2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЕХНИК-МУҲАНДИСЛАР КУНИ НИШОНЛАНДИ

Бир неча йилдирки, Мудофаа вазирлиги тизимида Қуролланиш ва техник таъминот мутахассислари куни нишонланиб келинмоқда. Мазкур сана муносабати билан Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бў­йича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов, вазирлик масъул офицерлари, Қуролли Кучлар хизматчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Байрам тадбири видеоконференция тарзида ташкил этилиб, уни барча ҳарбий округ, қисм ва муассасалар тўғридан-тўғри кузатиб борди.

Мудофаа вазирлиги муҳандис-техник таъминоти таркиби бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳамда мудофаа вазири томонидан вазирлик, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва бутунлай янги қиёфадаги армияни ташкил этишда катта ҳисса қўшиб келмоқда.

– Сизнинг машаққатли меҳнатингиз, ақл-заковатингиз ва юксак ватанпарварлигингиз эвазига бугун миллий армиямиз дунёда ўз ўрни ва нуфузига эга, – деди тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов. – Бугунги кунда муҳандис-техник таъминоти ҳарбий қисм ва муассасалари ҳамда ҳарбий округлар кўчма таъмирлаш устахоналари, ҳарбий қисмлар гуруҳларида қўшинларда мавжуд бўлган қурол-аслаҳа, ҳарбий техникаларни модернизация қилиш ва шу орқали уларнинг техник хусусиятлари ва имкониятларини оширишда таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Чиндан ҳам миллий армиямизда муҳандис-техникларнинг алоҳида ўрни бор. Шу йилнинг 25-26 май кунлари «Чирчиқ» умумқўшин полигонида «Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмас» шиори остида «TEXNO DISCOVERY – 2019» фестивали ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги қўшинлари муҳандис-техник таъминоти ҳарбий хизматчилари ва Қуролли Кучлар хизматчилари ўзларининг рационализаторлик ишланмалари, инновацион ғоялари ва истиқболли лойиҳалари билан вазирлик бўлинмалари орасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлди.

Байрам тадбирида бир гуруҳ муҳандис-техниклар мудофаа вазирининг буйруғига биноан қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

И. ҚЎЧҚОРОВ

 

Информеры