2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕК «ЗОРРО»СИ ҲАҚИДА ЭШИТГАНМИСИЗ?

Испан киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Зорро ниқоби» фильмини кўрмаган киши кам топилса керак. Яхши киноасар. Яхшилиги шундаки, у доим зулмдан эзилган, ҳаётга бўлган ишонч шамлари милтиллаб турган мазлум халқ дардига даво бўлади. Эвазига бирор нарса талаб қилиш уёқда турсин, ҳатто ўзини танитмайди ҳам.

Энди сарлавҳага келсак. Агар Иккинчи жаҳон уруши ўтган асрда эмас, балки «Зорро ниқоби» фильми воқеалари тасвирланган XVII асрдан илгарироқ бўлганида борми, испаниялик бирор ҳамкасбим «Испан «Казбек»и ҳақида эшитганмисиз?» деб мақола ёзган бўларди. Чунки Иккинчи жаҳон урушида мислсиз жасорат кўрсатган ўзбекнинг мард ўғлони қаҳрамон Мамадали Топволдиев ўз шаънини ҳимоя қилиш билан бирга қанчадан-қанча миллат вакилларига озодлик аталмиш тотли неъматни ҳадя этишда муносиб ҳисса қўшади.

Урушда Мамадали Топволдиев билан бир сафда қон кечган 120 мингдан ортиқ Ўзбекис­тон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги «Слава» ордени билан мукофотланганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Мамадали Топволдиев улар орасида алоҳида ўрин эгаллайди.

У 1919 йилда Фарғона вилояти, Риштон туманидаги Пандигон қишлоғида туғилиб, ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг қосид (почтачи) ва тракторчи бўлиб ишлаган. 1939 йилда ҳарбий хизматга чақирилиб, 130-артиллерия полкида механик-ҳайдовчи бўлиб хизмат қилади.

М. Топволдиев урушнинг дастлабки кунларида душман қуршовига тушиб қолиб, унчалик катта бўлмаган гуруҳ сафига қўшилиб олади. Кругляшина қишлоғига келгач, (1941 йил) кичик партизанлик отряди сафида бўлади. Унинг гуруҳи кейинчалик халқ қасоскорларидан иборат бўлган катта бирлашма бўлган «Чекист» гуруҳига айланди. Бу гуруҳ душман томонидан босиб олинган Шклов, Белинич, Круглянск, Толочинск, Оршанск, Лепельск туманлари ҳудудида жанговар ҳаракатларни амалга оширади.

Мамадали Топволдиев портлатувчилар мактабини тамомлаб, партизанлик бригадасининг 5-разведка бўлинмасини бошқарган. «Чекист» бригадаси душман билан жанг қилиб, маҳаллий аҳолини ўлимдан ва Германияга мажбурий меҳнат учун юборилишдан халос этар эди.

Унинг отряди Минск – Орша, Орша – Могилёв темир йўлларида ҳарбий операциялар олиб борар, душман қўшинини йўқ қилиш борасида ўзига хос жанг қиларди. 1943 йил 23 май куни М. Топволдиев отряди Шкловск туманининг Климовичи, Тавкачи, Авчинечки қишлоқларидаги душман гарнизонларига бирваракайига қақшатқич зарба беради. 1943 йилнинг августида эса Могилёв – Лотва темир йўл участкасида 500 та рельс портлатиб юборилади.

М. Топволдиев барча операцияларда фаол иштирок этиб, кўприклар ва йўлларга қўйилган миналар билан душманнинг 19 та эшелонини йўқ қилади. У душман билан яккама-якка олишувда 76 нафар фашистни ўлдириб, бир нафар немис генералини асирга олган.

У ҳар бир муваффақиятли операциядан сўнг дарахтларга ўз тахаллуси – «Казбек» ёзувини қолдиришни яхши кўрар (Зорронинг «Z» белгиси эсингизга тушиб кетдими?) ва шу орқали ҳам душманни доимо қўрқувда ушлаб турар эди. Ўша пайт гитлерчилар Казбекнинг боши учун 50 минг рейхсмарка пул ваъда қилган эди. Шунинг ўзи ватандошимизнинг неча минг сонли қўшин ичида қанчалик аҳамиятли шахс бўлганини англатиб турибди. Уруш ғалаба билан тугайди ва музаффар қаҳрамонимиз ўз юртига қайтиб келади.

