2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

СОҒИНЧ

(қатра)

Куз офтобини ёқтираман. Айниқса, зах хонадан ташқарига чиқсангиз, қуёш нурлари бирам майин, бирам ёқимли эркалайди. Бошингизни кўтариб, кўзларингизни юмиб, офтобга юзингизни бир муддат тутиб туринг-а. Ҳузурбахш ҳарорат бутун танангизга ёйилади. Афсус, бундай туришга вақт йўқ. Дунё ташвишларига қул бўлиб, ғанимат дамлардан баҳра олмай, фурсатни бой бераётганимизни сезмаймиз.

Эрталаб таҳририят ходимлари деярли бир вақтда келади. Эшикни очиб, офтоб нурларига тўлган хонамга кирдим. Иш столимни наридан-бери тартибга келтириб, ҳамкасбим, кўп йиллик қадрдоним Зулфия опанинг овозини эшитиб, саломлашгани хонасига бўйладим.

– Келинг, – деди опа одатдаги очиқ чеҳралик билан.

Ҳол-аҳвол сўрашдик. Бу хона анча ёруғ. Қирқ йилнинг нари-берисида хизмат қилиб келаётган эски ғариллоқ кондиционерлар шу хонага келганда тугаб қолган. Ўшанга дераза ойналари бус-бутун, эрталабки қуёш нурлари мўл-кўл ёғилади. Ундан-бундан гаплашдик. Опанинг юз ифодаларида бир яхши гапни айтиш тараддуди сезиляпти. Кўп кутмадим.

– Акангизни туш кўрибман, – деди кўзлари ажиб қувонч-ла ёлқинланиб. – Айвонда ўтирган эмишман. Ҳайдар ака қаердандир шошиб кириб келдилар. Ҳаяжонланиб, севиниб кетибман. Қувониб, уларга интиляпман, ҳаяжоннинг зўридан ўтириб қолибман. Улар ҳам шодланиб, «мен келдим», деб менга интиляптилар. «Нега узоқ қолиб кетдингиз?» деб сўрасам, «Мен келдим, саккиз ойда келдим», дедилар. «Йўқ, бир йилдан ҳам ошиб кетди… Хайрият, юриб кетибсиз», деб бағриларига бошимни қўйиб, шунақа севинибман. Шундай яхши туш…

Опанинг кўзларида оғир жудоликдан сўнг қарийб икки йилдан бери кўрмаётганим – қувончдан хона ёришдими, қуёш нурлари бугун мўлроқмиди ё офтоб нурлари опанинг чиройли кўзларидан узилолмай қорачиқларида тўхтаб қолдими, билолмадим. Билганим – ўлим муҳаббат қаршисида ҳеч экан!

Инобат НОДИРШОҲ

Информеры