2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁ МИҚЁСИДА ТЎҚҚИЗИНЧИ

VII Бутунжаҳон армия ўйинларида

Хитойнинг Ухань шаҳри мезбонлик қилган VII Бутунжаҳон армия ўйинлари якунланди. Унда дунёнинг 109 та мамлакати вакиллари иштирок этиб, 27 та спорт тури бўйича ғолиблик учун ўзаро кураш олиб боришди. Юртимиз ҳарбий спортчилари ушбу йирик мусобақанинг дзюдо, бокс, таэквондо, теннис ва енгил атлетика бўйича баҳсларида қатнашиб, 8 та олтин, 8 та кумуш, 6 та бронза, жами 22 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 9-поғонадан жой олди.

Юртимиз ҳарбий спортчилари бундан 12 йил олдин Ҳиндистонда ўтказилган IV Бутунжаҳон армия ўйинларининг бешта спорт тури бўйича баҳсларида қатнашиб, 5 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медални қўлга киритган ҳамда умумжамоа ҳисобида 101 давлат ўртасида 7-ўринни эгаллаганди. Албатта, бу жуда юқори натижа. Бу сафар ҳам ҳарбий спортчиларимиз ушбу йирик мусобақанинг бешта тури бўйича баҳсларида иштирок этди. Қизиғи, бу сафар медалларимиз кўпроқ бўлди, аммо умумий якунда 9-ўрин. 2007 йили боксчиларимиз IV Бутунжаҳон армия ўйинларининг 4 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган бўлса, бу сафар таэквондочиларимиз VII Бутунжаҳон армия ўйинларида 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида энг юқори поғонадан жой олди.

ДЗЮДО

VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг дзюдо бўйича беллашувлари хусусида аввал хабар берган эдик. Дунёнинг 57 давлатидан жами 350 нафар (232 эркак, 118 аёл) ҳарбий спортчи иштирокида кечган баҳсларда юртимизнинг 4 нафар аёл, 8 нафар эркак, жами 12 нафар дзюдочиси қатнашди. Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг 2 тадан олтин, кумуш ва бронза, жами 6 та медалини қўлга киритди. Бундан 12 йил олдин дзюдочиларимиз IV Бутунжаҳон армия ўйинларининг биттадан олтин, кумуш ва бронза, жами 3 та медалига эгалик қилишганди, бу сафар аввалгисидан икки баравар юксак натижа қайд этилди.

БОКС

Ҳарбий бокс терма жамоамиз Бутунжаҳон армия ўйинларига иккинчи таркибда борди, яъни яқинда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашиб, терма жамоамизнинг дунё миқёсида 1-ўринни эгаллашига катта ҳисса қўшган етакчи чармқўлқоп усталаримизга дам берилди ва Хитойдаги натижалар ҳам шунга яраша бўлди.

Ухань шаҳрига боксчиларимиз мураббийлар Илёс Раҳимжонов ва Уйғун Сиддиқов етакчилигида қуйидаги таркибда борди: Нодир Мирзааҳмедов (-49 кг), Аброр Қодиров (-52 кг), Абдулҳай Шораҳматов (-56 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг), Жаҳонгир Расулов (-64 кг), Билолбек Мирзараҳимов (-69 кг), Саиджамшид Жаъфаров (-75 кг), Козимбек Мардонов (-81 кг), Мадияр Саидраҳимов (-91 кг) ва Обиджон Тоҳиров (+91 кг). Ушбу чармқўлқоп усталаримиздан 4 нафари VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг финалига қадар етиб борди ва олтин медаль учун жанг қилди. Ҳал қилувчи баҳсда Козимбек Мардонов Миср терма жамоаси аъзоси Ораби Абдулраҳмонни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Мадияр Саидраҳимов эса қозоғистонлик Абзал Қуттибековга қарши рингга чиқди ва 1-раунддаёқ рақибини нокаутга учратди. Шунқор Абдурасулов ҳамда Билолбек Мирзараҳимов эса финал баҳсида рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди ва кумуш медаль билан кифояланишди. Боксчиларимиз VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг 2 та олтин ва 2 та кумуш медалига эгалик қилишди.

ТЕННИС

Теннис бўйича баҳсларда 4 нафар вакилимиз қатнашди – Сабина Шарипова, Ясмина Каримжонова, Жўрабек Каримов, Сергей Фомин. Улар орасида Шарипова учун баҳслар муваффақиятлироқ бўлди. Сабина яккалик баҳслари финалида хитойлик рақибаси Хинюн Ханга 1:6, 7:6, 0:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медалга эга чиқди. Шарипова жуфтлик баҳсларида Ясмина Каримжонова билан биргаликда қатнашиб, яна совриндор бўлди. Бронза медаль учун баҳсда теннисчиларимиз польшалик рақибалари – Зузанна Вилк/Марта Лесняк жуфтлигини 6:0, 6:2 ҳисобида мағлуб этишди.

Эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларда қатнашган Сергей Фомин ҳам Хитойдан совриндор бўлиб қайтиши мумкин эди. Бироқ у бронза медаль учун кечган баҳсда ҳиндис­тонлик Шрирам Балажига 2:6, 3:6 ҳисобида ютқазиб қўйди.

ТАЭКВОНДО

VII Бутунжаҳон армия ўйинларида юртимизнинг 16 нафар таэквондочиси қатнашди. Тўрт кун давом этган баҳслар мобайнида 10 нафар таэквондочимиз шоҳсупага кўтарилди. Аёл таэквондочиларимиз мусобақада муваффақиятлироқ қатнашишди – қўлга киритилган 10 та медалнинг 6 таси уларга тегишли бўлди, эркаклар 4 та медалга эгалик қилишди.

Аёллар ўртасидаги мусобақанинг ўз вазн тоифалари бўйича баҳслари якунида вакилларимиздан Мадинабону Маннопова (-49 кг), Чарос Қаюмова (-53 кг), Светлана Осипова (+73 кг) олтин, Динорахон Мамадибрагимова (-57 кг) ва Нигора Турсунқулова (-67 кг) кумуш, Феруза Содиқова (-62 кг) бронза медални қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги баҳслар якунида ҳамюртларимиздан Улуғбек Рашитов (-58 кг) олтин, Сардор Тоиров (-68 кг) кумуш, Отабек Турғунбеков (-54 кг) ва Ниёз Пўлатов (-63 кг) бронза медалга сазовор бўлди. Энг муҳими, таэквондо мусобақаларида 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза, жами 10 та медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди!

ЕНГИЛ АТЛЕТИКА

Ухань шаҳрига бир неча номдор енгил атлетикачиларимиз ҳам борган эди. VII Бутунжаҳон армия ўйинлари улар учун омадсиз якунланди. Вакилларимиздан Надья Дўсанова медаллар учун курашишга яқин борди. Бироқ финал баҳслари ҳамюртимиз учун муваффақиятсиз якунланди.

Шундай қилиб, Хитойнинг Ухань шаҳри мезбонлик қилган, дунёнинг 109 та мамлакати вакиллари иштирок этган 27 та спорт тури бўйича ғолиблик учун ўзаро кураш олиб борилган мусобақанинг фақат дзюдо, бокс, таэквондо, теннис ва енгил атлетика бўйича баҳсларида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси VII Бутунжаҳон армия ўйинларининг 8 та олтин, 8 та кумуш, 6 та бронза, жами 22 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 9-поғонадан жой олди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры