2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН МУДОФАА ВАЗИРЛАРИ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингх бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Тадбир доирасида минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият муҳокама қилиниб, халқаро тинчликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликларга аҳамият қаратилди.

Музокаралар давомида олий ҳафрбий таълим муассасаларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш ва соҳа сифатини янада мустаҳкамлаш юзасидан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кенг қамровли мулоқотдан сўнг Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюрди.

Улар академия тарихи музейи ва ўқув-моддий базаси, шунингдек, яратилган шароитлар, инфратузилма ҳамда ўқув-тарбиявий жараён билан танишди. Қуролли Кучлар академияси ва Ҳиндистон Мудофаа бошқарув коллежи ўртасида ўрнатилган видеоконференц-алоқа ушбу ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди.

Икки давлат мудофаа вазирлари ҳамда илмий-педагогик кадрларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борган мулоқотлари ҳамкорликни ривожлантиришнинг, ҳарбий таълим, илм соҳасида тажриба ва ахборот алмашувининг кенг имкониятларини кўрсатди.

Ташриф доирасида Ҳиндистон ҳарбий делегациясининг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил қилиниб, меҳмонлар қўҳна кентнинг диққатга сазовор тарихий қадамжолари, нодир осори-атиқаларимиз билан танишдилар.

А. НОРҚУЛОВ

 

Информеры