2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШЕРЮРАК ЮРТ ҲИМОЯЧИЛАРИ

Олов бўлиб ёнса юраклар,

Дуо бўлар ҳар бир тилаклар.

Юрти учун, миллати учун

Хизмат қилар бу шерюраклар!

29 ЁШЛИ МУРАББИЙ

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Инъомжон Мажидов алоқачи лавозимида хизмат қилади. 1990 йил Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган. Оилада тўнғич фарзанд. Муддатли ҳарбий хизматни Қува туманидаги ҳарбий қисмда ўтаган. Спортчи ва мураббий. Регби бўйича жамоаси билан 2014 йил республикада 1-ўринни эгаллаган. Бокс бўйича ўз вазн тоифасида Шарқий ҳарбий округда 2-ўрин соҳиби бўлган. Махсус бўлинмалар ўртасида ўтказилган кўпкураш мусобақасида 90 кг вазнда ғолибликка эришган. Халқаро ўқув машғулотлари қатнашчиси. Оилали, икки ўғилнинг отаси.

Юртимиз осойишталигини таъминлаётган ҳарбий хизматчиларни кўз олдимизга келтирганимизда, кўпинча уларни ҳарбий касб эгалари сифатида тасаввур қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо ҳарбийларимиз орасида спортчи, мураббий, ҳаваскор шоир, ширали овоз соҳиблари, ҳунар устаси каби кўплаб иқтидор эгаларини учратиш мумкин. Ана шулардан бири Инъомжон Мажидовдир.

У болалигидан ҳарбий бўлишга интилиб, иштиёқи ортидан ўз мақсадига эришган ёшлардан. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ спорт билан шуғулланишни канда қилмасди. Бокс ва курашда Инъомжон туман ва вилоят миқёсида юқори натижаларга эришди. Бу унга муддатли ҳарбий хизматга саралаш босқичларидан ўтишда қўл келди.

Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг хизматни шартнома бўйича давом эттиришга қарор қилган қаҳрамонимиз ҳарбий қисм командири ва устоз офицерларнинг тавсияси асосида алоқачи лавозимига қабул қилинди. Ватан олдидаги бурчи ва қасамёдига содиқ аскар хизмат вазифасини бажариш жараёнида олға интилишдан тўхтаб қолгани йўқ. Ҳарбийлар ўртасида ташкиллаштирилган кўплаб мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритди. Инъомжонни Жюль Верннинг «15 ёшли капитан» асари қаҳрамонига ўхшатиш мумкин. Негаки, у спортда эришган ютуқлари самарасини мураббий сифатида ёшларга ўргатиб келмоқда.

Суҳбатимизда ўз ютуқларини Ватан олдидаги бурчи деб ҳисоблашини таъкидлади. Юрт осойишталиги йўлида ана шундай муқаддас бурчни ўтаётган Инъомжон Мажидовдек ҳарбийларимиз кўпаяверсин.

ЭНГ ИЛҒОР ҲИСОБ КОМАНДИРИ

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Умиджон Аъзамов 1989 йил Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Қайроқли қишлоғида туғилган. 2009 йил Чуст туманидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. АГС қуроли ҳисоб командири. Профессионал ўғлон 2013 йил тоғ тайёргарлиги, 2016 йил экстремал вазиятларда чидамлилик бўйича, 2018 йил эса Тожикистонда ўтказилган «Марказ – 2018» ўқув машғулотларида юқори натижаларга эришган. 2019 йил Беларусь ҳарбийлари билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув машғулотларида «Энг яхши ҳисоб командири» сифатида ўз иқтидорини намойиш этди. Спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланади. Оилали, икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

Умиджон Аъзамовнинг шарафли соҳадаги фаолиятига назар ташласак, унинг универсалликка интилишига гувоҳ бўламиз. Чунки у командирлари берган топшириқларни ўз интилишларидан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай вазиятда ҳам профессионал даражада бажаришга ҳаракат қилади. Муддатли ҳарбий хизматда мотоўқчи эди, бундан ташқари тоғ тайёргарлиги бўйича ҳам мутахассис даражасига эришди. Албатта, бунга ўз қизиқиши, интилиши, чидамлилиги, қолаверса, командирларидан олган тажрибалари орқали эришган.

– Армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида биз, ҳарбий хизматчилар ҳам худди спортчилар каби юртимиз шарафини халқаро майдонларда намойиш этиш имкониятига эга бўлдик, – дейди оддий аскар Умиджон Аъзамов. – Вакилларимизнинг халқаро ҳарбий мусобақаларда эришган натижалари армиямизни янги босқичга олиб чиққани барчамизга мамнуният бағишлайди. Орзуим – ўтказилаётган ҳар бир ўқув машғулотларида ўз тажрибамни орттириб бориш орқали халқаро ҳарбий мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиш...

Ҳа, миллий армиямиз жаҳон миқёсида янги босқичга чиққани ҳар қанча эътирофга лойиқ. Ана шундай эътирофга эришишда Умиджон Аъзамов каби эр йигитларимизнинг ҳиссаси салмоқли.

ҒАЙРАТ-ШИЖОАТЛИЎҒЛОН

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Абдували Гаппаров ҳам профессионаллардан бири. У ҳам мотоўқчи ва тоғ тайёргарлиги бўйича мутахассис. 1992 йил 17 апрелда Тошкент вилоятининг Ғазалкент шаҳрида туғилган. Муддатли ҳарбий хизматни Андижондаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтаган. 2015, 2017, 2018 йилларда экстремал вазиятларда чидамлилик бўйича мусобақаларда ҳарбий округда 3-ўринни эгаллаган. 2017 йил Покистон ва Америкада ўтказилган тоғ тайёргарлиги бўйича машғулотларда қатнашган. 2018 йил октябрь ойида Беларусда ўтказилган мусобақада шаҳар шароитидаги ўқув машғулотларида 11 давлат ўртасида Ўзбекистон термаси сафида 3-ўрин соҳиби бўлган. Жорий йил Беларусь ва Тожикистон ҳарбийлари билан ташкиллаштирилган халқаро ўқув машғулотларида қатнашиб, юқори натижаларга эришган.

Абдували Гаппаров ҳақида унинг сафдоши ва устози сержант Бобомурод Нуратовнинг айтиб беришича, Абдували халқаро ўқув машғулотларида ўз имкониятини синаб кўриш учун ҳамиша командирларига дадил мурожаат қилиб келади. Унинг бундай интилувчанлигини кўрган командирлари аскарга бир неча марта халқаро майдонларда ўзини синаб кўриш имкониятини беришган. Масъул офицерлар томонидан билдирилган ишонч оқланаётганини у эришган ютуқлардан билиб олиш мумкин.

Қаҳрамонимиз 2018 йил октябрь ойида Беларусда ўтказилган мусобақага шаҳар шароитидаги ўқув машғулотларини кузатувчи сифатида борган. Аммо машғулотлар давомида иштиёқи туфайли командирларининг рухсати билан жамоа сафига қўшилган. Абдувалининг ва жамоадаги бошқа ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга бўлган садоқати юртимиз вакилларининг совриндорлар сафидан жой олишини таъминлади.

Юрагидаги иштиёқ ва кўзларидаги шижоат оддий аскар Абдували Гаппаровни янги-янги ютуқлар томон етаклаб боришига ишониб қоламиз.

Асрор РЎЗИБОЕВ 

Информеры