2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

CАЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРҒИБОТИ

Сайловлар фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли сифатида уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим тадбир саналади. Маълумки, 2019 йил 22 декабрь куни юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтказилади.

Яъни шу куни юртдошларимиз, хусусан, ҳарбий хизматчилар муҳим сиёсий жараёнда иштирок этишади. Шу муносабат билан Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида «Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги» доирасида тадбир бўлиб ўтди. Ҳарбийлар ва Қуролли Кучлар хизматчиларининг сайловга оид ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котибияти сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича ўқув маркази бошлиғи, юридик фанлар номзоди, профессор Шуҳрат Файзиев ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот бошқармаси бош маслаҳатчиси Низомиддин Эрназаров иштирок этди.

Сўзга чиққанлар сайлов қонунчилиги ҳақида маълумот берар экан, мазкур сиёсий тадбирни Конституция ҳамда қонунлар, умум­эътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ эканлигини таъкидлашди. Сайлов тизими, бу борада амалда татбиқ этилаётган янгиликлар, сайловни ўтказиш ҳамда овоз бериш тартиби, ушбу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида тўхталишди.

Шунингдек, Тошкент ҳарбий округидаги десантчилар ҳарбий қисмида ҳам «Мен шахсан ўзим овоз бераман!» мавзуида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда ҳарбий қисм шахсий таркиби, депутатлар иштирок этди. Маърузаларда айни вақтда юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, фуқаролар сайлов ҳуқуқи кафолатлари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда сайлов комиссияларининг тутган ўрни, овоз бериш (муддатидан олдин овоз бериш)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартиб-таомиллари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры