2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЁШЛАРГА МАНЗУР ЭКСКУРСИЯ

Қуролли Кучлар моделлаштириш ва симуляция маркази ташаббуси билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Ориент» гимназиясида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўқувчи ёшларнинг Тошкент харбий округига қарашли дала-ўқув майдонига экскурсияси ташкил қилинди.

– Экскурсиядан кўзланган мақсад – ўсиб келаётган ёшларимизни она Ватанга ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш, шунингдек, эртамиз давомчиларининг шарафли ва масъулиятли ҳарбий хизматга қизиқишларини оширишдир, – дейди подполковник Бахтиёр Дедабоев.

Экскурсияда ўқувчилар жонажон Ватанимизни кеча-ю кундуз қўриқлаётган жасур ҳарбий хизматчиларнинг хизмат жараёни билан таништирилди. Уларга қурол-яроғ, ҳарбий техника ва жанговар аслаҳа-анжомлар кўрсатилди.

– Бугунги саёҳатдан жуда мамнун бўлдим, – дейди гимназиянинг 7-синф ўқувчиси Нурмуҳаммад Шарипов. – Шу пайтгача ҳарбий техника ва қуролларни фақат телевизорда, китоб ва газета-журналларда кўргандим, бугун эса улар билан яқиндан танишдим. Шунингдек, аскар акаларимизнинг хизмат жараёнини ҳам кўрдик. Буларнинг барчаси менга жуда манзур бўлди, ҳарбийликка қизиқтириб қўйди. Тезроқ улғайиб улар каби аскар бўлгим, Ватанимга хизмат қилгим келяпти...

Шаҳриёр КОМИЛОВ

 

Информеры