2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОФИЦЕРЛАРДАН СОВҒА ОЛГАН БОЛАЖОНЛАР

Болажонларнинг кулгисичалик самимий табассум бўлмаса керак. Айниқса, совға олган кичкинтойларнинг қувончи чексиз бўлади. Пойтахтимиздаги 507-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳарбий хизматчилар болаларга турли хил ўқув қуроллари, ўйинчоқлар тортиқ қилишди.

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қурилиш ва эксплуатацияси институтининг ҳарбий кафедраси масъул офицерлари ташкил этган мазкур тадбирдан мақсад, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш, боғча тарбияланувчилари дилида ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини камол топтириш, иқтидорли кичкинтойларни рағбатлантиришдан иборат.

Тадбир давомида ҳарбий кафедра талабалари ука-сингилларига қўшиқлар, Ватан ҳақида шеърлар ижро этиб берган бўлса, боғча тарбияланувчилари ҳам ўз навбатида меҳмонларга рақс ва чет тиллардаги шеърлардан айтиб беришди.

– Бугунги учрашув ҳар жиҳатдан самимий ва файзли ўтди, – дейди  Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қурилиш ва эксплуатацияси институтининг ҳарбий кафедраси бошлиғи подполковник Ихтиёр Саидов. – Шеър айтиш, расм чизиш, рақс каби йўналишларда тенгдошларига ўрнак бўлган болажонларга кафедрамиз томонидан китоблар, ўйинчоқлар ҳадя этдик. Нигоҳлари порлаб турган бу дилбандларимиз эртага юртимизнинг муносиб авлодлари бўлишига ишонамиз.

– Бугун боғчамизга аскар акаларимиз келишди, – дейди Камронбек Олимов. – Чиройли расм чизганим учун менга қалам ва китоблар совға қилишди. Катта бўлсам, мен ҳам акаларимга ўхшаб ҳарбий бўламан.

Наргиза АСАДОВА 

Информеры