2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ: МАРД БАҲОДИРЛАР ЎЛМАЙДИ

Давлат бошқаруви ва ҳарбийлик хусусида

Юсуф Хос Ҳожиб XI асрнинг атоқли шоири, донишманди ва давлат арбобидир. Унинг туғилган йили аниқ эмас, тахминан XI асрнинг 20-йиллари арафасида таваллуд топган, деган маълумотлар бор. Унинг ягона асари «Қутадғу билиг» («Саодатга элтувчи билим») достони ҳижрий йил ҳисоби билан 462 (милодий 1069/70) йилда ёзилган.

Юсуф Хос Ҳожибнинг ватани Баласўғун (Куз Ўрда) Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳри яқинида бўлган Оқпишин шаҳри ўрнида ҳозир ҳам бор.

Юсуф Хос Ҳожиб ўз даврининг донишманди сифатида форс, араб тиллари, бадиий адабиёт, тарих, фалакиёт, математика каби ижтимоий ва аниқ фанларни ўрганган. Айни пайтда ватандоши Маҳмуд Кошғарий билан бир сафда туриб, туркий қабилаларнинг тили, урф-одатлари, оғзаки ва ёзма адабиётини мукаммал ўрганиб, «Қутадғу билиг» достонини яратди.

Юсуф Хос Ҳожиб ушбу асарида давлат ва ҳокимият, ҳукмдор ҳамда амалдорлар, турли ижтимоий табақалар, уларнинг давлат ва жамият олдидаги ўрни ҳамда роли ҳақида фикр-мулоҳаза юритади.

Ҳар томонлама билимга эга бўлган шоир, жумладан, ўз давридаги ҳукмдорларга қарата шундай дейди: «Эй ҳукмдор, халқнинг сенда уч хил ҳаққи бор, сен бу ҳақни тўла ва ўз жонингга жабр қилма. Бу ҳақиқатнинг бири: пулнинг қадрини кўтариш, унда олтин ва кумушнинг софлигини ошириш ва буни кузатиб туришдан иборат; яна бири: эл учун ишончли, мустаҳкам ва тўғри қонунлар чиқар, буни эл сендан кутади; учинчи: йўлларни қароқчилардан, хароб қилувчилардан сақла».

Юсуф Хос Ҳожибнинг юқоридаги фикри ҳукмдорлар учун йўл-йўриқ, дастуруламал вазифасини ўтайди. Шоир фикрини давом эттириб, юқоридаги уч талабни ҳукмдор олдига қўяр экан, шунинг эвазига ҳукмдор халқдан ҳам уч нарсани талаб этишга ҳақли деб ёзади: «Эй элнинг сардори, халқнинг сенга бўлган шу талабларини бажарганингдан сўнг ўзинг ҳам халқдан уч нарсани талаб қилишга ҳақли бўласан: бири – ҳар қандай қонун чиқарсанг, уни ҳамма сўзсиз ва тез бажариши керак; иккинчидан, давлат солиқларини ўз вақтида сахийлик билан давлат хазинасига топшириб турсинлар; учинчи – бутун халқ дўстингга – дўст, душманингга – душман бўлиши керак».

Шоирнинг ўз давридаги бу доно сўзлари бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Юсуф Хос Ҳожиб ҳукмдорларга панд-насиҳат қилар экан, давлатнинг ҳарбий кудратини белгиловчи ҳарбий кишилар ҳақида ҳам муҳим панд-насихатлар айтади: «Ҳарбий киши, хусусан қўшин бошлиғи, лашкарбоши шундай шахс бўлиши керакки, бу бошлиқнинг номини эшитган заҳотиёқ душман лашкарларининг уйқуси ўчиб кетсин, албатта, лашкарбошилик оғир, машаққатли иш, чунки жангда у душман билан юзма-юз туради, шунинг учун бу вазифага мард, ботир, мерган кишиларни белгилаш лозим, – деб ёзади шоир. Лекин, – деб сўзини давом эттиради у, – бу вазифага ғофил, қўрқоқ кишиларни қўймаслик керак, унга (лашкарбошига) бойлик кетидан қувиш, ер-сувим деб, боғ-роғим деб олтин-кумушга кўнгил берган киши муносиб эмас». Айниқса, аскар тепасида турган лашкарбоши салобатли, хушчирой, айни пайтда қаттиққўл ва талабчан бўлиши лозим. Шоир ёзади:

Урушда юраксиз киши кераксиздир,

Юраксиз киши заифларнинг эшидир.

