2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ОРОЛ ТРАГЕДИЯСИНИНГ «ПИКАССО»СИ

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ рассоми ҳақида

портрет-очерк

Биз учун санъатлар ичида энг муҳими қайси? Адабиёт, мусиқа, кино... Бироқ бу санъат турларининг чинакам заҳматкашларини мутлақо ранжитмаган ҳолда мен биринчи ўринга мусаввирликни қўйган бўлардим. Чунки тасвирий санъат кишилик тарихида энг аввал пайдо бўлган санъат турларидан бири, инсон қўли билан яратилган расмга боқар экансиз, уни кўрасиз, ҳис қиласиз ва ҳатто «эшитасиз». Рассомнинг асарига қараб йиғлаган инсонларни кўрганман.

Женис Лепесов Қорақалпоғистон санъат усталарининг катта авлодига мансуб. Рассом ижодининг бош мавзуси – табиат ва инсон. Унинг «Кеч» асарида оддий ва жимжимасиз табиат манзараси тасвирланган. Сюжет оддий: кузги барглар, орқа томонда эса уфқ чизиғида саф тортган турналар ва ҳарбий либосдаги бир оёқсиз ўғил ва икки қўлини фарзандига тутган онаизор. Асарни балки бошқача номласа ҳам бўларди. Масалан, «Уйга қайтган ўғил», «Онаизор». Аммо расмга тикилиб турар эканман, ном тўғри танланганини англадим, ўзимга ортиқча баҳо бериб, мусаввирдан баланд бўлишга ҳаракат қилганимдан юзим қизарди.

Оғанинг қайсидир жиҳатларини Европа рассомларига ўхшатаман. Мусаввирни ташқаридан кўрган киши замонавий дунёдан узилиб қолган кишига ўхшатса-да, аммо асарлари одамдай «сўзлаш» хусусиятига эгалиги билан унинг ҳеч ким билмайдиган ўзгача дунёси борлигини англайди. Бир куни рассомни тасодифан Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи атрофида кўриб қолдим. Рассом ўйчан ҳолатда ранглар ва оқ қоғоз билан суҳбатлашарди. Мен эса нимани чизар экан, деб ўйлаяпман. Чунки олдинда на чизишга арзигулик жой, на кишини ҳайратлантирадиган табиат манзараси бор. Қизил, оч сариқ, пушти ва сиёҳранг бўёқларда ифода этилаётган чизгилар оқ қоғозни безади. Кейин қоришиқ зумрадранг қўшилди-ю, қалблари туташган ёшлар ва осмонда учаётган қалдирғочлар икки севишган кўнгилга гувоҳлик бергандек расмда акс этди.

– Расмга қандай ном берасиз, Женис оға? – дедим.

– «Қўшиқ». Ёшлик – бошқача давр. Нимагадир ёшликни қоғозда тасвирлай олмадим. Буни расм дейишга ҳам уяласан, киши. Бу сенга.

Хурсандлигимдан тилимга бирор сўз келмади. «Раҳмат», деганимда у музейга кириб кетаётган эди. Шунда бу инсон асарларини кўпчилик билиши бекорга эмаслигини, ишларидан кўнгли тўлмай, ўзини танқид қилиши орқали шундай натижаларга эришганини англадим.

Шафқатсиз болалик, орзуларга тўла ёшлик

...1945 йили Қорақалпоғистоннинг маданият маркази бўлган Чимбой туманидаги Лепесовлар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Ота уруш қатнашчиси, унинг даҳшатини кўрган эди. Бундай инсонлар тинчлик деган неъматнинг қадрига бугуннинг одамларидан кўра кўпроқ етадилар. Ўғлига Женис деб исм қўйди, бу ғалаба дегани. Аммо урушдан ғолиблик ҳисси эмас, балки адолатсизлик, ўз замонидан ғалаба қозониш учун бу исм танланди. Ижодкорнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини қоғозга туширар эканман, чиндан ҳам женисга эга бўлган экан. Шафқатсиз болалик, қаровсиз ёшлик йўлларидан одимлаб, ўз келажагини ярата олган инсон аёвсиз тақдири устидан ғалабага эришган бўлади.

Женис Лепесов болалигиданоқ расм чизишга қизиқди. Урушдан кейинги йиллар уруш йилларидан кўра анча машаққатли, қийинчиликда ўтади. Аммо боласининг кўнглини ўкситмаслик учун ота-она унга мўйқалам ва ранг-баранг бўёқлар олиб беради. Бу нарсаларни харид қилиш у даврларда кўп оилалар учун қийинчилик туғдирарди. Ёш ижодкорнинг иқтидорини кўрган устозлари уни Олмаотага – рассомчилик билим юртига бориб, профессионал устозлардан дарс олиш кераклигини айтди. У ер бўлғуси рассом учун чинакам ижод мактаби бўлди. Тоқполат Тоғисбаев, Мухтор Исмаилов, график устаси Виктор Крушин, Пак Борис, Надежда Михайлова каби устозлардан дарс олди. Талабалик давридаёқ ўз йўлини топди. У биринчи марта Игорь Савицкий билан кўришганини шундай эслайди:

– Хўжайли туманидаги кинотеатрда Москва рассомларининг биринчи кўргазмаси бўлди. У пайтда еттинчи синфда ўқирдим. Ҳаяжонланиб чизган расмларимни Савицкийга кўрсатдим. Ижодимга аъло баҳо бериб, менга устозлик қилишини айтди. Ундан жуда кўп нарса ўргандим. Сиз қорақалпоқнинг бўлажак Пикассосисиз, деди. Залда ўтирганлар мени олқишлади. Бу менга берилган ҳаётимдаги энг катта ишонч ва баҳо эди. Шундай буюк инсоннинг назарига тушганлигим омадим эди.

Очарчилик даври ёш рассом болалигига таъсир кўрсатмай қолмади. Ёш мусаввир «Манфузанинг портрети» расмини қўшни қишлоқдаги бир муаллимага битта товуқ ва ярим қоп буғдойга айирбошлайди. Аслида муаллима ўша расмни Жениснинг беғубор кўнгли учун олган эди. Ота-онаси хафа бўлса-да, аммо шу ишни рўзғор ғамини ўйлаб қилгани учун фарзандини койимайди.

Орол фожиаси

Ўтган асрнинг 70-йиллари қорақалпоқ диёри учун синовлар даври бўлди. Бутун бошли халқ ўз тирикчилигини денгиздан кўрарди. Орол денгизи сатҳи тезлик билан пасаяётган эди. Бу фожиа борган сари ўз кучини кўрсатди. Бу давр ижодкорлар учун ҳам оғир кечди. Орол фожиаси ҳақида ёзилди, чизилди... Аммо Женис Лепесов асарларига назар солсангиз, ўша давр ҳаётини тўлиқ ҳис этасиз. Унинг «Денгиз», «Балиқчи бобо», «Аёл», «Кеч куз», «Қуёш» картиналари бунга мисол. Орол мавзуси мусаввир ижодини бутунлай бошқа томонга йўналтирди. У авангард, фобизм, кубизм жанрида ижод қила бошлади. «Сув ҳақида ўй», «Эски том», «Чол дарахт», «Колхозда» этюдлари Америка, Москва, Швеция, Япония, Голландия давлатларида бўлган кўргазмаларга қўйилди. Женис Лепесов турли жанрларда ижод қилади, аммо пейзаж ва натюрморт рассомнинг севимли йўналишларидан саналади. Унинг «Далада», «Хива», «Кунгабоқар», «Автопортрет» каби дастлабки ишлари 1970-йилларда яратилган. Ижодкорнинг асарларида тўқ сариқ, пушти ранг устунлик қилади. Рассомнинг таъкидлашича, бу даврни у «тўқ пушти ранг» деб атайди.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

 

Информеры