2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲУШТАКНИ КИМ ЧАЛАДИ?

ёхуд Абдулла Қаҳҳорга жавоб

Эл орасида одамни ҳурматга етаклайдиган, унинг фазилатларига олмос кўз бўлиб зеб берадиган сифатлардан бири маданийликдир. Одамда агар шу фазилат бўлмаса, у ҳурматини йўқотиши, эл назаридан қолиши ва субутсизлик сари юз тутиши ҳеч гап эмас. Аммо кишиларнинг маданият тушунчаси борасидаги қарашлари амалда бир-биридан анчайин фарқ қилади. Баъзан қарашлардаги фарқ бир-бирини инкор ҳам этади.

Натижада айримлар томонидан умумэътироф этган маданият тушунчасининг зидди бўлган баъзи ҳодисалар маданиятлилик белгиси сифатида эътироф этилмоқда. Таажжуб: бу тушунча шунчалар мавҳум ва мураккабмики, кишиларнинг бу борадаги қарашлари бир-биридан шунчалар фарқ қилса? Бизнингча, қарашлардаги фарқнинг бу даражада номувофиқлиги маданият тушунчасининг моҳиятини аниқ англамаслик ва унга ёндош бўлган айрим тушунчаларни аралаш тушуниш билан боғлиқ.

Маданийлик илму маърифатли бўлиш ёки кийим-кечак ва ташқи кўринишга, замонавийликка бирмунча боғлиқ, аммо уларга мутлақо асосланувчи тушунча эмас. Маданийлик кўп қиррали тушунча бўлиб, ушбу тушунчаларнинг барчасини ва яна бир қанча тушунчаларни ўзида бирлаштириш билан воқе бўлади.

Модомики, гап маданийлик ва маданиятли инсон тушунчалари ҳақида борар экан, яна бир жиҳатга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Гап бугунги кунда анчайин авж олган она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик ва беписандлик ҳақида бормоқда. Аввало, шуни айтиш керакки, бу мавзуда матбуотда етарли даражада тарғибот-ташвиқот олиб борилмоқда. Аммо шунга қарамай жамоатчиликнинг бу масалага нисбатан эътиборсизлиги ташвишланарли. Жамоатчилик бош қўшмас экан, бу масалада кутилган натижага эришиб бўлмайди. Чунки тил моҳият эътибори билан умумий бўлса-да, унинг оқибати бўлмиш нутқ соф хусусий ҳодиса ҳисобланади. Хусусий ҳодисаларга дахл қилиш борасида эса бир оз андиша ва чекловлар мавжудки, айни шу жиҳат жамоатчиликнинг тилдан ўз билганларича истифода этишига сабаб бўлмоқда.

Шу масалага нисбатан бефарқ бўлмаган бошқа ҳамфикрларим каби мен ҳам бугун кўча-кўйдаги афиша ва рекламаларда урчиб бораётган имловий хатоларга тўхталмоқчи эмасман. Бу бартараф этилиши лозим бўлган ўта муҳим муаммо. Бироқ бугун мен масаланинг моҳиятига, тилнинг табиати билан боғлиқ айрим жиҳатларга ва яна шу масала билан боғлиқ маданият борасидаги айрим нотўғри қарашларга эътибор қаратмоқчиман.

