2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МЕҲР УЛАШИБ ЯШАНГ

Хайру саховат, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос азалий қадрият. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбларига қувонч улашишни шу юртда яшаётган ҳар бир юртдошимиз ўзининг инсонийлик бурчи деб билади.

Тошкент ҳарбий округи қўмондонлигида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши ҳамкорлигида ҳарбий хизматчиларнинг имконияти чекланган фарзандларига ногиронлик аравачаларининг топширилиши ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.

Маросимда ҳамкор ташкилот вакиллари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда кексалар ва ногиронлар, шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, муаммоларини ҳал этиш ва ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётган тадбирлар, саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлади.

Меҳмонлар ва имконияти чекланган болалар ўртасидаги суҳбат айниқса, таассуротларга бой бўлди. Тадбир улар учун ҳақиқий шодиёна бўлганини қувонч балққан кўзларидан сезиш мумкин. Орзулари ҳақида тўлқинланиб сўзлаётган болажонлар албатта, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришни ҳам ёдларидан чиқармади.

– Катта бўлсам шифокор бўламан. Дадамга ўхшаб Ватанимга нафим тегишини истайман, – дейди сержант Фарҳод Баратовнинг қизи Ойшахон Одилова. – Орзуларим кўп. Мана менга бугун аравача совға қилишди. Буям менинг орзуим эди. Энди бемалол ҳеч кимнинг кўмагисиз кўчада сайр қила оламан! Менга яна китоблар ҳам беришди. Китоб ўқишни яхши кўраман. Чунки китобларда орзулар рўёби бор... Менга туганмас шодлик улашган тадбир ташкилотчиларига катта раҳмат. Доим омон бўлишсин.

Кичик сержант Феруз Мирзаевнинг қизи Зуҳра Мирзаева 2012 йил таваллуд топган. Фикрлари теран, зукко қизалоқ афсуски, иккинчи гуруҳ ногирони.

– Зуҳрахоннинг аравачани қабул қилиб олаётгандаги хурсандчилигини кўрсангиз эди, – дейди қизалоқнинг онаси Қимматхон Мирзаева. – Унинг шодлигини кўриб, кўзларимга ёш келди. Бу кун унинг ёдида бир умрга муҳрланади. Биздан меҳр-мурувватини аямаган ҳукуматимиздан, яхшиликни, эзгулик улашишни ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсонлардан миннатдормиз.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры