2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЭНГ ЯХШИ КИТОБ

Йўлнинг олислиги шу лаҳзаларда билинди. Жувон касалхонага кириб келганида вақт пешиндан оғган эди. Ҳамшира қаршисида узун-узун киприкларига ёш илиниб турган кўҳликкина аёлга негадир «мумкин эмас», дея олмади. Уни ичкарига киритиб, оқ халатни тутқизди-да, узун коридор эшигини беркитди.

У палата эшиги қаршисида бошини эгганича бир муддат тўхтаб қолди. Эшикни билинтирмай очиб, ичкарига қадам ташлади. Муолажалардан кейин онаси ухлаб ётарди. Оёқ учида юриб, стулни унга яқин суриб ўтирди. Ёстиқ остидан ярми кўриниб турган китобини таниди. Онаси уни бошдан-оёқ ўқиб, ёд олиб қўйганди. Касалхонага ҳам кўтариб келибди, ҳаммага мақтаниб чиққан бўлса керак. Кулимсирамоқчи бўлган лаблари титраб кетди.

Қизиқ, онамнинг сочлари қачон бунчалик оқарди экан-а? Уйқусида ҳам юзларини ҳорғинлик тарк этмабди. Жувон йиллар изи тарам-тарам акс этган қўлини қўлларига олиб, силагиси келди. Уйғониб қолмасин деб ўзини тийди. Онасига термилганича хаёлларга эрк берди.

…Ўқишга кирганида ҳаммадан ҳам кўпроқ онаси севинди. «Контракт» эканлигини эшитиб, отаси ўша заҳоти, «ўқимайди», деб узил-кесил жавоб берди. Аёл Лоладан кўз узмай ўтирган эди. Қизининг мунғайиб қолганини кўриб, дадиллик билан эрига қарши гапирди:

– Йўқ, қизим ўқийди, шартнома пулини ўзим топаман!

– Ўқитувчининг ойлиги нимага ҳам етарди? Қўлингдан келмайдиган иш учун чиранмасанг-чи! Қизинг ўқиб, шаҳар олиб берармиди?

– Ўқитувчиликни ташлаб, савдо қиламан. Мана, кўрасиз, қизим катта шоир бўлади. Ўшанда ҳозирги гапингиз учун уялиб қоласиз.

Қизнинг кўзлари севинчдан чарақлади. У ўқийди, катта шаҳарда таҳсил олиб, катта шоир бўлади. Қувониб онасини қучоқлади.

У севимли касби – ўқитувчиликни ташлаб, савдо қила бошлади. Бозорда балиқ сотарди. Ҳафта охирида балиқларини сотиб, қизи турган «дом» ҳовлисига келиб, пастдан Лола дея чақирар, қиз ва дугоналари овозини эшитиб, унинг истиқболига елиб-югуриб тушардилар. Она… у тўлиб-тошиб келарди. Ҳовлидаги деҳқончиликлардан, мева-чевалар, нон тўла зилдай сумкалар билан келарди. Хонага чиққанидан кейин қизлар уларни қолдириб, чиқиб кетардилар. Она балиқдан тушган пулларни стол устига ташлар ва қизига: «Ҳафтага етадиган пулни олиб, қолганини санаб, тахлаб қўй, мен бирпас жойингда ётиб дам олай, кейин бирга чой ичамиз», дерди. Лола чарчаб, ётиб қолган онасига завқ билан қараб қўйганича ҳамма нарсани жой-жойига қўярди.

Она саҳар туриб, яна йўлга отланганида бутун шаҳар уйқуда бўларди. У қизини безовта қилмаслик учун сассизгина чиқиб кетишга ҳаракат қиларди. Бироқ унинг юк ортадиган аравачаси «хиёнаткорона» ғилдираб, қизни уйғотарди. Лола деразани очиб, энгашганича оғир аравасини судраб кетаётган онаси ортидан термилиб қоларди. Қизга тонг қоронғисида ўзини кузатиб қўйишига йўл қўймасди: катта шаҳар, одам оласи ичида бўлса.

Бу ҳол ҳар ҳафта такрорланарди.  Онаси олиб келган ҳамма-ҳамма нарсадан балиқ ҳиди келарди. Мевалар, сабзавотлар, нон, пуллар, ҳавода ҳам балиқ ҳиди эди. Онасидан эса анчадан бери атирнинг ҳиди келмасди. Эркакларникидек дағаллашган, бақувват қўлларига бу ҳид сингиб кетган эди.

Жувон ортиқ ўзини тутиб туролмади. Онасининг қўлларига лабларини авайлаб босди. Кўзлари жиққа ёшга тўлди. Йўқ, онасининг қўлларидан балиқнинг ҳиди келмасди. Бироқ бу қўллар энди қуруқшаган, жуда заиф эди.

– Лолажон, – деган қадрдон овозни эшитиб, бошини кўтарди. – Қизим, бу ерда нима қиляпсан?

– Онажон, жоним онам, кечиринг, мени ўқитиш учун ўзингизни ўтга-чўққа урмаганингизда эди… – у ёғини гапира олмади.

– Лолам, Лолажоним, шоир қизим, гўзал қизим, бебаҳоим менинг, онанг қўлидан келган ишни қилди-да. Ҳеч қачон қийналганим йўқ. Шундай ўйлаб қийналаётганингни билсам, менда жон қоладими? Бу гапингдан хафа бўламан. Ҳар қандай одам ҳам касал бўлади. Ундан кейин кексалик ҳам шунақа бошланса керак… Мени қўй, ўзингдан гапир, набираларим, куёвимдан гапир, янги китобинг чиқай деб қолдими?

– Онажон…

– Кўз ёшингни арт, яхшиси, ёзган шеърларингдан ўқи, дардларимга малҳам шеърлар айт…

– Сиз менинг энг яхши шеърим, китобим… – деди шивирлаб ва ойнадан олис-олисларга термилиб, ўқий бошлади:

Ногаҳон бурилсам, вақт қўйиб берса,

Танимай турмасми болалик хонам.

Наҳот, бир умр пичирлаб ўтсам,

Кўзларига боқиб, бечора онам!

 

Инобат НОДИРШОҲ

 

Информеры