2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МУСАФФО ОСМОН»: НИШОНЛАР ЙЎҚ ҚИЛИНДИ!

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги қўшинлар Марказий Осиё геосиёсий муҳитида барқарор ўрин эгаллабгина қолмай, нафақат территориал, балки минтақадаги тинчликни таъминлашга ҳам хизмат қиладиган янги имкониятлар поғоналаридан юқориламоқда.

Бу нуфузли мавқе, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат мудофаа тизимини тобора мустаҳкамлаш, қўшинларни барча зарур техникалар билан таъминлаб бориш сиёсати асосида, энг муҳими, ҳарбий хизматчиларнинг дала-ўқув машғулотларида мунтазам равишда кечаётган жанговар ўқувлари, аср қурол-аслаҳаларидан истифода этишда ўзлаштираётган тажрибалари негизида мукаммал шакл топаётир.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлинма шахсий таркиби жанговар тайёргарлик ўқув режасига кўра Марказий ҳарбий округнинг Навоий вилоятида жойлашган «Қулқудуқ» ҳаво-ер полигонида ўтказган «Мусаффо осмон» тактик-ўқув машғулоти мобайнида Ўзбекистон ҳаво сарҳадлари ишончли қўлларда эканини яққол исботлади. Қўйилган жанговар вазифа: яқин ва узоқ масофа нишонларни уриб туширишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуаларидан жанговар отиш орқали шартли душман учоғини яксон қилиш.

Шу мақсадда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округдан марш давомида шахсий таркиб муайян оралиқ вақтлар мобайнида жанговар техникаларни техник назорат кўригидан ўтказиш, уларга ёнилғи қуйиш, шунингдек, халқаро ва магистрал йўллар, шаҳар ҳамда аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ҳаракатланиш чоғида барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда «Қулқудуқ» ҳаво-ер полигонига келиб ўрнашди.

Ҳарбий хизматчилар «Қулқудуқ» полигонида жанговар техникаларни белгиланган тартибда хавфсиз, функционал позицияларга жойлаштирди. Юқори қўмондонлик ўртасида ва ички тартибда ўзаро алоқа ўрнатилди. «Осмон ҳимоячилари»нинг мазкур жанговар ўқув-машғулотда қўйилган вазифани аъло даражада бажариши учун барча зарур моддий-техник воситалар таъминоти ташкиллаштирилиб, тиббий хизмат пункти жорий этилди.

Тошкент ҳамда Марказий ҳарбий округга қарашли – ушбу тактик-ўқув машғулотга таркибий жиҳатдан алоқадор ҳарбий қисмлар бўлинмалари ҳам жалб қилинди...

Ҳаво-ер ракетаси, жанговар отиш қурилмаси, кўп функцияли радар, нишонларни аниқлаш ва кузатиш станцияси, бошқарув ва қўмондонлик пункти ҳамда техник фойдаланиш воситалари (транспорт юклаш машиналари ва бошқалар)дан иборат жанговар қурол ва техникалар узоқ масофадаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуасининг таркибий қисмлари бўлиб, ҳарбий хизматчилар ўқув-машғулот чоғида ушбу комплексдан аъло даражада аниқликда фойдалана олишини намойиш этди.

«Мусаффо осмон» тактик-ўқув машғулотларининг кульминацион қисмини бевосита кузатиш ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг янги имкониятларига баҳо бериш мақсадида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва мудофаа вазири ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурҳонов «Қулқудуқ» ҳаво-ер полигонига ташриф буюрди.

Жанговар шай ҳолатга келтирилган зенит-ракета мажмуалари ишга туширилди: дастлаб, ҳарбий авиация орқали яқин масофадаги нишон ҳавога қўйиб юборилди. Жанговар отиш бўйича масъул офицер подполковник Раҳматулло Султонов, жанговар ҳисоб бошлиғи майор Абдураҳимжон Акбаров, йўналтирувчи офицер катта лейтенант Нозим Амруллаев ҳамда разведкачи офицер катта лейтенант Нуршод Насруллаев ҳаводаги жисм ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда ракетани жанговар ҳолатга келтириб, уни нишонга йўналтирди. Нишон қисқа вақт ичида бехато уриб туширилди, шундан сўнг узоқ масофадаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуаси ўз «иш»ини бошлади! Ҳавога шартли душман – учувчисиз учиш аппарати учирилди.

Командир подполковник Баҳром Шарифхонов, қуршовга олиш офицери капитан Зоҳиджон Ортиқов, бошқарув ва қўмондонлик автоматик иш жойи офицери капитан Фахриддин Қудратов, ҳаво вазияти автоматик иш жойи офицери капитан Равшан Розиқов, автоматик қидирув иш жойи оператори сержант Фаррух Холиқулов ҳамда кузатув автоматик иш жойи оператори сержант Соҳиб Мамаюсуповдан иборат шахсий таркиб бошқарув ва қўмондонлик пунктида узоқ масофадаги нишоннинг оралиқ масофаси, ҳаракати ва тезлигини аниқлаб, кузатувга олди. Сўнгра юқори қўмондонликнинг «Нишон йўқ қилинсин!» буйруғига биноан ҳаво-ер ракетаси жанговар отиш ҳолатида нишон томонга йўналиш олди. Саноқли сонияларда шартли душман учиш аппарати йўқ қилинди.

Қўйилган жанговар вазифа аъло даражада бажарилди.

Мазкур тактик-ўқув машғулот якунида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов осмонимиз ҳимоячиларининг жанговар шайлигига юқори баҳо бериб, уларга миннатдорлик билдирди. Келгусида ташкил этиладиган тактик-ўқув машғулотларда бу каби замонавий қуролларни қўллаш орқали қўшинларнинг мудофаа қобилиятини ошириб бориш зарур эканини таъкидлади.

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры