2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ФАРҒОНА «ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ» ҒОЛИБ

Қуролли Кучлар академиясида куч тузилмаларига қарашли ҳарбий академик лицей ва мактаб ўқувчилари ўртасида илк бор «Темурбеклар» мусобақаси ўтказилди.

Ёшларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, улар ўртасида буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш, тизимдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида ташкил этилган беллашувда 18 та жамоа иштирок этди.

Қизғин ва баҳс-мунозарага бой ўтган беллашувда жамоалар сафда қўшиқ айтиб юриш тайёргарлиги, АКМ автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, автомат ва пистолетдан ўқ отиш, 3 км масофага кросс югуриш, ахборот-коммуникация технологияси ва «Темур тузуклари» билимдони шартлари бўйича ўзаро куч синашди.

Беллашувда иштирок этган ҳар бир жамоа ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилди. Уларнинг мусобақага пухта тайёргарлик кўриб келгани шартларни бажаришдаги фаоллигида ҳам кўзга яққол ташланди.

Якуний натижалар умумлаштирилди ва кучли учлик аниқланди. Унга кўра, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги Фарғона «Темурбеклар мактаби» жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Ички ишлар вазирлигига қарашли Фарғона академик лицейи жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин Миллий гвардия тасарруфидаги Тошкент «Темурбеклар мактаби» жамоасига насиб этди.

Гулнора МУРОДОВА

Информеры