2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«БЕЗОРИ»ЛИК ДАВОМ ЭТАДИ

Профессионал бокснинг супер ўрта (76 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилаётган MVSK (Mudofaa vazirligi sport klubi) аъзоси Бектемир Мелиқўзиев профессионал боксдаги учинчи жангини ўтказди ва яна «безори»лигини намойиш қилди.

Профессионал боксдаги фаолиятини энди бошлаганига қарамай илк жангидаёқ «профессионаллар профессионалини мағлуб этишга муваффақ бўлган»и боис халқаро майдонда «Bully», яъни  «безори» лақаби билан ном қозонган чармқўлқоп устамиз Бектемир Мелиқўзиев АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида кечган бокс оқшомида америкалик Клей Коллардга қарши рингга чиқди. Ҳамюртимиз шу пайтга қадар икки бор профессионал рингга чиққан ва ҳар иккисида ҳам рақибини нокаутга учратиб, муддатидан олдин ғалаба қозонган бўлса, Клей Коллард учун бу тўққизинчи жанг эди. Коллард фаолияти давомида 4 та ғалаба (битта нокаут), битта мағлубият ва 3 та дуранг қайд этганди.

Колларднинг профессионал боксдаги тажрибаси Бектемирникига нисбатан юқорироқ бўлса-да, жаҳон спорт матбуоти Мелиқўзиевнинг «безори»лигига ҳамда ҳаваскор бокс бўйича қитъа чемпиони бўлганлигига, жаҳон чемпионати, Олимпиада ва Осиё ўйинлари совриндори эканлигига кўпроқ урғу беришди. Айрим спорт нашрлари эса Клей Коллард услубига таянган ҳолда ушбу жангда дуранг қайд этилишини эҳтимол тутишди.

Лас-Вегас шаҳридаги «MGM Grand» саройининг «Garden Arena»сида ташкил этилган жанг саккиз раундга мўлжалланган эди, лекин у охиригача етиб бормади. Бектемир кетма-кет зарбалари эвазига 4-раундда рақибини икки бор йиқитди ва ҳакам жангни тўхтатишга қарор қилди. Шу тариқа, Бектемир профессионал боксдаги учинчи жангини ҳам нокаут эвазига ўз фойдасига ҳал қилди. Коллард эса иккинчи мағлубиятини қабул қилди, эътироф этиш жоиз, у бунгача нокаут эвазига мағлуб бўлмаганди.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев профессионал рингдаги аввалги икки жангини ҳам АҚШда ўтказган ва иккисида ҳам рақибини нокаутга учратганди. У илк жангини шу йил июнь ойида Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этилган бокс оқшомида ўтказган, рақиби эса шу вақтга қадар профессионал рингда 23 та ғалабага эришган ва унинг 13 тасини нокаут билан ўз фойдасига ҳал қилган аргентиналик машҳур боксчи Мартин Фидел Риос бўлганди. MVSK аъзоси жангнинг 1-раундидаёқ кучли зарбалар билан номдор рақибини ерга қулатади. Ҳайратга тушган мухлислар бирпас жим қолишади. Чунки Риос анча вақт ўзига келолмай ўрнидан тура олмайди ва рефери соф нокаутни қайд этади. Шундан сўнг айрим бокс мухлислари «Bully! Bully!» дея қичқира бошлашади. Бу жаҳон спорт матбуотида ўзига хос шов-шувга ҳам сабаб бўлади. Бир қатор спорт нашрлари ҳамюртимиз ғалабасини жанг пайтида мухлислар томонидан эътироф этилган «Bully», яъни «безори» муваффақияти сифатида ёритади. Ҳа, ҳаваскор боксчимиз профессионал рингдаги ўзининг илк жангидаёқ «профессионаллар профессионалини мағлуб этишга муваффақ бўлган»и боис «Bully» лақабини ҳам олганди.

Чармқўлқоп устамиз профессионал боксдаги ўзининг иккинчи жангини АҚШнинг Калифорния штати Пасадена шаҳридаги «Pasadena City Hall» аренасида ўтказган. Ушбу бокс оқшомида MVSK вакилига 29 та жанг ўтказиб, 22 тасида ғалаба қозонган ва унинг 14 тасида рақибини нокаутга учратган мексикалик номдор боксчи Рикардо Адриан Луна Флорес қаршилик қилганди. Саккиз раундга мўлжалланган жанг ҳатто иккинчисига ҳам етиб бормаганди – «Bully» боксчимиз тажрибали рақибини 1-раунднинг ўзидаёқ ерга қулатганди.

*  *  *

Ўта енгил (-50 кг) вазн тоифасида «Кичик Тайсон» номи билан машҳур ҳамюртимиз Олимжон Назаров Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс оқшомида рингга кўтарилди. Унга таиландлик Саиват Буадкраток рақиблик қилди. Таиланд вакили шу пайтга қадар профессионал рингда 33 та жанг ўтказиб, уларнинг 32 тасида (20 та нокаут) ғалаба қозонган, бир марта мағлубиятга учраганди. Олимжон эса 24 та жангнинг 19 тасида (11 та нокаут) ғалабага эришган, 5 маротаба мағлуб бўлганди.

Мазкур қарама-қаршиликда юртдошимиз «WBO international Flyweight Title» камарини ҳимоя қилди. Саккиз раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди. Ғолибни очколар бўйича аниқлашга тўғри келди ва якунда Назаров ўз фаолиятидаги 20-ғалабани қўлга киритгани маълум бўлди.

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры