2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ИСТИҚБОЛДАГИ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Қуролли Кучлар давлат музейида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда кенгашнинг минтақавий бўлинмалари томонидан 2019 йилнинг учинчи чорагида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик фикри­ни шакллантириш, Ватанимиз мудофаа қудратини оширишнинг долзарб масалаларини атрофлича ўрганиш, шу асосда тегишли таклиф, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда мана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, халқ ва армия якдиллигини таъминлашдек муҳим вазифаларни бажармоқда. Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида Қуролли Кучлар устидан самарали фуқаролик назорати механизми мукаммал тарзда шаклланиб бораётганлигини кузатиш мумкин. Бу эса Жамоатчилик кенгашининг мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган жўшқин фаолияти мисолида янада ёрқинроқ акс этмоқда. Айниқса, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 август­даги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Концепция ижросини таъминлашдаги фаоллиги эътирофга сазовор. Йиғилиш кун тартибига қўйилган масалалардан бири ҳам айнан шу йўналишда қилинган ишлар таҳлилига бағишланди.

Йиғилишда Мудофаа вазирлиги Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Ф. Шерматов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи полковник Ҳусан Ботиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан Жамоатчилик кенгаши аъзоларига таклиф ва тавсияларини берди.

Йиғилиш якунида берилган таклиф ва тавсия­лардан келиб чиққан ҳолда истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Гулнора МУРОДОВА

 

Информеры