2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ДАВЛАТ БАЙРОҒИ – ОЗОД ВА ОБОД ВАТАНИМИЗ ТИМСОЛИ

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Мустақил мамлакатимиз рамзи йигирма саккиз йилдирки давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, спорт мусобақалари ҳамда жаҳон кўргазмаларида, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида баланд ҳилпирамоқда.

Дунё халқлари эндиликда юртимизни, давлатимиз рамзлари – байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизни яхши билади. Вакилларимиз Олимпия ва Осиё ўйинларида, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, тез-тез ёхуд мунтазам равишда барқарор байроғимизни баланд кўтармоқда, давлатимиз мадҳияси янграшига сабаб бўлмоқда, телеэкран қаршисида ўтирганларни ҳам инобатга олганда миллионлаб спорт мухлислари эътиборини мустақил Ўзбекистонимизга қаратмоқда. Ана шундай дамларда, яъни спортчиларимиз муваффақияти туфайли давлатимиз мадҳияси янграганда, миллий байроғимиз кўтарилганда қалбимиз янада чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади.

Эътироф этиш жоиз, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига танилишида спортнинг ҳам аҳамияти, ўрни беқиёс. Ўз навбатида, спорт билан узвий боғлиқ равишда давлатимиз рамзлари кучли тарбия воситаси сифатида ёшларимизнинг миллий ғурурини юксалтиришга, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Унинг замирида эса мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида узоқни кўзлаб аҳоли ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни янада омма­лаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ётибди. Шунинг самараси ўлароқ юртимизда алпқомат, руҳан ва маънан тетик, ҳар томонлама мукаммал спортчилар камол топ­моқдаки, бу жаҳон ареналарида давлатимиз байроғи билан бирга бўй кўрсатмоқда.

Дунё айвонида Ватанимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграшига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 1993 йилда ташкил этилган Марказий ҳарбий спорт клуби (эндиликда Mudofaa vazirligi sport klubi – МVSК) вакиллари ҳам ўзларининг муносиб улушини қўшиб келишяпти. МVSК 28 йилдирки мамлакатимиз армиясининг спорт маркази, миллий терма жамоаларимизнинг таянч устуни сифатида самарали фаолият юритмоқда. Мамлакатимиздаги энг етакчи Олий маҳорат спорт мактабларидан бири ҳисобланган ушбу клубда 20 тадан ортиқ спорт турининг 18 та йўналишдаги фаолияти, яъни баскетбол, бокс, дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, кураш, мерганлик (ўқ отиш), оғир атлетика, самбо, сув полоси, таэквондо, теннис, трамполин, шарқ якка курашлари ва ҳарбий-амалий спорт (армреслинг, жиу-житсу, универсал жанг, қўл жанги, тош кўтариш), эшкак эшиш (байдарка ва каноэ), эркин ва юнон-рум кураши билан шуғулланиш йўлга қўйилган. Ҳали поёнига етмаган 2019 йилги мавсумни ҳисобга олмаганда ўтган 26 йил (1993–2018 йиллар) мобайнида МVSК спортчиларининг муваффақиятлари эвазига халқаро майдонда Ватанимиз байроғи 2756 марта кўтарилди, 999 марта юртимиз мадҳияси янгради, яъни 999 та олтин, 857 та кумуш, 900 та бронза, жами 2756 та медаль қўлга киритилди.

