2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«МЕН FОЛИБ!» – ИЛFОР ҒАРБИЙЛАР ШИОРИ

Аввал хабар қилинганидек, Марказий ҳарбий округга қарашли «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида Ўзбекистон Қуролли Кучлари миқёсидаги «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу нуфузли мусобақада Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий округ ва бўлинмалар, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўзаро куч, салоҳият ва касбий маҳоратини синовдан ўтказди. Жумладан, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари, умумқўшин, артиллерия, алоқа, радиацион кимёвий биологик муҳофаза, муҳандислик-сапёр бўлинмалари, радиоэлектрон разведка ва қўшинлар ҳамда махсус разведка мутахассислари ўртасида кечган қизғин баҳслар чинакам соғлом рақобат тусини олди.

«Мен ғолиб!» шиори остида ўтказилган мазкур мусобақа Ватанимиз ҳимоячиларининг касбий маҳорати ва билимларини юксалтириш, улар орасидан энг илғорларини аниқлаб, истиқболли кадрлар захирасига киритиш, кичик ва ўрта командирлик лавозимидаги ҳарбий хизматчиларнинг профессионал интилишини рағбатлантиришга қаратилган.

Ҳарбий округлар миқёсида сараланиб, танловнинг якуний босқичида иштирок этган ҳарбий хизматчилар «Энг илғор ҳарбий қисм командири», «Энг илғор батальон командири», «Энг илғор взвод командири», «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор сержант» номинациялари бўйича беллашди.

Дастлаб танлов иштирокчилари отиш машқида мўлжални аниқ олиб, шартли нишонларни яксон этди. Қисқа вақт ичида Калашников автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқдонни ўқ билан тўлдириш ва бўшатиш, нишонларга ўқ отиш, граната улоқтириш каби машқлар илғор мутахассисларга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Бундан ташқари, турникда тортилиш, 100 метр ва 3 километр масофага югуриш,  мажмуавий тўсиқларидан ўтиш бўйича меъёрлар бажарилди. Рақибларидан ўзиб кетиб, 3 километрлик маррага 3-ўринда етиб келган иштирокчини суҳбатга чорладик.

– Артиллериячилар бўлинмалари ўртасида «Энг илғор сержант» номинациясида қатнашяпман, – дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакили сержант Дониёр Мадалиев. – Натижалар чакки эмас. Танловга кўрилган пухта тайёргарлигимиз беиз кетмаганидан хурсандман.

– Тактик қисқа масала ечиш шартида ғолибликка муросасиз интилган ҳарбийларнинг ақли, заковати чархланди, – дейди батальон командири (Шарқий ҳарбий округ) подполковник Фарҳод Набиев. – Яъни жанговар вазифа қабул қилиб олингач, тегишли йўналиш бўйича ишлаб чиқилган қарор харитага туширилди. Мавжуд куч ва воситалар имкониятидан келиб чиқиб, тактик вазиятни тўғри баҳолаш, ғанимнинг эҳтимолий ҳаракати ва ғоясини тўғри тушунган ҳолда қарор қабул қилиб, муайян чора-тадбирлар қўллай билиш орқали олдинга қўйилган вазифани тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажаришга эришилади. Бу эса ўз навбатида, командирларнинг билим-тажрибасини ошириш, жанговар вазиятларда қўшинлар махсус ҳаракатини олиб бориш юзасидан аниқ, тезкор ва тўғри қарор қабул қилишга хизмат қилади.

Беш кун давом этган беллашувда техник, тактик тайёргарлик бўйича амалий топшириқлар, мутахассисликка доир тест синови ўтказилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар азимут бўйича ҳаракатланиш учун маълумот тайёрлаш, шартли белгиларни аниқлаш, харитада кўрсатилган объектларнинг географик ва тўғри бурчакли координаталарини ўлчаш бўйича ҳарбий топографиядан тегишли меъёрларни бажариб, ўзларига юклатилган вазифаларни аъло даражада адо этди.

Ҳарбий қисмларда жанговар тайёргарликни такомиллаштириш юзасидан эркин мавзуда ўқув фильми ва рефератлар тайёрлаш шарти шахсий таркибга машғулот ўтиш услубларини ўрганишда қўл келади. Танловда энг яхши, деб топилган ишлар ҳарбий қисм кутубхоналарига тақдим этилади ва ундан қўлланма сифатида унумли фойдаланилади.

Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шартни синчиклаб кузатди ва холисона баҳолади. Ҳарбий хизматчиларнинг барча меъёрларни халқаро талаблар асосида бажаргани ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Танловнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазирлик масъул офицерлари ҳамда истеъфодаги ҳарбий хизматчилар сўзга чиқиб, ушбу мусобақанинг нуфузи йилдан-йилга юксалиб бораётгани эришилган юқори натижаларда яққол акс этганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, «Энг илғор мутахассис» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари 2020 йил 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида тантанали тарзда тақдирланади.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ

Информеры