2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ПОЛЬША ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Социалистик мамлакатларнинг Шимолий Атлантика коалицияси (НАТО)га рақобатчи бўлиши кўзда тутилган ва Варшава шартномаси ташкилоти деб номланган ҳарбий блоки тузилиши тўғрисидаги шартнома 1955 йилда айнан Польша пойтахти Варшава шаҳрида имзоланган. Ва тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 80-йилларида айнан Польшада содир бўлган воқеалар мазкур социалистик лагернинг аста-секин барбод бўлишига сабаб бўлган. Варшава шартномаси ташкилоти тугатилган вақтда (1991 йил) Польша Қуролли Кучлари ўз жанговар салоҳияти бўйича бу ташкилотда собиқ Иттифоқдан кейин иккинчи ўринда турган. Бу даврда армияга қарашли жанговар техника таркибида 2 850 та танк, 2 377 та зирҳли жанговар машина, 2 300 дан зиёд артиллерия тизими, 551 та жанговар самолёт бўлган.

1994 йилда Польша «Тинчлик мақсадида шериклик» дастури бўйича НАТО ҳарбий-сиёсий блоки билан ҳамкорликни бошлаган, 1999 йилнинг 12 мартида эса мазкур блокка аъзо бўлган. Ўтган йиллар мобайнида мамлакат армиясида НАТО учун характерли бўлган ўзгаришлар содир бўлди – Қуролли Кучлар сони анча қисқартирилди. 2010 йилнинг 1 январида умумий ҳарбий мажбурият бекор қилинди ва шартнома бўйича хизмат жорий этилди.

Ҳозирги даврда мамлакат армиясида «2013 – 2022 йилларда Қуролли Кучларни техник модернизациялаш режаси» ҳамда «Қуролли Кучлар модели – 2032» стратегияси бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2016 йилдан бошлаб ҳар йили мамлакат ҳарбий бюджети (10,3 млрд доллар)нинг тўртдан бир қисми техник модернизациялаш ишларига йўналтирилмоқда ва бу ишларнинг асосий қисми миллий ҳарбий-саноат комплекси томонидан бажарилмоқда. Бугунги кунда Польша Қуролли Кучлари НАТО таркибидаги энг кучли армиялардан бирига айланган (табиийки, АҚШ ва Туркиядан кейин ҳамда Буюк Британия ва Франциянинг ядровий салоҳиятини ҳисобга олмаганда). Польша армиясининг умумий сони деярли 120 минг кишини, шу жумладан, Қуруқликдаги қўшинлар – 68 минг, Ҳарбий ҳаво кучлари – 25 минг, Ҳарбий денгиз кучлари – 8 минг кишини ташкил этади. Бундан ташқари, махсус қўшинлар (3 000), ҳарбий жандармерия (2 000), қўллаб-қувватлаш инспекторати (11 000) ва ҳарбий-тиббий хизмат инспекторати (1 000 киши) ҳам Қуролли Кучлар таркибига киритилган.

Қуруқликдаги қўшинлар

Мамлакат армиясининг энг йирик ва кўп сонли тури бўлган Қуруқликдаги қўшинлар ўзида 11 бригадани бирлаштирган 3 та дивизия (2 та механизациялашган ва танк дивизияси), шунингдек, алоҳида авиация, ҳаво десанти, қўллаб-қувватловчи, кавалерия, транспорт бригадалари ҳамда ракета, армия авиацияси, зенит, муҳандислик, радиокимёвий кураш-ҳимоя ва разведка полкларидан таркиб топган. Яқин йиллар мобайнида қўшин таркибини яна бир механизациялашган дивизия билан тўлдириш, замонавий жанговар техника ва қуроллар, автоматлаштирилган бошқарув ҳамда назорат тизимларини харид қилиш орқали қисм ва бўлинмаларнинг жанговар салоҳиятини янада кучайтириш режалаштирилган.

Қуруқликдаги қўшинларнинг танк парки НАТОда тўртинчи ўринда туради (АҚШ, Туркия ва Грециядан кейин). Таркибдан «Леопард-2/А4/А5» (Германия), РТ-91 (Польша), Т-72 (Россия) ва бошқа русумдаги танклар жой олган. Шунингдек, қўшин тасарруфида турли русум ва типдаги зирҳли жанговар машиналар, оператив-тактик ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, дала артиллерияси тўплари ҳамда миномётлар, танкка қарши кураш воситалари, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, зенит-ракета комплекслари, танкка қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмалари ва бошқа қуроллар бор. Армия авиацияси жанговар, кўп мақсадли ва транспорт вертолётлари билан таъминланган (инфографикага қаранг).

Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшин таркибидан қирувчи, қирувчи-бомбардимончи ва транспорт авиацияси эскад­рильялари, ҳаво ҳужумидан мудофаа, тактик, транспорт, ўқув ва радиотехника бригадалари жой олган. Қўшин ихтиёрида турли русумдаги (МиГ-29, Су-22, F-16 ва ҳ.к.) жанговар, ўқув-жанговар, транспорт, ўқув самолётлари, кўп мақсадли ва транспорт вертолётлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа учун мўлжалланган зенит-ракета комплекслари бор. Мамлакат ҳарбий раҳбарияти режаларига кўра, Ғарб мамлакатларида ишлаб чиқарилган тўртинчи ва бешинчи авлод қирувчи самолётларини харид қилиш ҳисобига Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли жанговар авиация паркини янгилаш ҳамда янада кучайтириш, эшелонланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш ишларини якунига етказиш, истиқболли хориж зенит-ракета комплекслари асосидаги ракетага қарши кучларни такомиллаштириш, юқори аниқликка эга бўлган қуроллар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳарбий денгиз кучлари

Ташкилий жиҳатдан ҳарбий флот (3 та флотилия), денгиз авиацияси ва қирғоқни қўриқлаш қўшинларидан иборат. ҲДКга қарашли жанговар техника таркибидан 5 та дизель-электр сув ости кемаси (4 таси Норвегияда ишлаб чиқарилган «Коббен» русумли), бошқарилувчи ракета қуроли билан жиҳозланган «Оливер Перри» типидаги 2 та фрегат (АҚШ), маҳаллий кемасозлик корхонасида қурилган ва «Кажуб» деб номланган корвет, шунингдек, разведка, ракета, десант, штаб ҳамда мина-трал кемалари ва катерлари жой олган. Яқин йиллар мобайнида бу турдаги қўшинларни қанотли ракеталар ўрнатилган 3 та дизель-электр сув ости кемаси, бошқарилувчи ракета қуролига эга бўлган 4 та фрегат, 6 та тралчи кема, кемаларга қарши ракеталар билан қуролланган ракета комплекслари (2 та дивизион) билан таъминлаш режалаштирилган.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры