2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОЙ ШУЪЛАСИ

Жиззахда қайсидир ҳарбий қисмнинг олдида анча вақт туриб қолдик. Вазирликдан келган опа ичкаридан чиқавермади. Кеч тушиб қолди.  Баркашдек ой кўча бошидан кўтарила бошлади. Машинада ўтиравериб, зерикдим. Тушиб атрофни кузатган бўлдим. Нарироқда бизга ҳамроҳлик қилаётган офицер ўзи билан ўзи гаплашаётгандек нари бориб бери келарди.

Олдига борсаммикан, ноқулай-да, опа оғзидан бол томиб, «ўртоқ полковник самимий, дилкаш инсон», деб роса мақтаганди. Ўртоқ полковник… шунақа расмий мурожаатга ҳеч тилим келишмади-келишмади-да. Оддийгина қилиб, Бахтиёр ака, десам обрўйига путур етармиди? Ўзи бу одам нега бирпасда ўзгариб қолди? Опа ҳам тезроқ чиқа қолмади-ей… Бетоқат бўлаётганимни сезгандек, у мен томон оғир қадамлар билан кела бошлади.

– Айрим нарсалар ёдимга тушиб кетди, – деди овозида аллақандай ҳазинлик билан. У ҳозиргина келган томонига қараб турарди. Яна шу томонга юрди, бир нарсани кўрсатмоқчи бўлса керак, деб ортидан эргашдим. Кичиккина ариқ ёқасида тўхтадик.

– Шу ерда хизмат қилганман, – деб боши билан ҳарбий қисм томон ишора қилди. – Баъзан ижара уйга аёлим билан бирга қайтардик. Қандай яхши дамлар эди. Бир куни шу ариқчадан ҳатлайман деб йиқилиб тушди. Қотиб-қотиб кулдим… бечора, ўшанда жони оғригандир, мен бўлсам кулаверибман. Жуда кулгили йиқилганди…

Кулгили воқеа бўлса, унинг овози нега бунчалар қайғули? Шу пайт эркакнинг кўзларидан оққан йирик икки томчи ёш ой шуъласида ялтироқ из солиб иягида тўхтаб қолди. Шошиб кафти билан юзини сидирар экан, овози титраб деди:

– У бебаҳо аёл эди…

Инобат НОДИРШОҲ

 

Информеры