2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

САМО САРЛОЧИНЛАРИНИНГ ЖАНГОВАР ШАЙЛИГИ ТЕКШИРИЛДИ

Жанг камдан-кам вазиятларда огоҳлантириш билан бошланади. Кўҳна тарих бир-бирига уруш эълон қилган икки томоннинг ўзаро «ҳурмат»га таяниб иш кўрганини жуда оз кўрган. Шу боис миллий армиямизнинг ҳар қачон, ҳар қандай вазиятга тайёр туриши бугунги куннинг муҳим талабидир. Мана шу жанговар шайлик мамлакатимиз сарҳадлари Фдахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги, фарзандларимиз кулгиси, оналар хотиржамлиги, оталар ҳаловати, тонгимизнинг фараҳбахшлиги-ю, эртанги кунга бўлган ишонч ва умидимизнинг кафолатидир.

Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан таркиб топган комиссия томонидан Тошкент вилоятида жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмларда кенг кўламли ўқув машғулотлари ўтказилди. Комиссия иш режасига мувофиқ, ҳарбий хизматчилар жанговар тайёргарлигининг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш мақсадида синов машғулотлари соат тонгги 6-00 да берилган «Тревога» сигнали билан бошланди.

Зум ўтмай шахсий таркиб тезкор равишда юқори жанговар шайлик ҳолатига келди, биноларни қўриқлаш зудлик билан кучайтирилган босқичга ўтказилди.

Бу каби ўқувлардан кўзланган асосий мақсад ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама текшириш, улар малакасини ошириб боришдир. Мазкур вазифани бажариш учун дастлаб Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан иборат комиссия аъзоларидан турли йўналишлар бўйича назоратчилар гуруҳи тақсимланди. Ҳар қандай касб эгаси бўлишдан қатъи назар инсонда мослашувчанлик кўникмаси, вазиятни тўғри баҳолай олиш маҳорати, керакли асбоб-анжомлар ва иш қуролларининг бўлиши фаолият самарадорлигини таъминлайди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари нафақат чексиз самода, балки қуруқликда ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифани тўла-тўкис адо этиши керак. Зеро, ҳар қандай учув аппарати ҳам ҳаракатни дастлаб ердан, яъни қуруқликдан бошлайди.

Текширув давомида учувчиларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида амалга оширадиган ишлари, қуруқликдаги қўшинларга авиация кўмаги беришдаги вазифалари ҳамда жанговар топшириқларни бажаришда расмийлаштириладиган бошқарув ҳужжатлари текширилди.

Саф кўригида само сарлочинларининг дастлаб махсус либоси, ҳужжатлари, қурол-аслаҳа ва керакли анжомлари бирма-бир кўздан кечирилди. Шундан сўнг учув аппаратларининг жанговар ҳолатга келтирилиши учун буйруқ берилди. Бир зумда М-8, М-24 ҳамда АС-225 жанговар вертолёт ва самолётлари топшириқни бажариш учун шай бўлди. Гуруҳ командирлари томонидан буйруқ берилгач, улар режалаштирилган ҳудуддаги шартли душманни йўқ қилишди.

Ўқув машғулотларининг иккинчи кунида ҳарбий хизматчилар пистолет ва АК-74 автоматидан отиш машқларини бажарди. Мазкур босқич ҳам кутилганидек муваффақиятли адо этилди. Комиссия аъзолари ҳарбий қисм шахсий таркибининг жанговар ҳаракатларини бир лаҳза ҳам эътибордан четда қолдирмай кузатиб борди. Керакли жойда ўз тавсия ва таклифларини билдириб, уларнинг касб маҳорати ортишига ҳисса қўшди.

– Ушбу машғулотлар шахсий таркибнинг жанговар шайлигини оширишдан ташқари руҳий барқарорлигини ҳам таъминлайди, – дейди жанговар транспорт вертолётлар эскадрильяси командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари капитан Нуриддин Самидов. – Боиси, ҳарбий хизматчи ўз зиммасига юклатилган вазифани тўла-тўкис адо этишида унинг психологик ҳолати ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳам жанговар ҳаво кемасини бошқариш, душман снаряд ва ракеталарига чап бериш, ҳам нишонларга қарата аниқ ва ишончли зарба бера олиш бу катта босим остида иш олиб бориш демакдир. Руҳий ҳолати барқарор бўлмаган киши бу топшириқларнинг уддасидан чиқишда қийналади. Шунинг учун мана шундай машғулотлар давомийлиги жуда самаралидир.

Ҳарбий учувчилар шунингдек, машғулотлар давомида хариталар билан ишлаш, турли вазиятларда жанговар топшириқни бажариш бўйича вазифаларни адо этиш борасида синовлардан ўтди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры