2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЮРАГИ ЎЗБЕКЧА УРГАН ШОИР

Александр Файнберг 1939 йили Тошкентда туғилган. Унинг номи ва ижоди ўзбек китобхонлари ҳамда шеърият ихлосмандлари учун қадрли. Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг таваллудининг 80 йиллиги нишонланди. Шоир яшаган уйга ўрнатилган ёдгорлик лавҳасининг очилиш маросими ўтказилди.

«Пешонамга битилган бахтим бор экан, – деб ёзади Александр Файнберг. – Мен мустақил Ўзбекистонда яшайман. Ўз умрим давомида миллий камситишни ҳеч қачон ҳис этмаганман. Адабиёт йўлида менга ўзбек ёзувчилари жуда кўп бора ёрдам беришди. Бутун ижодим давомида Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва кўпдан-кўп ёзувчилар, рассомлар, мусиқачилар, бошқа турли касб эгаларининг яхшиликларидан баҳраманд бўлиб келмоқдаман».

Шоир ўз даврида устоз ижодкорлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Омон Матжон ва бошқа адиблар билан жуда қадрдон эди. Александр Файнберг ўзимизнинг шоир. У она диёримизнинг барча гўшаларини кезиб чиққан. Ўзбек адиблари билан ёнма-ёнма яшаган, ҳамкорликда ижод қилган. У Ватанимизни ниҳоятда севадиган, қадрлайдиган ижодкор. Бутун ижоди давомида она халқимизга ўз муҳаббатини оташин шеърлари билан изҳор қилди.

Ижоди сермаҳсул. Шеърларида ранг-баранглик, фалсафийлик, теранлик, туйғулар тиниқлиги ярқираб туради. Шоир сўзни чуқур ҳис этади, унга ўқувчини ҳам ҳамроҳ қилади. Бу юртнинг ҳавоси, осмони, тупроғи, эли, бутун борлиғи шоирга қалб қадар азиз. Бу сатрларининг ҳароратида бор бўйи билан нафасимизга урилади.

Куёшли, тўртбурчак далалардан то

Тизма тоғларгача чўзилган Ватан –

Йўлларнинг гирдида бўлиб гиргиттон

Гумбаздек тераклар турарлар қатор.

 

Далаларни кездим қадамма-қадам,

Теодолит кўтариб, ўлчадим таноб.

Лойсувоқ уйларда симирдим чалоб,

Эшиксиз ҳовлилар очиқдир мудом.

 

Мушфиқ юрт. Шу ерда наслу насабим –

Ўзбекистондадир хоким, туробим.

Ҳой, Европа! Мени тинглайсан сен ҳам.

 

Мағрур парвоз этар бургут фалакда.

Ўт тишладим. Лабда шўр кўз ёш. Бу дам

Ҳам дардни, ҳам бахтни туйдим юракда.

Ижодкор ҳаёти давомида ўзбек адабиётига эҳтироми рамзи сифатида Алишер Навоий ғазалларини, Асқад Мухтор, Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Азим Суюн каби шоирларнинг шеърларини рус тилига маҳорат билан таржима қилган. Хотира кечасида сўзга чиққанлар шоир шеъриятининг энг нозик жиҳатларига эътибор қаратишди.

– Бундан ўн йил олдин Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергнинг шеърларини илк бор таржима қилганман ва бу «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилиб чиққан эди, – дейди Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон. – Шоирнинг «Ўн бир метрлик жарима тўпи» деган шеъри бор. Унда футбол майдонидаги ўйин, дарвозабон образи ифодаланган. Шеърда дарвоза – Ватан, футбол жамоаси – халқ, дарвозабон – Ватан дахлсизлигини, халқ ғурури, озодлигини қўриқловчи посбон рамзида тасвирланади.

Тадбир давомида Александр Файнбергнинг шеърлари ўқилди. Шундан сўнг Ўзбекистон давлат рус драма театрида  шоир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан хотира кечаси, ҳаёти ва ижодига оид фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди. Адабиёт аҳли намояндаларига шоир ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Шоир 2009 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.

А. ЖОЛДАСБАЕВА

 

Информеры