2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭНГ КАТТА ПОЛИГОН

фойдаланишга топширилди

Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки полигонда ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалий синовдан ўтказади. Шу боис Ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлиги ошишида, жанговар шайлигининг ривож топишида полигонларнинг ўрни муҳим.

Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округ ҳудудидаги замонавий талаблар асосида янгидан барпо этилган «Каттақўрғон» дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди. Ушбу ҳарбий округ полигонининг очилиш маросимида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўмондони полковник Ойбек Саидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Нуроний жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, резервдаги ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчи-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тантанали маросимда сўз олган мудофаа вазири дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга ўзининг самимий миннатдорлигини билдирди. Албатта, бу каби полигонлар юртимиз ҳимояси учун бел боғлаган асл ўғлонлар учун малака ва тажриба орттириш майдони бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг полигон қурилишида ўзининг ватанпарварлиги, юртсеварлигини кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мудофаа вазири томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Очилиш маросимидан кейин мудофаа вазири генерал-майор Б. Қурбонов бошчилигида замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар тураржойлари кўздан кечирилди. Аскар ва офицерлар ошхонаси кўздан кечирилаётган паллада унинг бугунги кунда шаҳар марказларида урф бўлган «Миллий таомлар»дан кам эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Полигон инфратузилмасидан сўнг навбат дала-ўқув майдонини назардан ўтказишга келди. Ўзбекистондаги энг катта полигон чиндан ҳам дунё стандартларига тўла-тўкис жавоб беради. Унда бир вақтнинг ўзида барча турдаги жанговар техникаларни қўллаган ҳолда ўқув машғулотарини олиб бориш имконияти яратилган. Шунинг ўзи ҳам унинг бошқа полигонлардан алоҳида ажралиб туришини кўрсатади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

Информеры