2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШАШТИ ТОҒЛАРДАН БАЛАНД...

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида армиямиз янгича имижга эга бўлиб улгурди. Айниқса қўшни давлатлар билан ўтказилаётган ҳамкорликдаги мусобақалар, назарий, амалий ва тактик машғулотлар мамлакатимизнинг Марказий Осиё минтақасида етакчи бўлишини таъминламоқда.

Тоғ тайёргарлиги бўйича Қозоғистон ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги амалий ва тактик машғулотлар шулар жумласидандир. Фориш тоғ полигонида беш кун давом этган машғулотларда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирликлари тоғ тайёргарлиги бўйича етакчи мутахассислари иштирок этди. Тоғ тайёргарлиги бўйича янги замонавий анжомлар билан таъминланган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар машғулотлар давомида меҳмонлар билан биргаликда шу йўналишдаги янгича амалий кўникмаларни ҳам синовдан ўтказишди.

Тоғ тайёргарлиги альпинизм спорти билан бевосита боғлиқ бўлганлиги учун машғулотларда икки томондан Юрий Лябин, Василий Певцов, Максут Жумаев каби тажрибали альпинистлар қатнашди. Дастлабки куни ташкиллаштирилган анжуманда Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги бўлими бошлиғи, майор Зокир Ялакаев ҳамкорликда ўтказиладиган машғулотлар дастури ва уларда қўлланиладиган янги анжомлардан фойдаланиш қоидалари билан таништирди.

Халқаро машғулотларнинг навбатдаги жараёнлари Фориш тоғларининг тик қоялари ва оддий шароитда ўтиш қийин бўлган дараларидаги амалий ҳамда тактик машқлар остида кечди. Шарафли касби ҳамда йиллар давомида тўпланган тажрибаси билан профессионал альпинистга айланган Зокир Ялакаев, Аброр Назиров,  Рустам Тоғаев, Содиқ Ниязимбетов каби ўз ишининг устасига айланган йигитларнинг шашти ва шижоати қўшни давлат вакилларини ҳайратлантирганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Чунки Рустам билан Содиқ мураккаб йўналишлар бўйича ҳимоя воситалари, арқонларни ушлаб турувчи қозиқларни ўрнатиш орқали бирин-кетин қоялар томон йўл очиб берган вазиятда деярли қўл ва оёқлари ёрдамидангина фойдаланишди. Улар томонидан бажарилган вазифаларни кузатиб турган тажрибали альпинистларнинг ўзаро эътирофини эшитиб, қозоғистонлик капитан Максут Жумаевга савол билан мурожаат қилдим:

– Сиз ва шеригингиз Василий Певцов дунёдаги 14 та 8 км.дан баланд чўққини забт этган альпинист ҳисобланар экансиз. Рустам ва Содиқнинг қайси ҳаракатлари сизни ҳайратлантирди?

– Маълумки, альпинистлик дунёдаги энг мураккаб касблардан бири. Негаки, альпинизмда ҳудуднинг мураккаблиги, об-ҳаво шароити, ҳаттоки оёқ остида турган тошларнинг қандай жойлашгани ҳам жуда муҳимдир. Хуллас, альпинистга қийинчилик туғдирадиган омилларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Рустам ва Содиқ бажарган ишларни эса ҳарбий тайёргарликнинг альпинизм билан уйғунлашуви деб баҳолайман. Қояга чиқиш воситаларидан ташқари жанговар қуроллар билан вертикал ҳаракатланишнинг ўзи бўлмайди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу икки соҳани ўзаро бир-бири билан уйғунлаштириб, мақтовга сазовор натижаларга эришибди...

Бу дунёдаги барча 14 та 8 км.дан баланд чўққини забт этган альпинист (дунёда бундай вазифани 43 нафар – 38 эркак ва 5 аёл альпинист уддалаган)нинг эътирофи. Бу эътирофни майор Зокир Ялакаев, капитан Аброр Назиров, шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар – кичик сержант Рустам Тоғаев, сержант Содиқ Ниязимбетов халқаро машғулотнинг қолган машқлари давомида ҳам ўз хатти-ҳаракатлари билан яна бир марта исботлашди. Кимдир шамолни жиловлайди, яна кимдир оловни, кимлардир сувни ва ҳоказо. Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув маркази ҳарбий хизматчилари қоялар ва чўққиларни қандай жиловлашни яна бир марта амалда кўрсатишди. Уларнинг шашти, шижоати, қоялардек метин иродаси тоғлардан ҳам баланд. Уларни бемалол қояларни жиловлайди, деб айта оламиз...

