2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИГА САЁҲАТ

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона, Самарқанд ва Урганч «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейлари ўқувчиларининг тарихий обидалар, музейлар, зиёратгоҳлар ҳамда диққатга сазовор жойларга мунтазам саёҳатлафри уюштирилмоқда. Улар учун илк бор Тошкент шаҳридаги Президент мактабига уюштирилган экскурсия таассуротларга бой бўлди.

Пойтахтимиздаги Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари бўлажак ҳарбийларга ҳамроҳлик қилган ҳолдаф, уларни жаҳон стандартлари даражасида барпо этилган замонавий таълим муассасаси билан яқиндан таништирди. Жумладан, ушбу масканда таълим олиш учун яратилган шароит, имконият ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

– Мактабимизда она тили ва адабиёт, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, Ватан туйғуси, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, дунё динлари тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари сингари фанлар ўзбек, бундан ташқари аксарият фанлар инглиз тилида ўқитилади, – дейди Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Меҳринисо Шаймардонова. – Шунингдек, 18 нафар маҳаллий мураббий билан бир қаторда 11 нафар хорижлик мутахассис таълим муассасамиз ўқувчиларига фан сирларини астойдил ўргатяпти. Шуни таъкидлаш жоизки, Президент мактабида ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани орқали ҳарбий-ватанпарварлик руҳида вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Президент мактаби ўқувчилари билан инглиз тилида осон мулоқотга киришдим, – дейди Самарқанд «Темурбеклар мактаби» ўқувчиси Нурмамат Эшпўлатов. – Бу ерда ўзбек ва жаҳон адабиётлари билан тўлдирилган муҳташам кутубхона, юқори технологиялар асосида жиҳозланган компьютер синфлари, тўрт маҳал овқатланишга мўлжалланган алоҳида ошхона, барча зарур инвентарлар билан таъминланган спорт зали, сузиш ҳавзаси, шинам ётоқхона ўқувчилар ихтиёрида экан. Ўз навбатида, биз ҳам уларни «Темурбеклар мактаби» фаолияти билан танишиш учун таклиф этдик.

Шу куни ёшлар Президент мактабига саёҳатни сермазмун ўтказди ва бир-бирлари билан ўзаро фикр алмашиб, келажакдаги орзулари ҳақида сўзлаб берди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ 

Информеры