Армиямиз спортчилари дунё миқёсидаги нуфузли мусобақаларда мамлакатимизнинг етакчи маҳорат эгалари сифатида байроқдорлик ҳам қилган. Хусусан, 2012 йилнинг 29 июль куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган ва 208 мамлакатнинг энг кучли спортчилари ўз юрти байроғи остида майдонга чиқиб келишганда, катта лейтенант Элшод Расулов Ватанимиз байроғини баланд кўтарган ҳолда Ўзбекистоннинг 56 нафар, жумладан Марказий ҳарбий спорт клубининг 22 нафар вакилини сардор сифатида майдонга бошлаб чиққанди. «Лондон – 2012» қайдномасида Ўзбекистон олимпия жамоаси жами 4 та (битта олтин, 3 та бронза) медаль билан 47-ўринда қайд этилди ва бу медалларнинг иккитаси армия спортчиларига тегишли бўлди – катта лейтенант Ришод Собиров дзюдо беллашувларида, катта лейтенант Аббос Атоев бокс жангларида бронза медални қўлга киритди. Ўзбек спорти тарихига олтин ҳарфлар билан битилган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидаги муваффақиятларда ҳам армия спортчиларининг ўзига хос улуши бор. «Рио – 2016» Олимпиадасининг 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 13 та медалига эгалик қилган Ўзбекистон делегацияси совриндорларининг уч нафари, яъни Бектемир Мелиқўзиев (бокс), Муроджон Аҳмадалиев (бокс) ва майор Ришод Собиров (дзюдо) армиямиз спортчилари эди.

2014 йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинларида ҳам айнан армиямиз спортчиси – дзюдо бўйича икки карра Олимпиада ўйинлари совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Ришод Собиров Ватанимиз байроғини стадион узра олиб ўтди. «Осиёнинг ёруғ келажагини қарши олинг» шиори остида ўтказилган ушбу мусобақада Ватанимиз шарафини 228 нафар спортчи ҳимоя қилган, уларнинг қарийб учдан бир қисмини армиячилар ташкил этганди. Ҳамюртларимиз XVII ёзги Осиё ўйинларининг 44 та медалига эгалик қилган, бу медалларнинг 14 таси армия спортчиларига тегишли бўлганди. Бошқача айтганда МVSК вакилларининг муваффақиятлари эвазига Ватанимиз байроғи Инчхон шаҳридаги стадионларда 14 марта кўтарилиб, телеэкранлар орқали бутун Осиёга тараннум этилганди.

Йилдан-йилга кучайиб, такомиллашиб, кенгайиб бораётган МVSК вакиллари учун энг сермаҳсул мавсум 2018 йил бўлди. Армиямиз спортчилари мамлакатимиз миқёсидаги мусобақаларда 357 та олтин, 239 та кумуш, 261 та бронза, жами 857 та медални қўлга киритишди, халқаро майдонда эса 103 та олтин, 104 та кумуш, 64 та бронза, жами 271 та медалга сазовор бўлишди. МVSК спортчиларининг ғолиблиги шарафига халқаро майдонда 103 марта Ватанимиз мадҳияси янгради, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиб, шоҳсупага чиққанлар шарафига эса 168 марта юртимиз байроғи кўтарилиб, дунёга тараннум этилди. 2018 йилги мавсумнинг сермаҳсуллиги, албатта, Индонезияда бўлиб ўтган йирик мусобақа – XVIII ёзги Осиё ўйинлари билан ҳам боғлиқ. «Қитъа Олимпиадаси»да МVSК спортчилари 10 та олтин, 11 та кумуш, 12 та бронза, жами 33 та медалларни қўлга киритишди – Осиё халқлари эътиборини ўзига жалб этиб турган Индонезияда армиямиз спортчиларининг муваффақияти шарафига 10 марта юртимиз мадҳияси янграб, 33 марта байроғимиз кўтарилди.

Биргина МVSК мисолида гувоҳ бўлганингиздек, юртимизда баркамол, навқирон авлод вояга етаётган экан, уларнинг жаҳон майдонларидаги ғалабалари шарафига куч-қудрат, жасорат, тараққиёт тимсоли сифатида Ватанимиз байроғи дунё миқёсида доим баланд кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграйверсин! Бу муваффақиятларда юртимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлиги ва барқарорлиги, осуда ва обод мамлакатимиз тимсоли сифатида армиямиз спортчилари – МVSК вакилларининг муносиб улуши бўлаверсин!

Расул ЖУМАЕВ

 

Информеры