Ҳарбий хизматчиларимиз қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда тоғ шароитида қутқарув ишлари, жанговар қуроллардан тепадан пастга, пастдан тепага, тунги шароитда нишонларга аниқ ўқ отиш, шартли душман гуруҳини қуршовга олиш ва йўқ қилиш каби турли вазифаларни бажаришди. Халқаро ўқув машғулоти якунида Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув маркази масъул офицерлари Есенберди Салкинбаев ва Оманжўл Рахметов Ўзбекистонга уюштирилган ташриф ҳар томонлама самарали бўлганлигини таъкидлаб, ҳарбийларимиз билан келгусида ўз юртларида ҳамда мамлакатимизда шундай машғулотларни кўпроқ ўтказиб туришга ишонч билдириб қолишди.

Шундан сўнг халқаро машғулотлар иштирокчилари учун Самарқанд шаҳри тарихий обидалари бўйлаб саёҳат уюштирилди. Меҳмонлар Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним ва Хожа Дониёр  мажмуаларини зиёрат қилишди.

Ўқув машқлари якунида иштирокчиларнинг фикрлари ва тафсилотлар ҳақида қисқача маълумот олдик:

– Беш кун давомида олиб борилган машқларнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлдими? Бу машғулотларнинг аҳамияти, ютуқ ва камчиликларига тўхталиб ўтсангиз.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги ўқув маркази цикл бошлиғи капитан Аброр Назиров:

– Тоғ тайёргарлиги бўйича Қозоғистон ҳарбийлари билан бундай ўқув машғулоти иккинчи марта ўтказилаётган бўлсада, бу борада икки томонлама манфаатли тажрибаларга эга бўлиб улгурдик. Айниқса, бу сафар Мудофаа вазирлиги таъминлаган янги анжомлар, тоғли шароитда яраланганлар ва жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш воситаларидан фойдаланганимиз машқларда янгича тажриба орттиришимизга сабабчи бўлди. Ўйлашимча, камчиликлардан ютуқларимиз кўпроқ бўлди. Тоғ тайёргарлиги машқлари экстремал вазиятлардан холи бўлмаганлигини назарда тутсак, ҳеч бир талафотларсиз, топширилган вазифаларнинг муваффақиятли бажарилганлигини ютуғимиз дейишим мумкин. Албатта, ҳаракатларимизда камчиликлар ҳам бўлгандир. Аммо бу камчиликлар устида қайта-қайта ишлашимиз – келгусида тажрибамизни янада оширишимизда муҳим омил бўлиши аниқ. Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги томонидан тоғ тайёргарлиги бўйича машқларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Чирчиқда бунёд этилаётган марказ тез кунлар ичида фойдаланишга топширилади. Келгусида янги марказда ташкиллаштириладиган халқаро ва мамлакатимиз миқёсидаги машғулотлар ҳарбийларимизнинг тоғ тайёргарлиги бўйича тажрибаси янада ортиб боришини таъминлайди. Қийинчиликлар ҳам бўлди. Лекин қийинчилик билан эришилган муваффақиятнинг шукуҳи бир умрга эсдан чиқмайди.

Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий армия спорт клуби инструктори катта лейтенант Василий Певцов:

– Қозоғистон Мудофаа вазирлигида тоғ тайёргарлиги ишлари армия спорт клуби томонидан олиб борилади. Шуни эътиборга оладиган бўлсак, Форишда ўтказилган машқларда биз ўзимиз учун янгича тажрибаларни орттирдик. Қийинчилик ҳамма соҳада ҳам бўлади. Бундан ташқари қийинчиликдан қўрққан бизнинг касбимизни танламайди. Қийинчилик бор жойда бир умрга ёддан чиқмайдиган ютуқлар ҳам бўлади. Машғулотларнинг аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсам, биз бу машқларда давлатларимиз дахлсизлигини таъминлаш учун халқаро тажриба орттиряпмиз. Буни Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари ўзларининг шарафли, муқаддас бурчлари деб билишади. Камчиликлар... Менимча, камчиликлар бўлмади. Мақташ эмас, биз билан Форишга илк марта ташриф буюрган икки нафар юртдошим бундай машқларда қатнашганидан ҳайратланганини айтиб ўтмоқчиман...

Асрор РЎЗИБОЕВ

 

Информеры