2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАММАСИ КАМОЛАХОН АЙТГАНИДЕК БЎЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган эди.

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Денов туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, Ватан ҳимоячилари билан учрашди. Уларнинг шарт-шароитлари билан яна бир бор яқиндан танишди. Ўша учрашувда Президентимиз томонидан ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини янада юксалтириш, бахшичилик санъати ва Алпомиш достони ҳамда Термизийлар илмини юрт ҳимоячилари орасида ҳам кенг тарғиб этиш, шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида жойларда ўтказилаётган тадбирларда юрт посбонларининг мунтазам иштирокини таъминлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Шунга кўра, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги қатор мактабларда ижодий учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, тумандаги 222 ва 256-умумтаълим мактабларига Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титути талабаларининг ташрифи амалга оширилди. Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари ҳамроҳлигидаги бу учрашувлар мактаб жамоаси ва ўқувчилар учун ҳақиқий санъат кунига айланди. Боиси, институтнинг халқ бахшичилиги, анъанавий хонандалик, кино ва театр йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўз чиқишлари билан санъатнинг нақадар улуғлигини, унга ошно тутинган киши қалби фақат эзгуликка тўла бўлишини яна бир бор исботлашди.

– Биз шаҳарда туғилиб, шу ерда вояга етяпмиз, – дейди 222-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Камолахон Азимова. – Шу пайтгача халқ амалий чолғу асбоблари ҳақида кўп нарса билмасдик. Бахшичилик асосан воҳада ривожланган. Телевизорда уларни кўрганман: тоғу адирлар қўйнида достон айтишади. Шаҳарда, кўп қаватли бинолар атрофида достон айтилаётганини эса кўрмаганман. Бугун ўша тасаввуримдаги анъана «бузилди». Илк бор достон айтаётган бахши, чанқовуз овозини эшитдим. Бирам хурсандман! Тағин жонли! Биласизми, Тўмарис момоларимиз кўз ўнгимда гавдаланди.

Камолахон айтганидек, учрашувда халқ достонларидан термалар айтилди, чанқовуз садоси бутун мактабни тутди. Эстрада йўналишидаги замонавий ашулаларнинг бахшилар тилидан, улар оҳангида жаранг сочгани эса ўқувчилар учун янгилик бўлиб, илиқ кутиб олинди.

И. НУРАЛИЕВ

 

Информеры