2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДАРЁЛАР ЎЗАНИГА ҚАЙТАДИ(МИ?)

Ёхуд ўзбек киноси бугун нима бермоқда?

Тошкент – мегаполис шаҳар. Кўпчилик интилади. Айниқса, қишлоқдан қариндошлар, дўстларим келиши билан ҳол-жонимга қўймай шаҳарни сайр қилдиришимни сўрашади. Кейин сайр қиламиз, кутубхона, боғ, метро деганлардай... кеч тушганда навбат кино ёки театрга келади. Кино – сўнгги асрда энг кенг тарқалган ва томошабинни ўзига тез жалб қиладиган санъат тури бўлиб улгурди.

Меҳмон атойи худо, қандай қилиб кирмаймиз, дейсиз. Йўқ, десам, хафа бўлишади. Хўп, десам, кинолардан ўзимнинг кўнглим тўлмайди. Ўтган сафар водийдан келган курсдошларим билан «Вирус» номли фильмга кирган эдик. Деярли икки соатли фильмда мақсад йўқ. Инсонга айтадиган фикр йўқ. Хуллас, мен ҳам, дугоналарим ҳам ҳафсаламиз пир бўлиб, кетган вақтимизга ачиниб чиққандик. Ҳозирги замоннинг кино «қаҳрамонлар»ига тақлид қилиб соч ўстираётган йигитлар, европача кийим кияётган қизлар орасида бизнинг ҳам ука-сингилларимиз бор. Улар кимдан ўрнак олиб, кимга тақлид қилишлари керак, аслида? Фахрлансак арзийдиган миллий қаҳрамонларимиз етарли-ку!

Ўнта кинодан биттаси ёмон чиқса, гуруч курмаксиз бўлмайди, деб айтишимиз мумкин, лекин ўнтадан тўққизтаси ёмон чиқса, бу кино санъатимизнинг фожиаси эмасми? Интернет тезлашиб бораётган даврда ҳамма «кино»чи, ҳамма актёр бўлиб кетяпти. Хусусий компанияларнинг тадбиркорлик ниқоби остида ишлаган кинолари инсонларга сезилар-сезилмас маънавий зарар етказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Миллий кино тарихимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. «Темир хотин», «Келинлар қўзғолони», «Маҳаллада дув-дув гап», «Шум бола» ва ҳоказо. Бу киноларни кўрган сари кўргингиз келади. Энг асосийси, ҳар гал олам-олам таассурот оламиз, завқланамиз, маънавий оламимиз бойийди.

Бироқ ҳам вақтимизни, ҳам нақдимизни олаётган бугуннинг кинолари бизга нима беряпти? Ҳеч нима! Фикрларим бир тарафлама бўлиб қолмаслиги учун интернет орқали ҳамкасбларимиз ўтказган сўровномаларда жамоатчилик фикрига қулоқ тутдим:

– Ўзимизникилар олган фильмни ногаҳон кўриб қолдим. Ўзини ёзувчи деб атайдиган, аммо ўқишни ҳам билмайдиган чаласавод баъзи муаллифлар ҳеч бўлмаганда бадиий асар ўқиганларида эди, эҳтимол, ҳозиргидай саёз фильмлар ёзишдан воз кечган бўларди, – дейди таржимон, журналист Шуҳрат Сатторов.

Шуҳрат Сатторовнинг гапларида жон бор. Ахир сценарийни ижодкор ёзади-ку! Кинони бир иморатга қиёсласак, устуни сўз эмасми? Кино ишланишидан аввал сценарийлар бадиий кенгаш назаридан ўтмайдими? Бу саволга ёш кинорежиссёр Муҳаммадхон Юсуповдан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

– Аксарият актёрлар ўйнаётган ролини ҳис қилмайди. Сценарийлар жуда оддий, кинолар ҳам қўл учида тайёрланяпти. Албатта, яхши кинолардан кўз юмиб бўлмайди, лекин буларнинг сони жуда кам, – дейди суҳбат давомида киноижодкор.

– Авваллари маданий ҳордиқ чиқариш учун кино кўрар эдик. Ҳозир эса телевизорни ўчириб қўйиб, дам оладиган бўлдик, – дейди суҳбатдошим Ёрқиной Ғафурова.

Унинг гапларини эшитиб, ўйланиб қолдим. Бир неча йил аввал, Ҳолливуд киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Хатико» бадиий фильмини кўрганимда, кўз ёши тўккан эдим. Умуман, шу кинони қанча кўп кўрсам, шунча йиғлайман. Бугун хорижий давлатларнинг нуфузли тайёрагоҳларида ушбу фильм қаҳрамони бўлган Хатико исмли итга ҳайкал қўйилган. Табиийки, бу ҳайкал – киноижодкорларнинг ютуғи. Ўзбек киноси тарихини дарёга ўхшатсак бўлади, менимча. Бу дарёдан сув ичган режиссёрлар бор шахтларини ишга солиб меҳнат қилса, дарёлар ўзанига қайтгандек бўлиб, ўзбек киноси томирида янги қон оқа бошларди.

Мансур ЖУМАЕВ

 

 

Информеры