2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙ ҚИСМДА ТАНТАНА

Тошкент вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий қисм ташкил топган кун муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий қисм шахсий таркиби, истеъфодаги фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, ўқувчилар, санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ҳарбий қисм йиллар давомида синовлар, заҳматлар, жасорат ва ғалабалардан иборат улуғ йўлни босиб ўтганига шубҳа йўқ. Тадбир аввалида байрам иштирокчиларига тақдим этилган видеоролик ҳарбий қисм тарихидан сўзловчи шонли йўлни намойиш этди.

Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳлари, Афғонистондаги жангу жадаллар, мустақиллигимизни асраш йўлида Сариосиё ва Узун туманларида халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар, Андижон воқеалари... Буларнинг барчаси  ҳарбий қисм ҳаётида ўчмас из қолдирган. Шахсий таркибнинг бугунги кунда эришган ютуқлари эса фахрли ва салмоқли.

Тўйга тўёна билан, деганларидек, байрам тантанасига ташриф буюрган ҳар бир меҳмоннинг ўз дил истаги – табриги бор. Шу сабаб, тадбирда дастлаб Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмиддинова сўз олди. Эзгу тилаклар давомида ҳокимият томонидан ҳарбий қисмда хизмат қилаётган хотин-қизларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Шундан сўнг Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари шахсий таркибни қутлади. Тантанада бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар, фахрий ёрлиқ ҳамда мукофотлар топширилди.

Йиғилишда сўз олган халқ депутатлари Тошкент вилояти, Қибрай туман кенгаши вакили Ким Виталий, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси истеъфодаги полковник Наврўз Давлатов ва бир қатор меҳмонлар илиқ тилаклар билдиришди.

Қувончли кунлар куй-қўшиқлар билан янада файзли кечади. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонанда ва раққосалари, республикамиздаги бир қатор санъат дасталари иштирокидаги куй-қўшиқ ҳамда жозибадор рақслар дилларга шодлик улашди.

Зулфия ЮНУСОВА

Информеры