2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОФИЦЕРДАН ПУЛ ​ОЛМАГАН ҲАЙДОВЧИ

– Бой ота, боғда ўрик пишибди.

– Ҳм, иннан кейин-чи?

– Иннан кейин, териш керак.

– Териш керак, ҳм, иннан кейин-чи?

– Иннан кейин... билмадим, бой ота.

– Билмайсан?! Билиш керак!..

– Энди билдим, ейиш керак!

Атоқли ёзувчи Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари асосида суратга олинган кинофильм халқ орасида жуда машҳур бўлиб, ундаги ҳар бир сўз ўзига хос иборага айланиб улгургани бежиз эмас. Зеро, ўзбек халқининг ўтмиши, миллатнинг орзу-армонларини рўй-рост кўрсатиб берувчи мазкур кинокартинанинг энг муваффақиятли образи бу Қоравойдир.

Бугунги суҳбатдошимиз ана шу роли билан барчанинг севимли санъаткорига айланган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурайим Абдуваҳобов.

– Тошкент шаҳрининг Гуручариқ маҳалласида туғилиб ўсганман, – дейди суҳбатдошимиз. – Очиғи, авлодимизда санъаткор бўлмаган. Бир мен отилиб чиққанман шекилли-да. Болалигимда ўқитувчиларимга: «Катта бўлсам, артист бўламан», деб жавоб берарканман. Худо ярлақагани шу-да, қарангки, 13 ёшимда илк ролим – Қоравой образини ижро этиш насиб этган. У пайтлари режиссёр Мираббос Мирзааҳмедовнинг тўгарагига қатнаб юрардим. Санъатни жуда яхши кўрардим. Киносиновни эшитдим-у, ўзимни синаб кўрай, деб чопқиллаб бордим. Бир минг икки юз бола суҳбатдан ўтди, дейишади. Ундан ҳам кўп бўлгандир. Лекин омад менга кулиб боққанини қаранг-да! Тўлагина бола эдим. Тумтайиб туришим, қорароқлигим тўғри келгандир-да. Ўсмирлигимни шундай қилиб тарихий фильмга муҳрладим. Мухлислар ҳозиргача шу ролим орқали танишади, бундан фақат хурсанд бўламан.

1985 йили институтни битирган пайтимда ҳарбий хизматга чақирув қоғози келган. У пайтлари узоқ юртларга бориб хизмат қилинарди. Мен Россиянинг Владивосток шаҳрига бориб тушганман. Ўша ерда ҳарбий шаҳарча бор экан. Армия ҳаётига кўникишим қийин кечган, дея олмайман. Рус тилини билганим учун ҳам ҳамма билан тил топишиб кетишим осон бўлган. Ёшлигимда ҳам дўмбоққина йигит бўлганман. Армияга боришдан олдин 52 ўлчамдаги кийимларни кийган бўлсам, хизматдан сўнг ўлчамим 46 га тушиб қолган. Ўша пайтларда ҳам вазним 100 кг.дан ортиқ бўлган-да, ҳамма эрталабки 8 да сафга чиқиб югурса, командиримиз менга ўхшаш аскарларни соат 6 дан уйғотарди. Айтмоқчиманки, армия кишини ҳар жиҳатдан тоблаб, тартиб-интизомга мослаштириб қўяркан. Ихчам йигит бўлиб уйга қайтганимда кўпчилик ҳатто танимай қолган.

Олти ойдан кейин Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига келганмиз. Бу ер ҳарқалай Ватанимизга яқин, қолаверса, ўзбеклар кўп бўлгани учун у қадар қийинчилик бўлмаган. Ғайрат деган дўстим бор эди. Ҳозир ҳам у билан кўришиб турамиз. Шу оғайним билан командирларимизга ўзбекча ош дамлаб берганмиз. Жамбилнинг бозорига тушсак (у пайтлар бир-икки фильмларда тушиб, кўзга кўриниб қолгандим), сотувчи онахонлар таниб, бунинг устига аскар деб сийлаб, ошнинг масаллиқларини текинга беришган. Таом тайёрлашни яхши кўрардим. Кейинчалик «Лаззат» кўрсатувида ана шу ошпазлигим қўл келган.

Бугун укаларимиз, фарзандларимиз ўзимизнинг юртимизда хизмат қиляпти. Бу жуда катта бахт, менимча. Мусофирликнинг қийинчиликларини озми-кўпми татиган инсон сифатида биламанки, замон ёшларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Кўплаб образлар яратган бўлсам, шулардан бири «Сардор-3»да ҳайдовчи образини яратганман. Биласизми, ўзи жуда кичкина роль, лекин тоши оғир, салмоғи катта. Машинасига офицер чиқиб, то ҳарбий қисмгача иккаласи суҳбатлашиб кетади. Кичкина диалогдан иборат ролимда ҳайдовчи қиёфасида халқнинг Ватан ҳимоячиларига бўлган меҳри, ҳурмати акс этади. Сюжети ҳам қизиқ, балки эсларсиз. Ҳарбий либоси ўзига ярашиб турган офицер билан гурунглашиб кетаркан, йўл адоғида ҳайдовчига йўлкира узатади. Ҳайдовчининг эса жаҳли чиқиб кетади. Юрт тинчлигини ҳимоялаётган офицердан пул олишга ҳайдовчининг ори келади. Бор-йўғи шу. Аммо ғоя шуки, тинчликни асраётган инсон бу – халқнинг боласи. Инсон ўз боласига қилган хизматини баҳоламайди. Ҳайдовчи эса халқнинг бир вакили.

Яқинда Қирғизистонга ижодий сафарга бориб келдик. Чегарадаги ҳарбий укаларимизни кўриб, ҳавас қилдим. Мағрур, синчков. Улар бор экан, она юртга ёғий келолмайди. Биз ҳам жон-дилимиз билан халқимизга санъатимиз орқали хизмат қилаверамиз.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.

Информеры