Юраксиз кишилар лашкарни бузади,

Лашкар бузилса, жасур мардларни бузади.

Урушда жасурлар сабр-матонатли бўлиши керак,

Ёв от солиб келганда, маҳкам туриб даф қилиш керак.

Шубҳасиз, бу ўлим муҳаққақдир,

Лекин вақти-соати етмагунча мард, баҳодирлар ўлмайди.

Лашкарбоши, деб ёзади шоир:

Лашкар бошловчи киши кўнглини

катта тутса, мағрур бўлса,

Шубҳасиз, ёвидан (бундай) киши калтак ейди.

Кўнгли катта (ғурурли) киши ғафлатда қолади.

Ғофил киши эса барбод бўлади, ё бевақт ўлади.

Ёмонларга ғазаб сиёсат лозим,

Яхшиларга доим ҳурмат лозим.

Шоир қўшин бошлиғи қуйидаги сифатларга эга бўлиши кераклигини уқтиради:

Урушда ботир арслонюракли бўлиши керак,

Жангга кирганда қоплонбилакли бўлиши керак.

Тўнғиздек човут солувчи, бўридек кучли,

Айиқдек ҳийлакор, қўтосдек қасоскор бўлиши керак.

Яна қизил тулки каби ҳийлачи бўлса,

Туя эркагидек узоқ ўч сақласа, кўр.

Ўзини зағизғондан ҳушёрроқ тутиши керак,

Қоя қузғуни каби узоқ-узоқларга кўз югуртириш керак.

Ботир арслон каби ҳимматини улуғ тутса,

Тунлари хаёлчан бедор она каби бўлса.

Бундай сифатлар билангина киши ҳарбий бўлади,

Ҳарбий (жангчи) бўлади ҳам яроғдор бўлади.

Юқоридаги мисралардан англашиладики, шоир ҳарбий кишиларнинг характери, хулқ-атворини яхши билган, айтиш мумкинки, эҳтимол, ҳарбий зобит бўлган.

Ярашиш иложи бўлса, яраш,

Йўқ бўлса, совут кий, бел олишиб кураш.

Агар босишга сен илож топмасанг,

Элчи юбориб сен бор, эл бўлиб юр.

«Жангда, – деб ёзади шоир, – тажрибаси бор, ёки катта баҳодирларни биринчи бўлиб юбориш керак, чунки уларда тажриба бор, улар жуда жанговар бўлади, кичик ёшли аскарлар жангда ўзини йўқотиб қўйиши мумкин».

Инонадиган кишиларни олдиндан ва кейиндан қўйгин,

Ўнгингдан ва сўлингдан бироз бошқаларни қўй.

Энг аввал узоқдан ўқ билан уришиш керак,

Яқинлашса, найза билан уришиш керак.

Агар ўлганлар бўлса, ҳурматини келтириб кўтар (дафн қил),

Ўғил-қизлари бўлса, уларнинг ҳаққини бер.

Бугина эмас, лашкарбоши ё юртбоши бўлсанг, қуйидаги ишларни, албатта, бажаришинг лозим, деб қайта-қайта уқтиради, насиҳат қилади.

Ўзинг лашкарбоши ё элбоши бўлсанг,

Тўғри бўл, қулоғингни, кўзингни ўткир тут.

Ўзинг Ҳожиб (амалдор) бўлсанг, пора олмаслик лозим,

Камбағал, тул, етим сўзларини тинглаш керак.

Хуллас, гапнинг қисқаси, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асари XI асрнинг ноёб нодир ёдгорлиги сифатида Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондаги туркий халқларнинг ардоқли асари сифатида бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Ёшларни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва мардлик руҳида тарбиялашда ушбу асарнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ўтмишни чуқур ўрганмай, халқимиз тарихини билмай туриб, келажакни қуриб бўлмайди.

Бухориддин МАМЕДОВ, Қуролли Кучлар академияси

 гуманитар фанлар кафедраси

профессори, филология фанлари доктори

Информеры