*  *  *

Тил табиатан осонликка интилади ва бизга қандай гапириш қулай бўлса, шундай гапирамиз. Инсон учун адабий тилда гапиришдан кўра ўз шевасида гапиришнинг қулайлиги шундан. Аммо бу эркинлик тилга нисбатан беҳурматлик қилишга изн бермаслиги керак. Миллий тилнинг мавжудлиги ва унга ҳурмат кўрсатиш, умуман, бу ҳодисанинг нима эканлигини тушуниш кишига юксак маънавий қониқиш ҳиссини берадики, буни маданиятлиман, деган киши яхши англайди. Демак, маданият ва миллий тил бир-биридан узоқ тушунчалар эмас экан. Инсоннинг ўз она тилига ҳурмати ва шу тилни қай даражада билиши унинг маданиятидан дарак беради. Маданиятни том маънода тушунган ҳар қандай инсон ўз она тилининг софлиги, унинг жаҳон тиллари орасидаги мавқе-мартабаси, эътирофи ва тантанаси учун ўзини масъул ҳисоблайди. Бундай инсонлар қайси тилда гаплашсалар, ўша тилнинг софлигини сақлайдилар. Уларнинг маданияти тилга ҳурмат ва ундан қай тарзда фойдаланишида намоён бўлади. Аммо бугунги кунда тилимизда анчайин авж олган бир муаммо бор. Бу айрим кишиларнинг ўзбекча гапириб русча, русча гапириб, ўзбекча сўзларни аралаштиришлари билан боғлиқ. Айримлар буни кичик муаммо деб ўйлашлари мумкин. Бироқ бунинг ортида миллий қиёфасизлик масаласи ётганини ўйлаб кўрганмисиз? Аввало, бу ҳодиса ҳар иккала тилни ҳам бузиш ва унинг юзига оёқ қў­йишдан бошқа нарса эмас. Аслида бундай «ямоқчилик»ка на Пушкин ва Лермонтовни шараф аршига кўтарган рус тили, на Навоий ва Бобурни ҳурмат ва эътирофнинг ҳадди аълосига муносиб кўрган ўзбек тили муҳтож эмас. Бу иккала тил ҳам баъзи диди бузуқ маҳмадоналар қўллаётгандек, бирининг «кучи етмай» қолганда, иккинчисининг «ёрдами»га эҳтиёж сезмайди. Иккала тил ҳам ҳар қандай фикрни баён қилиш учун етарли сўз захирасига, ўша фикрни гўзал ва таъсирли ифодалаш учун эса ўз нафосатига эга. Энг ёмони, ўз фикрларини гўёки «ширу шакар» қилиб баён этаётган ўша кишилар бу ишларини замонавийлик, маданият деб тушунишларидир. Бу нотўғри қараш, аслида, моҳият эътибори билан уларнинг фикрларига мутлақо зид бўлиб, маданият эмас, маданиятсизлик белгисидир.

Бир неча хорижий тилларни билиш замонавий дунёда қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бугунги кунда ёшларнинг хорижий тилларда бийрон гап­лашишларини кўриб, уларга ҳавас қиламиз. Аммо бир неча тилларни билиш инсонга фикр­ни ифодалашда ўша тиллардан қориштириб фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Ўзини, миллатини, тилини ва шу билан бир қаторда, ўзга тилларни ҳурмат қилган киши бу каби номақбул ишни ўзига эп кўрмайди.

