2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

БУ САФАР БИТТА БРОНЗА

Хитойнинг Уси шаҳрида «Катта Дубулға» мусобақасининг II очиқ саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар таэквондочиси қатнашди. MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси Нигора Турсунқулова (-67 кг) бронза медални қўлга киритди.

Ўзбекистон терма жамоаси таэквондочилари янги бош мураббий Юнг Жин Ким етакчилигида илк бор халқаро мусобақага боришди. Терма жамоамиз таркибидан бу сафар MVSKнинг 6 на­фар вакили ўрин олди – Нигора Турсунқулова (-67 кг), Жасурбек Жайсунов (-68 кг), Улуғбек Рашитов (-55 кг), Ниёз Пўлатов (-68 кг), Никита Рафалович (-80 кг), Дмитрий Шокин (+80 кг).

Спортчиларимиз биринчи баҳсларни кўтаринки кайфиятда, жуда яхши бошлашди. Мусобақанинг дастлабки кунида беш нафар вакилимиз даянга чиқди. +80 кг вазн тоифасидаги спортчимиз, MVSK аъзоси Дмитрий Шокин бу мусобақада 1-тартиб рақамда сараланган таэквондочи сифатида мусобақани нимчорак финалдан бошлади. У мезбонлар вакили Чен Мингни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди. Ушбу вазн тоифасида даянга чиққан ҳамюртимиз Шоҳруҳ Ражабов хитойлик Жианг Зихаони катта устунлик билан, яъни 17:4 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. Шунингдек, ҳамюртларимиздан Мадинабону Маннопова (-49 кг) ўзининг илк жангида хитойлик Йе Сиаотингдан 15:0 ҳисобида устун келди, Чарос Қаюмова (-57 кг) эса Ли Жиани мағлуб этди.

Турнирни кўтаринки кайфият билан бошлаган таэквондочиларимиз учун кейинги босқич баҳслари омадсиз якунланди. Мадинабону ўзининг иккинчи жангида хитой тайпейилик Хунг Ю Тингга, Чарос Қаюмова эса эронлик Косар Асасеҳга имкониятни бой берди. Қизиғи, ҳамюртларимиз Шоҳруҳ Ражабов ва Дмитрий Шокин чорак финалда ўзаро тўқнаш келишди. Бир-бирини яхши билувчилар ўртасидаги ушбу баҳсда омад Ражабовга кулиб боқди. Лекин медаллар учун кечган кейинги икки баҳсда Шоҳруҳдан омад юз ўгирди. У ярим финал жангида кореялик Парк Юн Кеунга ютқазган бўлса, бронза медаль учун баҳсда хитойлик Ванг Яосига имкониятни бой берди.

Кейинги икки кун давомида даянга чиққан таэквондочиларимиз учун ҳам мусобақа муваффақиятли бўлмади. MVSK аъзоси Ниёз Пўлатов (-68 кг) дастлабки баҳсидаёқ имкониятни бой бериб қўйди. MVSKнинг яна икки вакили – Улуғбек Рашитов (-55 кг) ва Жасурбек Жайсунов (-68 кг) эса «Катта Дубулға» мусобақаси II очиқ саралаш баҳсларининг чорак финалига қадар етиб борди. Терма жамоамиз ва MVSKнинг етакчи вакили ҳисобланган Никита Рафалович (-80 кг) аввалги турнирда орттирган жароҳати боис ушбу мусобақада иштирок эта олмади. Таэквондочиларимиздан биргина Нигора Турсунқулова (-67 кг) ўз мақсадига эришди. Ярим финалга қадар муваффақиятли жанг қилган MVSK аъзоси 3-ўрин учун баҳсда ғалабага эришди ҳамда бронза медаль билан бирга ушбу мусобақанинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Энди Турсунқулова 18-20 декабрь кунлари Уси шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта Дубулға» мусобақасида иштирок этади ва ХХХII ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун курашади.

Ўзаги армия спортчиларидан иборат терма жамоамиз таэквондочиларидан мухлислар бундан юқорироқ натижаларни кутишганди. VII Бутунжаҳон армия ўйинлари қаҳрамонларига айланганлар бу сафар битта медаль билан кифояланишди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры