2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БИР НУҚТАДА ТУТАШГАН ИККИ ОЛАМ

Буюк шахсларнинг дунёқараши, ёзган асарлари асрлар оша янги-янги қирраларини намоён этиб бораверади. Гарчи улар Ер куррасининг турли томонларида, бошқа ижтимоий шароитда, ўзга динга мансуб бўлсалар-да, инсоният орзу қилган жамиятни, озод, ҳур ва обод Ватанни бунёд этишни ният қилганлар.

Булар сирасига Гомер ва Данте, Шекспир ва Бальзак, Тагор ва Лу Син каби сўз санъаткорларини киритиш мумкин. Уларнинг асарлари, қарашларидаги муштарак жиҳатлар олимлар томонидан тўлиқ ўрганилиши, глобал дунёнинг турли эътиқодлар, қарама-қаршилик авж олган замонида яна бир карра кўздан кечирилиши жоиз, деб ўйлаймиз.

Тарихан «реформация», «уйғониш», «ренессанс» деб аталган даврда икки хил эътиқод, ижтимоий тузум, дунёқараш бир нуқтада бирлашади.

XV – XVI аср буюк сиймоларидан икки нафари – ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ва инглиз гуманисти Томас Мор дунёқарашига назар ташлайлик.

Бири Шарқда, бири Ғарбда туриб инсоният ҳаётининг ёрқин йўлларини очиб бердилар, кишиларнинг бахтли, озод ва обод Ватанни қандай қуриши кераклиги ҳақида башорат қилдилар.

Томас Мор ҳам Алишер Навоий каби бир нечта тилларни мукаммал билган, Навоий бош вазир бўлгани каби Томас Мор ҳам қирол саройида муҳрдор-лордканцлер лавозимида хизмат қилиб, парламентга сайланган. Қиролнинг ҳарбий харажатларини кўпайтириш ҳақидаги қарорига қарши турганлиги сабабли Генрих VII билан ўртасида зиддият пайдо бўлди, унинг таъқибига (Навоийнинг Астрободга сургун қилинишини эсланг) учради.

Томас Мор давлат ишларидан четлатилган бўлса-да, ижодини давом эттирди. Мамлакатдаги адолатсизликлар, зулм ва зўравонлик, ҳақсизлик ва бебошлик уни бир қатор ҳажвий асарлар ёзишга ундади.

Давлат қандай бўлмоғи керак? Халқнинг фаровонлиги, обод, озод ва ҳур Ватан қуриш тамойиллари нимада?

Турфа саволлар ёзувчини узоқ ўйлантирди, шу аснода янги йўналишдаги асар – «Утопия» дунёга келди ва ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Муаллиф Анг­лиядаги ижтимоий тартиблар ҳақида фикр юритар экан, «Утопия» оролини кашф этади. Романда денгизчи – сайёҳ Рафаил Гитлодей шундай орол-мамлакат борлиги, у ерда хусусий мулкчилик йўқлиги, барча бойликлар халққа тегишлилиги, давлат демократик сайловлар орқали бошқарилиши, пул муомаласи йўқлиги, ҳунармандчилик ривожлангани, шаҳарлик аҳоли навбат билан қишлоққа бориб меҳнат қилиши, қишлоқдагилар эса шаҳарга бориб ишлаши натижасида фуқаролар фаровон яшаши ҳикоя қилинади.

Морнинг юқорида ижтимоий-сиёсий ва давлатни бошқариш ҳақидаги қарашлари Алишер Навоийнинг «Хамса» асари таркибига кирган «Садди Искандарий» достонидаги худди шундай ғояларни эслатади.

Навоийнинг Искандари худди «Утопия» романидаги қаҳрамони каби денгиз саёҳатини яхши кўради, ўнлаб ўлкаларга юриш қилади. Искандар ҳукмронлиги даврида мамлакатда инсоф ва адолат ўрнатади. Тахтга чиқиш олдидан халққа қарата шундай дейди: «Аллоҳ мени инсоф ва адолат таянчи қилиб қўйган экан, халойиқ орасида адолатталаб одам бўлса, олдимга келиб арз-додини айтсин, ўз аҳволини бир-бир баён қилсин. Қаршимда арз қилаётган пайтида мени ҳам худди ўзи каби бир одам деб тушунсин. У на менинг тахтимдан даҳшатга тушсин ва на тожимдан унга бир қўрқув юзлансин... Қанча дарди, ғами, ҳасрати бўлса, очиб ташласин».

Искандар қурган давлат сиёсати худди Мор тасвирлаган хаёлий Утопия давлатидаги бошқариш усулини ёдга туширади.

Утопия мамлакатида хусусий мулкчилик йўқ, ҳамма тенг ҳуқуқли, қаерда давлат ҳукмрон экан, у ерда адолат қарор топиши мумкин эмас, одамлар иқтисодий томондан тўла таъминлангани учун пулга эҳтиёжи йўқлигини, қаерда тартиб бузилса, жазоланиши тасвирланса, Искандар ҳукмрон бўлган мамлакатда ҳам у «Отасининг замонида халойиққа зарари теккан нимаики қонун-қоида бўлса, халққа наф-фойда етказиш мақсадида уларнинг ҳаммасини бекор қилди. Шунингдек, бошқа шоҳлар томонидан расм қилинган умумхалқ орасида адолатга хилоф бўлган қонун-қоидаларни ҳам таг-томири билан бузди ва халойиқни барча ҳақсизликлардан қутқарди», – шаклида ифодаланади.

Ҳар иккала улуғ аллома фикрдош ва маслакдош эди.

Навоий Искандари давлат тепасига келгач, адолат йўлини тутади, ноҳақ сиёсатни бекор қилади, фуқароларни икки йиллик солиқдан озод қилади. Амалдорларнинг ноҳақлигини кўргач, уларни ишдан ҳайдайди, адолат билан ишлаганлар мартабаларини оширади, бозорлардан нарх-навони суриштиради, олибсотарлар, юлғичларни жазолайди. Тарозининг икки палласини тўғирлаб, тошини темирдан ясаттирди ва муҳрлади. Узунлик ўлчови қари (метр)ни ҳам темирдан қилдирди, ғалла ўлчайдиган катта тарозиларни ҳам Искандар ихтиро қилди, деб ёзади Алишер Навоий.

Алишер Навоий ҳам Томас Мор сингари мансаб ва шон-шуҳрат эмас, балки эл-юрт учун хизмат қилиш, ўзаро урушларнинг олдини олиш амалдорлар ўртасидаги низоларни бартараф этишга ҳаракат қилди. Лекин мамлакатда ички вазият ва қарама-қаршиликлардан турли иғво ҳамда бўҳтонлардан чарчаган Навоий 1476 йил вазирлик мансабини ташлайди ва тарихчи Хондамир таъбири билан айтганда, «Бир соатлик адолат 60 йиллик ибодатдан афзал», деган сўзга амал қилиб, амирлик мансабидан истеъфо берди.

Айнан унга асрдош бўлган Томас Мор ҳам қиролликдаги турли зиддиятлар, ноҳақликлардан норозилик сифатида 1532 йилда муҳрдор-лордканцлерликдан истеъфога чиқди ва бунинг учун у давлатга хиёнат қилишда айбланиб, Навоий вафотидан 34 йил ўтгач, 1535 йилда ўлдирилади.

Мана сизга икки тақдирнинг бир нуқтада учрашгани.

Аммо башарият ҳар иккала алломанинг хизматларини унутмади. Ғарбда Томас Мор, Шарқда Алишер Навоий яратган асарлар инсониятнинг бебаҳо дурдонаси сифатида ҳамон ардоқланмоқда, уларнинг асарлари дунё адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олмоқда.

Зеро ҳазрати Навоий зўр ифтихор билан ёзганидек:

Бу гулшан ичра йўқтурким бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик  била от.

Бухориддин Мамедов, Қуролли Кучлар академияси

Гуманитар фанлар кафедраси профессори, филология фанлари доктори

Информеры