Икки тилни аралаштириб гаплашишнинг ижтимоий оқибатлари тилнинг табиатига хос қуйидаги ҳодисалар билан боғлиқ: биринчидан, тил онг ва тафаккур билан чамбарчас боғлиқ. Бу икки тушунча бир-бирини тақозо этади ва бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Тафаккур жараёни онгимизда тил элементлари кўринишида кечади. Сўз ва бошқа тил унсурлари тушунча сифатида онгда тафаккур юритиш воситасида намоён бўлади. Бу жараён тил унсурларисиз амалга ошмайди. Аммо ўша тафаккур юритиш жараёни қайси тилда амалга оширилади? Мутахассислар тафаккур юритиш жараёни кишининг она тилида амалга оширилади, деб таъкидлайдилар. Бироқ бизнингча, бу фикр бир оз шубҳали. Сабаби, инсоннинг она тили унга ирсий йўл билан ўтмайди. Тил ижтимоий ҳодиса сифатида ҳаёт давомида ўзлаштириладиган жараёндир. Шундай экан, инсоннинг қайси тилда тили чиқса, у ёшлигидан қайси тилни ўзлаштирса, унинг учун қайси тилда мулоқот қилиш осон бўлса, ўша тилда фикр­лайди, де­йиш тўғрироқ бўлади; иккинчидан, тилдан қанчалик кўп фойдаланилса, унинг имкониятлари янада ошиб, сайқал топиб, ривожланиб бораверади. Эскириш тушунчаси тилга нисбатан тескари ишлайди. Яъни ундан қанчалик кўп фойдаланилса, у бойиб, янгиланиб боради, аксинча, ундан фойдаланилмаса, у эскириб, йўқолиб бораверади. Ер куррасида 6 000 га яқин тил мавжуд бўлиб, шулардан 1 400 таси йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу тилларнинг йўқолиб кетишига шу тил эгаларининг ўзга тилларни ўз тилидан устун қўйиши, ўз она тилларини менсимаганлик­лари, унинг софлиги ва тараққий этиши учун курашмаганликлари сабаб бўлмоқда; учинчидан, тил доимий равишда ўзгариб турадиган ижтимоий ҳодисадир. Бу ўзгаришлар ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Тилдаги ифода имкониятларининг ошиши, лексик сатҳнинг кенгайиши ва адабий тил имкониятларининг мустаҳкамланиши ижобий ҳолат сифатида шу тил эгаларининг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Тил софлигининг бузилиши, вульгаризм ва варваризмларнинг фаоллашуви, адабий тил мавқеининг пасайиши кабилар салбий жиҳатлар бўлиб, бу ҳам шу тил эгаларининг масъулиятсизлиги натижасида содир бўлади. Бунга кучли тилларнинг кучсиз тилларни истило қилиши билан боғлиқ табиий жараённи ҳам қўшсак бўлади. Йўқолиб кетишга маҳкум бўлган тил эгалари мана шу жараёнларни тўғри англамаганликлари ва унга қарши чоралар кўрмаганликлари улардаги миллий тилларнинг маҳв бўлишига сабаб бўлмоқда. Демак, тилнинг доимий мавжуд бўлиши ва ривожланиши учун у доимо фаоллик билан амалда қўлланилиши, бошқа тилларнинг унга салбий таъсирларини бартараф этиш керак бўлади. Тилдаги ҳар қандай жараён, хоҳ у салбий, хоҳ ижобий бўлсин, аста-секинлик билан ўзининг ижтимоий оқибатларини намоён қилади. Худди шунингдек, ўзбек ва рус тилларини қориштириб гаплашиш билан боғлиқ бир қараганда унчалик жиддий кўринмаган муаммо аста-секинлик билан она тилимиз мавқеининг пасайиши, географиясининг торайиши, сўзлашувчилар сонининг камайиши, миллатдошларимизда тилимизнинг нафосати ва гўзаллигини ҳис этмаслик билан боғлиқ янги ижтимоий оқибатларни келтириб чиқаради. Энг ачинарлиси, миллатдошларимиз орасида ўзга тилда тафаккур юритадиган кишиларнинг кўпайишига олиб келади. Уларнинг ўзга тилда тафаккур юритиши эса миллий фожиадир. Инсон тафаккур тарзининг ўзга тилда амалга ошиши бу миллий қиёфанинг йўқолиши сари қўйилган мудҳиш қадам ҳисобланади.

*  *  *

Абдулла Қаҳҳор бир пайтлар ўзбек тили билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирар экан, «Ҳайдовчи қоидани бузса, милиция ходими ҳуштак чалиб жаримага тортади, лекин тилимизни бузиб гапираётганларга нега жарима йўқ? Уларга ҳуштакни ким чалади?» деб ёзган эди. Севимли ёзувчимиз агар ҳаёт бўлганида, мен шундай жавоб берган бўлардим: «Устоз, ўзбек тилига давлат мақоми берилиб, тилимизнинг ҳуқуқий мақоми мус­таҳкамланди, аммо қоидабузарларга ҳамон ҳуштакни ким чалиши масаласи кун тартибидан тушган эмас. Ҳуштакни биз ўзимиз чалмасак, яна ҳам тўғрироғи, миллат олдидаги масъулиятимиз, маданиятимиз ва виждонимиз чалмаса, уни биров келиб чалмайди. Чунки ҳуштак ўзгаларнинг эмас, ўзимизнинг қўлимизда».

*  *  *

Инсоннинг сийратида гўзаллик, сувратида ўша гўзалликка мослик, тийнатида самимийлик ва софлик, табиатида ахлоқий сифатлар бўлиши лозим. Бунга яна тилга нисбатан ҳурмат ҳам қўшилса, бундай сифатга эга инсонларни том маънода маданиятли инсон, дейиш мумкин.

У. ХЎЖАМҚУЛОВ, филология фанлари номзоди,

М. УМИРОВ, захирадаги подполковник

Информеры