2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН ШАЪНИНИ ШАРАФ БИЛАН ҲИМОЯ ЭТГАНЛАР

МУНОСИБ КУТИБ ОЛИНДИ

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Хитой мезбонлик қилган VII Бутунжаҳон армия ўйинларида иштирок этган ҳарбийлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси Мудофаа, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ходимлари, Темурбеклар мактаби ўқувчилари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, спортчиларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик томонидан ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди.

Мудофаа вазирлиги спорт ва жисмоний тайёргарлик бўлими масъул офицерлари подполковник Азиз Ҳайдаров, подполковник Баҳодир Тўхтаназаров, Мудофаа вазирлиги спорт клуби бошлиғи подполковник Мансур Мамадаминов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг бешта турида жами 22 марта ғолиб ва совриндор сифатида шоҳсупага кўтарилди. Саккиз нафар спортчимиз кўрсатган юқори натижа туфайли эса Хитойнинг Ухань шаҳри спорт ареналари узра мамлакатимиз мадҳияси янгради. Дунёнинг 109 та мамлакати вакиллари иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада иштирокчилар 27 та спорт тури бўйича ғолиблик учун ўзаро кураш олиб боришди. Юртимиз ҳарбий спортчилари VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг дзюдо, бокс, таэквондо, теннис ва енгил атлетика бўйича баҳсларида қатнашди ва 8 та олтин, 8 та кумуш, 6 та бронза медални қўлга киритишди. Бу натижа Ўзбекистон термасининг мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида кучли ўнликдан жой олишини таъминлади. Таэквондо беллашувларида жами 10 та медални қўлга киритиб, бу борада барча рақибларини ортда қолдирган ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа ташкилотчилари томонидан махсус кубок билан тақдирланди.

Ҳарбий спортчиларимизни тантанали кутиб олиш маросими ўзига хос кутилмаган таассуротларга бой бўлди. Хитойдан делегациямиз вакиллари билан биргаликда учиб келган хорижлик меҳмонлар беихтиёр аэропортнинг чиқиш эшиклари олдида тўхтаб қолишди ва ташқаридаги манзарани телефонларида суратга ола бошлашди. Фарзанд соғинчи, дийдорлашув туфайли кўзларига ёш қалқиган мунис оналар, ака-укалар ва опа-сингиллар вакилларимиз эришган ютуқни қутлаш учун гулдасталар билан ташриф буюрган, ҳарбий спортчиларимиз ютуқларини «Ўзбекистон! Ўзбекистон!» дея тинимсиз олқишлаётган ёшларимиз ҳайқириғи – буларнинг барча-барчаси ватандошларимиз билан бир қаторда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларни ҳам ҳайратлантиргани аниқ.

VII Бутунжаҳон армия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тантанали кутиб олиш маросимида сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи полковник Ҳусан Ботиров қўлга киритилган натижа билан барчани қутлаб, уларнинг келгуси мусобақаларда бундан-да яхши ютуқларга эришишини тилади. Ўз навбатида мусобақанинг бокс бўйича баҳсларида олтин медалга сазовор бўлган Мадияр Саидраҳимов ва Козимбек Мардонов ҳам ҳарбий спортчиларга яратиб берилаётган шароитлар учун вазирлик маъмуриятига миннатдорчилик билдиришди. Юрт шаънини нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя этиш ҳамиша шараф эканлигини таъкидлашди.

Тантанали кутиб олиш маросими мусобақа ғолиб ва совриндорларининг икки қаватли махсус автобусда пойтахтимиз бўйлаб ғолибона юриши билан якунланди.

Асрор РЎЗИБОЕВ 

Информеры