2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖЎРАБЕК ЖАҲОНГА ​ТАНИЛМОҚДА

Бундан роппа-роса бир йил олдин Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ спорт взводи спортчиси шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Жўрабек Қобилов ҳақида газетамизда «Алпомишлар ҳозир ҳам бор» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Ўтган вақт мобайнида қаҳрамонимиз ўз устида ишлашни канда қилмади, тинимсиз шуғулланди. Натижа эса шунга монанд.

2017 ЙИЛ:

Комбат-айкидо бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида 1-ўрин.

Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин.

Ушу бўйича Ўзбекистон чемпионатида 3-ўрин.

Қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўрин.

2018 ЙИЛ:

Универсал жанг бўйича республика очиқ чемпионатида

2-ўрин.

Самбо ва жанговар самбо бўйича Ўзбекистон

чемпионатида 3-ўрин.

Жиу-житсу бўйича Тошкент шаҳар очиқ турнирида 1-ўрин.

Универсал жанг бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида профессионаллар ўртасида 2-ўрин.

Қўл жанги бўйича Фарғона шаҳар очиқ турнирида 3-ўрин.

Жиу-житсу бўйича республика биринчилигида 85 кг вазн тоифасида 1-ўрин ва Осиё ўйинларига йўлланма.

Универсал жанг бўйича Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин.

Натижалар ўсяпти

Сўзимиз бошида аввалги мақолани бежиз ёдга олмадик. Боиси, ўша даврда Жўрабекнинг спортда қайд этган натижалари Ўзбекистон чемпионатлари билангина чекланган бўлса, ҳозирда халқаро миқёсдаги катта ареналарда ғалаба нашидасини суриб, юртимиз байроғини баландлатяпти.

Чунончи, Жўрабекнинг спортда эришган натижаларига назар солсангиз, унинг бир нечта спорт тури бўйича чиниққанига амин бўласиз.

Ҳарбий спортчи юқоридаги ютуқлар билан чекланиб қолмади. 2019 йилнинг 4-5 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида ўтказилган Шарқ яккакурашлари бўйича бутунжаҳон жанг санъати ўйинларида иқтидорли спортчимиз Жўрабек Қобиловнинг номи ғолиблар рўйхатидан жой олди. Самбо, миллий кураш сингари спорт турлари бўйича саксондан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашган беллашувда ҳамюртимиз 82 килограмм вазн тоифасида гиламга тушиб, якунда 3-ўринни эгаллади. Ушбу нуфузли мусобақада у жанговар самбо бўйича шоҳсупага кўтарилиб, бронза медални қўлга киритди (Ушбу мусобақада Ички ишлар вазирлиги махсус отряди вакили шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Ҳамид Отажонов 90 килограммдан ортиқ вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлди).

1-давра баҳсларида мексикалик ва таиландлик рақибларини енгган Жўрабек 2-даврада Украина ҳамда Марокаш вакиллари устидан ғалаба қозонди. Фақат ярим финалга келиб, мезбон давлат спортчисига имкониятни қўлдан бой бериб қўйди. Айтиш керакки, бунга қадар у жанговар самбо бўйича 2017 йил 7-8 ноябрь кунлари Сочи (Россия Федерацияси) шаҳрида, 2018 йил 7-8 ноябрь кунлари Бухарест (Руминия) шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатларида ҳам муносиб иштирок этган. Ушбу орттирилаётган тажрибалар келгусида Олимпиада ўйинларида шоҳсупа чўққисини эгаллашда пойдевор вазифасини ўтайди.

Спортчининг мураббийлари

Универсал жанг бўйича 5 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати совриндори Жўрабек Қобилов эришган муваффақиятларда устозларининг ҳиссаси салмоқли.

Устозлари – Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийи, миллий кураш бўйича мамлакат чемпиони Намоз Назаров, самбо бўйича жаҳон чемпиони Мурод Назаров Жўрабекнинг илк бор эгнига спорт либосини кийиб, кураш «алиф»ини ўрганишига сабабчи бўлган. Шу тариқа катта-кичик беллашувларда гиламга тушган курашчи ҳозирги вақтда ҳарбий хизмат билан биргаликда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг самбо бўйича мураббийи Фарҳод Жўраев, қўл жанги бўйича мураббийи Ботир Раҳмонов, Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК)нинг самбо бўйича мураббийи Абдушукур Тўхтапўлатов, МВСКнинг жиу-житсу бўйича мураббийи Мурод Авлоқуловдан спорт сир-синоатларини ўрганиб, маҳоратини оширмоқда. Шунингдек, самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи, халқаро тоифадаги ҳакам, спорт устаси Ислом Обидов ҳам ундан амалий маслаҳатларини аямайди. Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Ж. Қобилов 2016 йилдан бери самбо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

– Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ спорт взводида мунтазам машғулотлар олиб бориш учун барча қулай шароитлар яратилган. Бунга алоҳида эътибор қаратаётган ҳарбий округимиз қўмондонлигидан миннатдорман, – дейди қаҳрамонимиз. – Мақсадим, Олимпиада ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида юртимиз байроғини баланд кўтариш.

Д. РЎЗИҚУЛОВ

 

 

Информеры