2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТУРОН, ТУРКИСТОН, МОВАРОУННАҲР ХАРИТАСИ

Қадимий қўлёзмаларни ижикилаб ўрганадиган, маълумотларни чумолидай тўплайдиган, ҳар қандай масалада вазмин шарқшунос олим Абдусаттор Жуманазар менга бир китоб совға қилди. Атиги 100 нусхада чоп этилган бу китоб Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тадқиқотчиси Равшан Худайбергановнинг «Истахрийнинг «Китаб масалик ал-мамалик» асаридаги хариталар» деб номланган монографияси экан.

Бундан бир неча йиллар аввал қайсидир бир сайёҳ чизган харитага кўзим тушганди. Туркистон, Марказий Осиё минтақасининг бундан икки юз йиллар аввалги кўриниши акс этган бу харитани кўриб, менда бир қанча саволлар пайдо бўлганди.

Совға қилинган китобдан ўша саволларга жавоб топдим. Ёш олим, тадқиқотчи Равшан Худайбергановга ғойибона миннатдорлик билдириб, Шарқ хариташунослиги ва биз яшаётган, қадимда Турон, Туркистон, Мовароуннаҳр деб номланган улуғ юртнинг харитаси ва шу мавзу билан боғлиқ муҳим маълумотларни азиз ўқувчиларга ҳам илиндим.

Шарқ хариташунослиги тарихи ҳақида нималарни биламиз?

Шарқ хариташунослигининг ривожланиши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқдир. У 700 – 1850 йиллар оралиғида Африканинг Атлантикага туташ соҳилларидан Тинч океани қирғоқлари, Сибирь даштларидан Осиёнинг жанубий ҳудудларигача бўлган улкан қуруқликни қамраб олади.

Исломнинг кўплаб ўлкалар ва давлатларга тарқалиши натижасида мусулмонлар ҳаж ибодатини адо этиши учун аниқ жуғрофий маълумотларга эҳтиёж ортиб боради. Шу тариқа дастлабки ахборотлар тўпланиб, бундай мазмундаги, яъни шаҳарлар, ўлкалар, йўллар ва масофаларга оид асарлар «Китаб масалик ал-мамалик» – «Ўлкалар ва йўллар китоби» каби номлар билан аталган. Бу йўналишдаги биринчи асарни Ибн Хўрдадбеҳ (846 йил) ёзади. Унда мусулмон оламидаги зиёрат йўллари ва масофалар баён қилинган.

Халифа Маъмун даврида яратилган «Маъмун харитаси» мусулмон шарқидаги илк дунё харитасидир, у ҳозиргача топилмаган. Маъсудий бу харитани кўрганини айтади.

Ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний изланишлари ҳам Шарқ хариташунослигида муҳим ўрин тутади. Олимларнинг аксарияти дунёнинг обод қисмини етти иқлимга ажратади. Бундай ёндашув улар ижодига сурёний ва грек анъаналари таъсир қилганидан дарак беради. Ўрта асрларда Беруний, Кошғарий, Қазвиний ва Ибн ал-Вардий ҳам харита тузган.

Энг қадимги матнли хариталар Истахрийнинг мазкур «Китаб масалик ал-мамалик» асарида (Х аср) сақланиб қолган. Кейингиси Ибн Хавқал (Х аср) қаламига мансуб «Китаб сурат ал-арз» – «Ер сурати китоби» асаридир. Бу асар Истанбулдаги Тўпқапи саройи кутубхонасида сақланади. XII – XIX асрларда ёзилган ё кўчирилган қўлёзмаларда ҳам хариталар учрайди.

Истахрий ким?

Шарқ ренессанси даврида жуғрофия фани соҳасида икки йирик мактаб – Бағдод ва Балх мактаби шаклланади. Абу Зайд ал-Балхий асос солган Балх мактабининг етук намояндаларидан бири Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Форисий ал-Истахрий эди. У Балхийнинг «Ўлкалар ва йўллар» асарини ўз саёҳатлари ва тўплаган маълумотлари билан бойитган, бу китобда дунё ва X аср мусулмон оламининг 20 иқлимга тақсимланган хариталарини жамлаган.

Истахрий тарихчилар ва тадқиқотчилар орасида «Жуғрофия фани отаси» номи билан шуҳрат қозонган. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумот жуда кам, нисбаси Истахр шаҳридан эканини билдиради. Тадқиқотчилар у ҳақда гапирганда Ибн Хавқал ва Муқаддасийнинг қисқа хабарларига таянадилар, холос.

«Ўлкалар ва йўллар китоби»га кирган иқлимлар нечта?

