2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕН КЎРГАН ҲАҚИҚАТ

Касб тақозоси билан Чилонзор педагогика коллежи спорт майдонига йўлим тушганди. У ерда турли ёшдаги ўғил-қизлар машғулот олдидан мураббий ўгитларини тинглашарди. Уларга разм солганимда бирининг қўлида, бошқасининг оёғида камчилиги сезилади. Баъзиларининг кўзи яхши кўрмаса, баъзилари ўз танасини бошқаришга қийналади.

Ақлий ва жисмоний нуқсони борлигига қарамай, спорт билан шуғулланишга аҳд қилган шижоатли ёшларни кўриб, ўзимдан хижолат бўлдим. Боиси, соғлом таним билан охирги марта қачон жисмоний машқлар бажарганимни эслолмадим-да!..

Тан олиш керак, биз жисмоний имконияти чекланган инсонларга ачиниш нигоҳи билан қараймиз. Ногирон деса, тиланчилик қилиб ўтирган ёки аравачага михланиб қолганлар кўз ўнгимизга келади. Лекин мен кўрган йигит-қизлар футбол, волейбол, ядро ирғитиш, найза улоқтириш, енгил атлетика, қўйингки, спортнинг барча турида машғулотлар олиб борарди.

Ўша куни Ўзбекистон паралимпия ассоциацияси мураббийлари сафида хизмат қилиб келаётган Рашид Сафариевнинг кўзи ожизлар учун мўлжалланган Голбол ўйини ҳақида берган маълумотлари мени қизиқтириб қўйди. Ўйин учун оғирлиги (қизларга 950 г, йигитларга 1,250 г) турлича бўлган, ҳаракатланганда овоз чиқарадиган махсус тўп керак.

Маълум бўлишича, бу спорт тури чет элда оммалашган. Мусобақаларда майдон атрофи қизиқувчи мухлислар билан тўлиб кетади. Жамоаларда уч нафардан ўйинчи бўлади. Улар эни 9 метр, узунлиги 18 метр келадиган майдонда баҳслашадилар. Рақиб тўпни улоқтирганда у овоз чиқаради. Шунга қараб иккинчи томондагилар тўп йўналишини сезади, эшитади ва ўша томонни қўли ёки оёғи билан ёпади. Мақсад – ўз дарвозасига гол ўтказиб юбормаслик. Агар тўп дарвозадан ўтиб кетадиган бўлса, мураббийнинг ҳуштаги чалинади. Голбол нафақат кўзи ожизлар, балки соғлом инсонларни ҳам завқлантирадиган ўйин, шундай эмасми?

 Ҳа-а, мен билган кўзида чўғ, қалбида ўт ёнган йигит-қизлар билан суҳбатлашганингиз сайин ҳаётнинг имкониятлари нақадар чексизлигини тушуна бошлайсиз. Бир жойимиз оғриса, дардимизни достон қиламиз, нолишни бошлаймиз. Лекин кўз ўнгингизда имконияти чекланган боланинг чексиз имкониятлари намоён бўлганида... Йўқ, уларни, чекланган имкониятини чеккага суриб, яхши яшашга, ҳамма қатори бўлишга чиндан интилаётганларни шунчаки кузатиб ўтиролмайсиз.

Мен кўрган ҳақиқат шуки, улар сизу биз тез-тез унутиб қўядиган шукроналикни, кўнгил хотиржамлигини ҳис этарди…

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ

 

Информеры