлаганни эли сийлайди. Давронжондек ўз эл-юртини ардоқлаб келаётган ҳарбийларимизга Ватанни қўриқлашдек муқаддас бурчини бажаришда ютуқлар ҳамиша бардавом бўлаверсин.

Камолиддин АСРОР

 

Информеры