Истахрий Ер тузилишини жануб ва шимолга ажратади. Бу тақсимланиш замонавий экватор чизиғидан фарқ қилади. Унга кўра, машриқда Син еридаги Баҳр ал-муҳит (Тинч океани) соҳилидан мағрибга Андалус туташган Баҳр ал-муҳит (Атлантика океани) қирғоқларигача чизиқ тортилади. Муқаддимада турклар диёри, туркий халқлар – ғуз, тағазғуз ва бошқалар, уларнинг жойлашган ўрни ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.

Асарда иқлимлар қуйидаги тартибда кўрсатилади:

1. Араб диёри. 2. Форс денгизи. 3. Мағриб диёри. 4. Миср диёри. 5. Шом диёри. 6. Рум денгизи. 7. Жазира ери. 8. Ироқ. 9. Хузистон. 10. Форс мамлакати. 11. Кирмон мамлакати. 12. Синд мамлакати. 13. Арминийя, ар-Рон ва Озарбайжон. 14. Жибал. 15. Дайлам. 16. Хазар денгизи. 17. Хуросон чўли. 18. Сижистон. 19. Хуросон. 20. Мовароуннаҳр.

Иқлимлар тавсифи «Араб диёри»дан бошланади. Чунки унда Каъба бор, Макка шаҳарлар онаси ҳисобланади. Кейинги тавсиф араб диёрининг кўп қисмини ўраб тургани сабабли Форс денгизи иқлимига бағишланади.

Сўнгра шимолий Африкадаги мусулмон ўлкалари географиясига навбат келади. Тавсиф мағриб – Миср йўналишида давом этиб, Нил дарёсининг пайдо бўладиган ерларигача етказилади.

Кейинги қисмда Кичик Осиё қитъаси – Форс денгизи – Ҳинд океани қирғоқлари – Синд ва Ҳинд ерларидаги мусулмон ўлкалари жойлашуви таърифланади.

Асарнинг сўнгги қисмларида Кавказ ва Мовароуннаҳр мусулмон ўлкалари жойлашуви баён қилинади.

Асарда ҳар бир иқлимнинг харитаси берилган.

Мовароуннаҳр қандай тавсифланган?

Истахрий ҳар бир иқлимнинг жуғрофий тузилишида аввало, унинг чегараларини кўрсатади, сўнг ундаги шаҳарлар ўрнини доиралар билан белгилаб таърифлайди.

Мовароуннаҳр тавсифида унинг умумий чегаралари, шаҳарлари ва аҳолисининг табиати ҳақида ахборот берилади. Мовароуннаҳр тузилиши, дарёлари, тоғлари, денгизи, об-ҳавоси, аҳолиси феъл-атвори, кайфияти, ҳарбий салоҳияти, давлат бошқарувига уларнинг ўзига хос муносабати, тижорати, этнографиясига оид ва бош­қа яна бир қанча маълумотлар жуда қизиқарлидир.

Муаллиф Орол денгизи ҳақида шундай маълумот беради:

Бу денгиз чегараси менга маълум бўлишича, чамаси юз фарсахча бор. Суви шўр. Атрофида очиқ ўрмонлар йўқ. Унга Жайҳун, Шош ва у иккисидан бошқа дарёлар сувлари қуйилади. Аммо суви чучук бўлмайди, каттариб ҳам кетмайди. У ва Хазар денгизи орасида иккисини боғловчи ер ости ўзани бўлса керак, Оллоҳ билгувчироқдир.

Истахрий сафарлари ва Мовароуннаҳр одамлари ҳақида маълумотлар

Ҳозиргача Истахрийнинг қайси иқлимларга сафар қилганини аниқлаштирувчи ягона манба унинг «Китаб масалик ал-мамалик» асари бўлиб турибди. Тадқиқотчи Равшан Худойбергановнинг изланишлари натижасига кўра, Истахрий Араб иқлимида Оман, Мисрда Фустот ва Тиннис ороли, Хузистонда Осак ва Сус, Форсда Истахр ва Шероз, Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Сўғд вилоятида бўлган.

Асарда Мовароуннаҳр иқлими ва унинг одамлари ҳақида муҳим маълумотлар берилган. «Жуғрофия фани отаси» жумладан қуйидагиларни ёзади:

Менга маълум бўлишича, Муътасим хавотирини ёзиб Абдуллоҳ бин Тоҳирга мактуб йўллайди. У номани Нуҳ бин Асадга юборади. У: «Мовароуннаҳрда уч юз минг қишлоқ бор, ҳар биридан бир суворий ва бир пиёда чиқса ҳам аҳолиси учун йўқотиш бўлмайди», деб жавоб ёзади.

