2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«КЕМБРИЯ ПАТРУЛИ» ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

2019 йилнинг 6 – 21 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасидаги «Кембрия патрули» халқаро танлови ўтказилгани ва унда Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Мудофаа вазирлигида Ватанимизга ёруғ юз билан қайтган ғолибларни тантанали равишда тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда мудофаа вазири генерал-майор Б. Қурбонов сўзга чиқиб, халқаро мусобақада зафар қучган йигитларни муборакбод этди:

– Халқимизда мардлар майдонда синалади, деган ибора бор. «Кембрия патрули» мусобақаси сиз, ўғлонларимиз учун ҳақиқий мардлар майдонида чиниқиш ва маҳорат мактаби бўлди. Мен миллий армиямизда хизмат қилаётган ҳар бир йигит сиздай жасур, довюрак ҳамда ҳар қандай ҳолатда ностандарт қарорлар қабул қила олувчи моҳир ҳарбий хизматчи бўлсин, деб тилак билдираман. Сиз бизнинг ғуруримиз, фахримизсиз. Муваффақиятингизни шунчаки зафар деб эмас, балки буюк ғалаба деб биламан. Истагим, доим илғорлар сафида бўлинг, сиз туфайли Ватанимиз байроғи юксакларда ҳилпирайверсин!

Шундан сўнг халқаро мусобақа иштирокчиларига мудофаа вазирининг буйруғига биноан пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини навбатдан ташқари имтиёзли кредит асосида олиш учун сертификат тақдим этилди.

– «Кембрия патрули» мусобақасида иккинчи йили иштирок этишим. Тўғрисини айтсам, йилдан-йилга тажрибам ошяпти, – дейди майор Сардор Матмуродов. – Унинг бошқа мусобақалардан фарқи, ундаги шартларни икки сутка вақт ичида марш юрган ҳолда бажариш керак бўлади. Масофа 80 км.ни ташкил этади. GPS ишлатиш мумкинмас. Фақат харитага қараб компас ёрдамида ҳаракатланиш талаб қилинади. Йўлимизда учраган ҳар бир майда деталгача кўздан қочирмадик. Чунки бу жиҳат ҳам муваффақият учун хизмат қилишини ўтган йиллардаги иштирокимиз мисолида яхши биламиз. Натижа эса биз кутгандек бўлди. Бугун мудофаа вазири хизматларимизни алоҳида эътироф этганида қалбимда кечган ҳисни сўз билан таърифлаб беролмайман. Мукофотлар, мақтовлар... барибир ёқимли бўларкан. Ўша дамда Ватан ҳимоячиси, деган шарафга сазовор эканлигимдан ғурурландим.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры