2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАОЛ ҲАРБИЙ ҚИСМ МИСОЛИДА

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Фарғона вилоятида жойлашган ҳарбий қисмида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳарбий қисмга кириб борганимизда, ҳудуддаги гўзал манзарадан илҳомланиб сурат чизаётган ўқувчи ёшлар ва муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат рассомчилик тўгараги аъзолари эътиборимизни тортди. Бу болалар орасида мазкур қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар катта сержант Илёс Мамажонов ва подполковник Пўлат Абдураҳимовнинг фарзандлари ҳам бор экан.

Ҳарбий қисм клубида эса мусиқа тўгараги аъзолари – подполковник Сирожиддин Ҳошимхўжаев, майор Нурилло Ортиқов ва бошқа ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари миллий чолғу асбобларида барчамизга маълум «Тановар» куйини жўрликда ижро этмоқда эдилар.

Бизга ҳамроҳлик қилган кичик сержант Анвар Акбаров ҳарбий қисмда қўл жанги, муай-тай, бокс ва бошқа спорт турлари бўйича тўгараклар ҳам фаолият юритаётганини айтиб қолди. Тўгарак аъзолари – сержант Нодир Мусаев ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Солижон Аҳмедовнинг фарзандлари республика миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётганини алоҳида фахр билан таъкидлади. Бундан ташқари, ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида самарали ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик.

Ҳарбий қисм ҳудудида ташкил этилган тикув цехи ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Муҳими шундаки, бу ерда ўндан ортиқ ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоқлари фаолият олиб бормоқдалар. Сафаримиз давомида «Беш ташаббус – беш имконият» шиори остида амалга оширилаётган мазкур тадбирлар ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда маънавий-маърифий савиясини янада оширишга хизмат қилаётганига амин бўлдик.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари

қўмондонлиги матбуот хизмати

 

Информеры