2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕК ЖАНГЧИСИГА ТАН БЕРГАН МАРШАЛ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Қизил Ўзбекистон» газетасининг Иккинчи жаҳон уруши йилларида чоп этилган тахламларини кўздан кечирдим. Эътиборимни газетанинг 1945 йил 31 январда 21-сонида (6190) чоп этилган бир материал тортди. Унинг иккинчи саҳифасидаги мақолага «Қизил Ўзбекистон редакциясига» сарлавҳаси қўйилган. Муаллифлар 2-Украина фронти қўшинлари қўмондони Совет Иттифоқи маршали Р. Малиновский ва 2-Украина фронти ҳарбий советининг аъзоси генерал-лейтенант М. Стахурский экан. Бу юқори мартабали ҳарбийлар Ўзбекистоннинг энг нуфузли газетасига нима ёзишган, қандай мактуб йўллашган? Мана шу қизиқиш билан материални синчиклаб ўқий бошладим. Яхшиси, сизни ҳам ўша тарихий материал матни билан таништирсам.

«Ҳурматли ўртоқ муҳаррир!

Ўзбек халқининг, Совет Иттифоқидаги рус, украин, беларусь ва бошқа халқларнинг фарзандлари билан бир қаторда, немис-фашист босқинчиларга қарши қаҳрамонларча жанг қилаётган ўғил-қизлар ҳам Ватанимизнинг тарихига шонли саҳифалар ёздилар. Қўшинларнинг турли сафларида ва бизнинг фронтимизда ўзбек жангчилари, сержантлари ва офицерлари мардлик ҳамда жасурлик, Ватанга садоқат намуналарини кўрсатмоқдалар.

Ўзбек халқининг совет қуролини шон-шарафларга қоплаган фарзандларидан, ботир ва қаҳрамон жангчилардан бири фронтимизнинг тўпчи-наводкачиси младший сержант, «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» Абдусаттор Раҳимовдир. У коммунист деган улуғ номни шараф билан оқламоқда. Младший сержант Раҳимов жангларда қўрқмасдир, у жонажон Москвамизни мардона ҳимоя қилди, бутун Украина бўйлаб шонли жанговар йўлни босиб ўтди. Абдусаттор Руминия, Венгрия территориясида душманга қарши қаҳрамонларча олишди, ҳозир эса немис-фашист босқинчиларни Чехословакия тупроғида қириб ташламоқда.

Младший сержант Раҳимовнинг ҳисобида юзлаб ўлдирилган гитлерчилар, кўп замбарак ва автомашиналар, танклар ва бронетранспортёрлар бор. Раҳимов жангларда уч марта ярадор бўлди. Ватандошингизнинг кўксини тўрт орден ва уч медаль, шу жумладан Ленин ордени ва «Олтин Юлдуз» медали, «Қизил Байроқ» ордени ва иккита «Ватан уруши» ордени безатиб турибди.

Ўзбек халқи серқуёш Ўзбекистоннинг баҳодирларини – ўз жангчилари, сержантлари ва офицерларининг қаҳрамонона курашини билиши керак. Фронтнинг ҳарбий совети сиздан, барча кучи, билими ва маҳоратини Ватанимизнинг шарафи, озодлиги ва мустақиллиги учун фидо қилаётган «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» младший сержант Абдусаттор Раҳимовнинг жанговар шавкатини газетангизнинг ўқувчиларига ва бутун халққа етказишингизни илтимос қилади.

Ўзбек халқи ўзининг содиқ фарзанди билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Абдусаттор Раҳимовнинг шонли ишлари Ўзбекистоннинг колхозчиларини, ишчиларини ва меҳнаткаш интеллигенциясини фронтга бундан кейин ҳам ёрдам беришга, буюк Ватанимизнинг шон-шарафи учун янги меҳнат зафарларига илҳомлантирсин».

2-Украина фронти қўшинлари қўмондони

Совет Иттифоқи маршали Р. МАЛИНОВСКИЙ.

2-Украина фронти ҳарбий советининг аъзоси

генерал-лейтенант М. СТАХУРСКИЙ.

Ҳаракатдаги армия. 1945 йил 8 январь.

Шўро мафкураси юритган сиёсатни қўллаб-қувватлаш учун бундай механизмлардан унумли фойдаланишган. Қаҳрамонлар ясалган, жасорати бўрттирилган. Қаҳрамонликни тараннум этиш, халқни руҳлантириш, партия иши тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиш, жамоатчилик фикрини шаклллантириш газеталарнинг ҳам асосий вазифаси этиб белгиланган. Аммо ҳақиқат шундаки, бу ўринда ўзбек ўғлони жасоратига тан беришган. Сизнингча, маршал, генераллар бир оддий ўзбек ўғлони, кичик сержант унвонидаги ҳарбий хизматчи ҳақида материал қоралаши тасодифми? Бундай ўйламаймиз. Негаки, газетанинг1 ўша саҳифасида берилган муаллиф катта лейтенант С. Телькуновнинг «Ботир Раҳимов» сарлавҳали мақоласи фикримизни тасдиқлайди. Яъни ўзбекнинг қаҳрамон фарзанди кичик сержант Абдусаттор Раҳимов жасорати ҳақида бошқа миллат вакили материал тайёрлаб, «Қизил Ўзбекистон» газетаси таҳририятига йўллаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг навбатдаги, яъни 1945 йил 11 февраль сонида2 қаҳрамон йигит ҳақида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» Абдусаттор Раҳимов ўз Ватанида» сарлавҳали материал ҳам чоп этилган. Унда маълум бўлишича, мард ўғлон таҳририятда журналистлар билан учрашган. Бу хусусда берилган хабарда «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» Абдусаттор Раҳимов журналистларга ўзбек йигитларининг Ватан уруши фронтида кўрсатаётган мардлик ва қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилиб берди. У айниқса, Совет Иттифоқи маршали ўртоқ Малиновс­кий билан учрашуви ва қилган суҳбати тўғрисида тўлқинланиб сўзлади», дейилади.

Наманганлик бу ўғлон тимсолида иттифоқ маршали аждодларимиздан мерос мардлик, жасоратга тан берган, аслида.

Алижон САФАРОВ, Ўзбекистон журналистика

ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси

 

1 «Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1945 йил 31 январь, 21-сон, 2-бет.

2 «Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1945 йил 11 февраль, 29-сон, 1-бет.

 

 

Информеры