Яна билганим: бирор чегара ҳудуди Шош ва Фарғонадаги каби мустаҳкам эмас, ҳамма эҳтиёт чоралари кўрилган. Ҳатто, султон бўлмаганларида ҳам юздан беш юзгача улови бор. Улар юрти энг узоқ бўлишига қарамай, энг биринчи ҳаж қилувчилардир. Аниқ, ҳеч ким улардан олдинроқ ҳажга келмайди ва кейин кетмайди.

Улар катталарига итоат қилувчиларнинг энг яхшиси, ёши улуғларига хизматда энг хокисордирлар. Халифалар шу сабабдан Мовароуннаҳрдан эр кишиларини ёнларига чақиртириб оладилар. Қўрқмаслиги, журъати, шижоати ва жасорати билан бошқа халқлардан ажралиб тургани учун уларнинг қўшини турклардан эди.

Мовароуннаҳр деҳқонлари халифалар қўмондонлари, мулозимлари ва хос ходимлари бўлиб хизмат қиларди. Улар илтифоти, итоати, мағрурлиги ва султонлардай кийинишлари билан фарғоналик ва турк миршаблар каби халифаликнинг ишончли кишилари, аскарбошилар бўлиб олдилар.

Мовароуннаҳр харитасида қанча жой номлари кўрсатилган?

«Китаб масалик ал-мамалик» матнидаги жой номлари хариталарда тўғри жойлаштирилгани ўқувчи маълумотларни англаши ва ундан самарали фойдаланишига хизмат қилади.

Иқлим ичидаги қатнов йўлларига бағишланган бўлим асарнинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Мовароуннаҳр иқлими умумий тавсифлангач, турли йўналишлар баён қилинган «масофалар» бўлими келтирилган. «Жайҳун водийсидаги Фарабрдан Фарғонага йўл» ҳақидаги маълумот қуйидаги сатрлар билан бошланади:

Фарабрдан Бикандгача катта марҳала, Биканддан Бухорогача бир марҳала, Бухородан Тавовисгача бир марҳала, Тавовисдан Карминийагача бир марҳала, Карминийа­дан Дабусийагача енгил марҳала, Дабусийадан Рабинжангача енгил марҳала, Рабинжандан Зармангача бир марҳала, Зармандан Самарқанд­гача бир марҳала, Самарқанддан Баркасгача бир марҳала, Баркасдан Саъд работигача бир марҳала.

Мовароуннаҳр иқлим харитасининг Гамбург қўлёзма нусхасида шундай жой номлари учрайди:

Сув ҳавзалари – Хоразм кўли, Жайҳун дарёси, Ахшу дарёси, Сарманжи дарёси, Вахшоб, Жан кўли, Уш дарёси, Ураст дарёси, Хуршоб дарёси, Қубо дарёси, Шалат дарёси ва ҳоказо.

Шаҳарлар – Виза, Асбос, Курконж, Форғар, Андижороғ, Ловаканд, Тамлийот, Ҳулбук, Вошжирд, Сағонийон, Жарминқон, Қуводийон, Тирмиз, Кат, Кардар, Байканд, Бухоро, Тавовис, Карминийа, Кеш, Навқад Қурайш, Насаф, Самарқанд, Абаркат, Зомин, Сабат, Хужанда, Канд, Сух, Риштон, Бумижкат, Будахкат, Тараз, Бинкат, Кабарна, Навкат, Тункат, Бискат, Банакат, Ғарканда, Нажокат, Харқона, Дизак, Видор, Шош, Ахсикат, Косон ва ҳоказо.

Мовароуннаҳр иқлимида 400 га яқин жой номининг зикр этилиши бу асар Марказий Осиёнинг IX – XIII асрлар тарихий географиясини ўрганишда муҳим манба эканини кўрсатади.

«Ўлкалар ва йўллар китоби»нинг ҳозиргача аниқланган қўлёзма нусхалари адади 45 тани ташкил этади. 17 нусхаси араб, 28 нусхаси форс тилидаги бу қўлёзмалар дунёнинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланади.

Газетамизнинг кейинги сонларида фидойи тадқиқотчи Равшан Худойбергановдан Истахрийнинг «Ўлкалар ва йўллар китоби» ва бошқа муаррихлар асарларидаги юртимиз тарихига оид қимматли маълумотлардан иборат туркум мақолаларни кутиб қоламиз.

Фурқат ЭРГАШЕВ

 

Информеры