2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«КАТТА ДУБУЛҒА»ДАН ҲАМ СОВРИН БИЛАН

БАА пойтахти Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича «Катта Дубулға» туркумига кирувчи йирик мусобақа бўлиб ўтди. Унда юртимиз дзюдочилари ҳам қатнашди ва иккита совринга эгалик қилишди, улардан бири MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзосига тегишли бўлди.

«Катта Дубулға» турнири «Токио – 2020» Олимпиадаси йўлланмаси учун қимматли рейтинг очколари улашиши билан ҳам аҳамиятли эди, яъни ғолиблар ўз ҳисобларига 1 000 рейтинг очкосини қўшиб қўйишса, кумуш медаль соҳиблари 700, бронза медални қўлга киритганлар 500 рейтинг очкосига эга бўлишарди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси деярли тўлиқ таркибда иштирок этди, аниқроғи, эркак­лар барча, аёллар эса учта вазн тоифасида татамига чиқишди.

Турнирнинг биринчи куни фақат бир нафар спортчимиз муваффақиятли беллашди. Мусобақадаги ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлаган MVSK аъзоси Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) дастлаб туркиялик Михрач Аккушни, сўнг голландиялик Торнике Цакадоеани, чорак финалда эса ушбу вазн тоифаси бўйича етакчи дзюдочи саналган россиялик Роберт Мшвидобадзени мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Финалга чиқиш баҳсида эса Диёрбек франциялик рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медаль учун кечган курашда MVSK аъзоси бразилиялик Фелипе Пелимни муддатидан аввал, аниқроғи, 28 сониядаёқ курагини ерга теккизиб, мағлуб этди. Шу тариқа Рио Олимпиадаси совриндори Диёрбек Ўрозбоев «Катта Дубулға» турнирининг бронза медалини қўлга киритиш билан бирга Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун 500 рейтинг очкосини ҳам ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

VII Бутунжаҳон армия ўйинларида ғолиб чиқиб, Хитойдан шошилинч равишда БААга йўл олган ҳамюртимиз Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг) илк давра учрашувида албаниялик Жон Вренозини мағлубиятга учратди. Лекин барибир йўл юриш билан боғлиқ ташвиш ва муаммолар таъсири нафақат Ҳикматуллоҳда, шунингдек, Ўзбекистондан Хитойга, Хитойдан БААга борган армиямизнинг бошқа дзюдочилари (Сардор Нуриллаев, Давлат Бобонов, Муҳаммадкарим Хуррамов, Шерали Жўраев, Бекмурод Олтибоев, Диёра Келдиёрова, Гулноза Матниязова) беллашувларида ҳам сезилди. Натижада Ҳикматуллоҳ финалга қадар муваффақиятли етиб бора олмади ва «Катта Дубулға» турнирининг бронза медали ҳамда 500 рейтинг очкосини қўлга киритди. Унинг бронза медаль учун кечган баҳсдаги рақиби Олимпиада ўйинлари совриндори Дирк Ван Тичельт бўлди. Ҳикматуллоҳ тажрибали ва номдор рақибини вазари баҳоси эвазига енгди.

– 81 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Камолиддин Расулов бронза медаль учун кечган ўтиш беллашувида германиялик Доминик Ресселга ютқазиб қўйди ва Абу-Даби турнирида 7-ўринни эгаллаб, ўз ҳисобига қимматли 260 рейтинг очкосини ёзиб қўйди. Шу тариқа, «Катта Дубулға» турнирини дзюдочиларимиз 2 та бронза медаль билан якунлашди.

Аввал хабар берган эдик, ушбу турнир олдидан дзюдо бўйича терма жамоамиз асосини ташкил этувчи ҳарбий спортчилар Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтказилган VII Бутунжаҳон армия ўйинларида қатнашиб, 2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритишган ва умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олишганди. Хитойдан «Катта Дубулға» турнирига жўнаб кетган дзюдочиларимиз БААдан юртимизга қайтиб келишди. Мусобақаларда муносиб қатнашганлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида юртимиз спорт жамоатчилиги ва журналистлар томонидан тантанали равишда кутиб олинди. Дзюдочиларнинг муваффақияти спорт жамоатчилиги томонидан улуғланди ва янада улкан зафарлар сари чорланди, эсдалик учун суратлар олинди, совғалар улашилди.

Р. ЭРМУҲАММАД

 

Информеры