Мамадали Топволдиев урушдан сўнг Риштон туманидаги жамоат хўжаликларидан бирига раҳбарлик қилган. Оила қуриб, тўрт ўғил ва икки қизни вояга етказган.

Унинг жасорати нафақат давлатимиз, балки Беларусь ҳукумати томонидан ҳам доим қадрланиб келинади. «Свитанак» Беларусь миллий маданий маркази ходимлари, М. Топволдиев жасорати билан фашизм зулмидан халос бўлган беларуслик маҳаллий аҳоли вакиллари тез-тез Риштонга ташриф буюриб, қаҳрамон хотирасини ёд этишади. «Свитанак» Беларусь миллий маданий маркази раҳбари С. Дудюкнинг айтишича, Беларусда Мамадали Топволдиевнинг урушда кўрсатган жасорати тилларда достон бўлган, ҳозирда ҳам уни ҳурмат билан ёд этишади.

Беларусь пойтахти Минск шаҳридаги кўчалардан бири унинг номи билан аталиб, қаҳрамонга бюст ўрнатилган. Писерево қишлоғи Топвалдыевка, деб номланган. Круглое туманидаги кўчалардан бирига қаҳрамоннинг номи берилиб, буғдой ўрим-йиғимида илғорлик кўрсатган энг яхши механизаторларга Мамадали Топволдиев номидаги мукофот топширилади. Толочинск туманидаги ўрта мактаб музейида М. Топ­волдиев ҳақида алоҳида бурчак мавжуд.

Меҳмонлар одатга кўра, қаҳрамон яшаб ўтган ҳовли, «Узун кўча» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган Мамадали Топволдиев мемориал музейига боришади. Ўрни келганда айтиб ўтайлик, меҳмонларни мемориал музейга бошлаб келиб, бироз юзингиз қизаради. Чунки музей алоҳида бинога эга эмас. У «Узун кўча» МФЙ биносининг қарийб 40 квадрат метр ўлчамдаги бир хонасига жойлашган. Биз таклиф сифатида шуни айтишимиз мумкинки, Мамадали Топволдиевнинг алоҳида музейини ташкил қилиш керак. Унда, албатта, конференция зали, меҳмонларни муносиб кутиб олиш учун қулай шарт-шароитлар бўлмоғи, замонавий технологиялар билан жиҳозланмоғи лозим. Қолаверса, туман мактаб ўқувчиларига галма-гал тарих фани сабоқлари шу ернинг ўзида ўтилиши ҳам яхши самара беради.

– Шу йил 3 сентябрь куни Мамадали Топ­волдиев таваллудининг 100 йиллигини нишонладик, – дейди «Узун кўча» МФЙ раиси Расулжон Раззоқов. – Беларусдан ҳам кўплаб меҳмонлар келди. Аввалроқ туман ҳокимининг тегишли фармойиши чиққанди. Унда музей таъмири ва моддий-техник базасини яхшилаш кўзда тутилган. Лекин барибир музейнинг алоҳида бинода ташкил этилиши кўпроқ самара беради. Ташриф буюрувчилар сони ҳам ортиб, туризм ривожига ҳисса қўшарди.

Сентябрда бўлиб ўтган юбилейда туман ҳокимлиги ва «Свитанак» Беларусь миллий маданий маркази раҳбарияти билан Мамадали Топволдиев жанг қилган Могилёв вилояти билан маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш, Шклов, Белинич, Круглянск, Толочинск, Оршанск, Лепельск туманлари вакилларининг Риштон туманига, Мамадали Топволдиевнинг фарзандлари ва унинг сафдош­ларини Беларусь Республикасига ташрифларини ташкил этиш, Риштон тумани ҳокимлиги ва Могилёв вилояти туманлари давлат маъмуриятларининг замонавий технологиялар, туризмни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, Беларусь Республикаси расмий вакиллари иштирокида Мамадали Топволдиевнинг 100 йиллиги муносабати билан келгуси йилда катта хотира тадбирини ташкил этишга ҳам келишиб олинди. Мана шунинг ўзи ҳам биз бераётган таклиф қанчалик ўринли эканини билдиради. Чунки агар келгуси йил Беларусь Республикаси расмий вакиллари (бу камида Беларусь бош вазирининг маданият вазири ҳамроҳлигидаги ташрифи дегани) келадиган бўлса, бунга муносиб тайёргарлик кўриш керак. Қолаверса, бу эзгу амал униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тарихий ҳақиқатни тўла-тўкис етказиш, уларни миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры