2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДЗЮДОЧИЛАР ИШОНЧНИ ОҚЛАШДИ

VII Бутунжаҳон армия ўйинларида

Хитойнинг Ухань шаҳрида VII Бутунжаҳон армия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 140 га яқин мамлакати вакиллари қатнашиб, 27 та спорт тури бўйича ғолиблик учун ўзаро кураш олиб боряпти. Юртимиз ҳарбий спортчилари ушбу йирик мусобақанинг дзюдо, бокс, таэквондо, теннис, енгил атлетика бўйича баҳсларида иштирок этяпти.

Бутунжаҳон ҳарбий спорт кенгаши (CISM) томонидан бу йил ўз тарихида еттинчи марта ташкил этилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида асосий эътибор «Спорт орқали биродарлик»ка – халқлар ўртасидаги ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга қаратилди. Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мусобақадан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу – дунёда тинчликни сақлаш. Ўйинлар доирасида турли хил тадбир ҳамда тантанали маросимлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Очилиш маросимидан сўнг ҳарбий спортчиларнинг ўзига хос Олимпиадаси мақомига айланган мусобақага старт берилди.

ДЗЮДО

VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг дзюдо бўйича беллашувларида дунёнинг 57 давлатидан жами 350 нафар (232 эркак, 118 аёл) ҳарбий спортчи қатнашиб, ғолиблик учун ўзаро кураш олиб боришди. Ушбу баҳсларда юртимизнинг 4 нафар аёл, 8 нафар эркак, жами 12 нафар дзюдочиси қатнашди.

Асосан енгил вазн тоифаси бўйича кечган биринчи кунги баҳслар дзюдочиларимиз учун омадли бўлди. Татамига чиққан 4 нафар вакилимизнинг барчаси совриндорлар сафидан жой олди. Биз учун энг қизиғи -66 кг вазн тоифаси бўйича баҳсларда рўй берди – финалда икки юртдошимиз – Артём Штурбабин ва Муҳриддин Тиловов ўзаро тўқнаш келди. Мутахассислар томонидан эътироф этилган «Ўзбекистон дербиси»да Штурбабиннинг қўли баланд келди ва Артём олтин, Муҳриддин кумуш медаль билан тақдирланди. Ғолибликни нишонлаган вакилимиз финалгача индонезиялик Септиан Ажиянгсях, қатарлик Аюб Элидрисси, мўғулистонлик Эрхембаяр Баттогтох ва баҳрайнлик Рамазан Кожаковни мағлуб этганди.

-73 кг вазн тоифасида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилган Ҳикматуллоҳ Тўраев ҳам барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Тўраев финалга қадар йўлни босиб ўтишда қозоғистонлик Ерасил Сакенули, шри-ланкалик Чамара Репияллаж, россиялик Армен Агаян ва баҳрайнлик Аскерби Гербеков тўсиқларини енгишига тўғри келди. Олтин медаль учун кечган финал беллашувида эса хитойлик Сайинжиргаладан устун келди.

Ёшлар ўртасида жаҳон, катталар ўртасида Осиё чемпиони Диёра Келдиёрова (-52 кг) иккинчи босқичда франциялик Маркус Табеллионга ютқазиб қўйди. Лекин дзюдочимиз ўтиш баҳсларида бразилиялик Валентим Элеудис, россиялик Дарья Бобрикова, венгриялик Катинка Жабони мағлубиятга учратди ва бронза медални қўлга киритди.

Мусобақанинг иккинчи куни дзюдочиларимиз яна иккита совринга эгалик қилишди. Хусусан, -70 кг вазн тоифасида татамига чиққан Гулноза Матниязова ярим финалга қадар мағлубиятсиз етиб борди. У аввалига Ким Жин Ганг (КХДР) ва Дарья Погорзелечни (Польша) мағлуб этди. Ярим финалда эса россиялик Алёна Прокопенкога ютқазиб қўйди. Бронза медаль учун кечган беллашувда спортчимиз германиялик Сара Майкелбургдан устун келди.

Эркаклар ўртасидаги энг оғир (+100 кг) вазн тоифаси бўйича беллашувлар ҳам биз учун қизиқарли кечди. Дунё рейтингида 14-поғонада бораётган дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев мўғулистонлик Ҳутаг Тсогтгерел, россиялик Антон Брачев, иорданиялик Муҳаммад Алфрух, Доминикан Республикаси вакили Хосе Мануэль Нова Алкантарани мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи баҳсда унга дунё рейтингида 7-ўринни эгаллаб турган россиялик И. Тацоев қарама-қарши келди. Финалда тажриба ва омад ўз сўзини айтди – Тацоев ғолиб чиқди, вакилимиз кумуш медаль билан кифояланди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг 2 тадан олтин, кумуш ва бронза, жами 6 та медални қўлга киритди. Эслатиб ўтамиз, ҳамюртларимиз сўнгги бор қатнашган IV Бутунжаҳон армия ўйинларида дзюдочиларимиз биттадан олтин, кумуш ва бронза, жами 3 та медалга эгалик қилишганди. Демак, бу сафар аввалгисидан икки баравар юксак натижа қайд этилди.

