2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«ДЎСТЛИК – 2019» ТАКТИК ЎҚУВЛАРИ

ўзбек ва ҳинд ҳарбийларини чиниқтирмоқда

Мудофаа вазирлигининг «Чирчиқ» умумқўшин полигонида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги «Дўстлик – 2019» тактик ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Дастлаб меҳмонлар дала-ўқув майдони инфратузилмаси, бу ерда бўлинмалар учун яратилган шароитлар, шахсий таркиб учун ташкил этилган қулайликлар ва ўқув машғулотлари ўтказиладиган жойлар билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш керакки, ушбу машғулотлар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиб, ҳарбий хизматчилар учун ўзаро тажриба алмашиш имкониятини бериши билан аҳамиятлидир.

– Назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олган «Дўстлик – 2019» тактик ўқувлари уч босқичда ўтказилмоқда, – дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари подполковник Шокир Тоиров. – Даставвал бўлинмалар юқори жанговар шайликка келтирилади. Навбатдаги босқичда белгиланган ҳудудга чиқиб, ноқонуний қуролланган бўлинмаларни қидириб топади, якунда уларни яксон қилиш режалаштирилган. Охирги босқичда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида жанговар отиш ҳам кўзда тутилган. Ўқув режасига асосан, икки мамлакат Қуролли Кучларининг ўқотар қуроллари қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, юқори савияда ташкил этилган «Дўстлик – 2019» ҳамкорликдаги тактик ўқувлар жорий йилнинг 14 ноябрига қадар давом этади. Бу ҳақда келгуси сонларимизда батафсил танишасиз.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

Информеры