БОКС

Бундан 12 йил олдин майор Уйғун Сиддиқов ва Фарҳод Бакиров мураббийлигидаги боксчиларимиз ҳам IV Бутунжаҳон армия ўйинларида муваффақиятли қатнашиб, 4 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритган ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаганди. Бу гал Хитойга ҳарбий бокс терма жамоамиз деярли иккинчи таркиб билан йўл олди. Натижалар ҳам шунга яраша бўлмоқда.

Мусобақанинг дастлабки куни беш нафар боксчимиз жанг қилди. Жаҳонгир Расулов (-64 кг) ҳиндистонлик Кумар Сандипни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Осиё чемпиони Нодиржон Мирзааҳмедов (-49 кг) кутилмаганда бразилиялик Силва Роналдога 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Шундан сўнг рингга кўтарилган уч нафар чармқўлқоп устамизнинг барчаси ғалаба қозонди. Аброржон Қодиров (-52 кг) танзаниялик Жорж Мбонабучани 5:0, Шунқор Абдурасулов (-60 кг) ҳиндистонлик Аман Индорани 4:1, Козимбек Мардонов (-81 кг) эса италиялик Лиззи Винчензони 3:2 ҳисобида енгди. -75 кг вазнли боксчимиз Саиджамшид Жафаров венесуэлалик Диего Переирадан устун келди – 5:0.

Иккинчи кун дастури доирасида икки нафар боксчимиз жанг қилди. Жаҳонгир Расулов (-64 кг) қозоғистонлик Дилмурат Мижитовга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Билолбек Мирзараҳимов (-69 кг) эса Танзания вакили Кассим Мбундвикени 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Кейинги куни 4 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Афсуски, 2 нафар боксчимиз мусобақадаги иштирокини якунлади. Аброржон Қодиров (-52 кг) хитойлик Гуо Жангдан, Саиджамшид Жафаров (-75 кг) суриялик Аҳмад Гуосондан мағлуб бўлди. Польшалик Яраслав Ивановни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Абдулҳай Шораҳматов (-56 кг) ва конголик рақибидан устун келган Мадияр Саидраҳимов (-91 кг) эса кейинги босқичга чиқди. Шундай қилиб, мусобақанинг нимчорак финалига беш нафар боксчимиз етиб келди.

Навбатдаги босқичда яна бир вакилимиз мусобақани тарк этди. Аввалига барчаси яхши бошланди, Шунқор Абдурасулов венесуэлалик рақибини техник нокаут эвазига мағлуб этди. Кейин Билолбек Мирзараҳимов тунислик Меҳри Аҳмеддан 5:0 ҳисобида устун келиб, чорак финал йўлланмасига эга бўлди. Таниқли боксчимиз Козимбек Мардонов ҳам испаниялик рақиби Менендес Гомесни таслим қилди. Шундан сўнг Обиджон Тоҳиров (+91 кг) рингга кўтарилди, унга суриялик Муҳаммад Млаийес рақиблик қилди. Биринчи ва иккинчи раундлар Обиджоннинг ғалабаси билан якунига етган эди. Аммо 3-раундда боксчимиз техник нокаут эвазига жангни давом эттира олмади. Нимчорак финал баҳси Мадияр Саидраҳимов учун ҳам анча мураккаб кечди. Унга россиялик Иван Сагаидак рақиблик қилди. Жанг якунида ҳакамларнинг тўрт нафари 30:27 ҳисобини Саидраҳимовнинг фойдасига беришди. Бешинчи ҳакамнинг 29:28 ҳисоби ҳам ҳамюртимиз томонида бўлди ва Мадияр чорак финалга чиқди. Шундай қилиб, 4 нафар боксчимиз медаллар учун курашни давом эттирмоқда.

ТЕННИС

VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг теннис бўйича баҳсларида тўрт нафар вакилимиз қатнашмоқда. Икки нафар теннисчимиз ўз баҳсларини бошлашди. Жўрабек Каримовга хитойлик Жао Жинг рақиблик қилди. Баҳсда ҳамюртимиз 6:2, 6:3 ҳисобида зафар қучиб, чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Теннисчимиз Сергей Фоминга эса ҳиндистонлик Сингҳ Далвуиндер рақиб бўлди ва Фомин 7:5, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

ТАЭКВОНДО ВА ЕНГИЛ АТЛЕТИКА

Таэквондо ва енгил атлетикачиларимиз ҳам баҳсларга киришди. Мутахассислар эътирофига кўра таэквондочиларимиздан юқори натижалар кутсак бўлади. Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада юртимизнинг 16 нафар таэквондочиси қатнашяпти. Улар сафида Мадинабону Маннопова, Нигора Турсунқулова, Ниёз Пўлатов, Дмитрий Шокин, Никита Рафалович каби халқаро майдонда ном қозонган спортчиларимиз ҳам бор.

Шунингдек, Миллий гвардия қошидаги Республика от спорти олий мактаби вакиллари ҳам Ўзбекистон делегацияси таркибида Ухань шаҳрида бўлиб турибди. Юртимиз от спорти тарихида вакилларимиз илк марта Бутунжаҳон армия ўйинларида қатнашмоқда. Ҳарбий спортчилар Олимпиадаси 27 октябрга қадар давом этади.

Расул ЖУМАЕВ

 

 

Информеры