2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ­ТИЗИМИДА ИЛК МАРОТАБА

«Энг яхши кутубхона», «Энг яхши кутубхоначи» ва «Энг илғор маданият маркази бошлиғи» кўрик-танлови ўтказилди

Ҳарбий қисм ва муассасаларда  ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига катта аҳамият берилади. Айнан мана шундай соатларда турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилади, китоб ўқишга ихлосмандлар кутубхонада мутолаа билан машғул бўлади. Зеро бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси яхлитликда ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришдек эзгуликка хизмат қилади. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда Мудофаа вазирлиги тизимида кутубхоналар ишини такомиллаштиришга, маданият марказлари фаолиятининг  сифати ҳамда самарадорлигини оширишга  алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилда илк маротаба ўтказилаётган «Энг яхши кутубхона», «Энг яхши кутубхоначи» ва «Энг илғор маданият маркази бошлиғи» кўрик-танлови эса бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Шу йилнинг август ойида барча ҳарбий округларда мазкур кўрик-танловларнинг саралаш босқичи ўтказилди. Беллашувларда эллик нафарга яқин маданият маркази бошлиғи, юздан ортиқ кутубхоначи иштирок этди. Саксондан ортиқ кутубхоналар фаолияти ўрганилди. Ниҳоят, Қуролли Кучлар давлат музейида  кўрик-танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳарбий округлардан сараланган ўн саккиз нафар маданият маркази бошлиғи ва кутубхоначи иштирок этди. Беллашувларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ходимлари ҳамда Мудофаа вазирлиги масъул офицерларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Танлов иштирокчилари даставвал ўз йўналиши бўйича тест синовларини топширдилар. Иккинчи шартда эса улар фаолияти давомида амалга ошираётган ишларини видеоролик ёки слайдлар орқали намойиш қилиб, маънавий-маърифий ишлар, маданий ҳордиқ тадбирларини ташкил этиш борасида қанчалик билим ва тажрибага эга эканликларини намойиш қилишди. Шунингдек, беллашувларда иштирокчиларнинг соҳага доир меъёрий ҳужжатлардан қанчалик бохабарлиги, кутубхона фондини шакллантириш ва китобхонлар билан ишлаш кўникмаси, ўтказиладиган тадбирларнинг режаси ва сценарийсини тузиш малакаси ҳамда маънавий-маърифий билимлари ҳам синовдан ўтказилди. ҳакамлар ҳайъати баҳолаш жараёнида маданият марказларида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик тўгараклари фаолияти қанчалик тўғри йўлга қўйилганига ҳам аҳамият беришди. Кутубхоначиларнинг бажарган ишлари бўйича ҳисоботлари, ўтказган тадбирлари бўйича фотоальбомлар жамланмаси кўздан кечирилди.

ЭНГ МУНОСИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Кўрик-танлов қизғин ва баҳс-мунозарага бой ўтди. Энг асосийси, унда ўз ишининг билимдони бўлган мутахассислар куч синашди. Фаол иштирокчилардан бири Қуролли Кучлар хизматчиси Райҳон Қиличева (Тошкент ҳарбий округи) бўлди. Икки йилдан буён кутубхоначилик соҳасида фаолият юритаётган суҳбатдошимиз ҳарбий қисмдаги кутубхона фаолияти ҳақида бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Кутубхонамиз беш мингдан зиёд китоб фондига эга. Уларнинг асосий қисмини бадиий адабиётлар ташкил қилади. Ҳарбийларимиз орасида китобхонлар жуда кўп. Улар кутубхонага келтирилган ҳар бир бадиий китобни тезроқ мутолаа қилишга интилади. Ҳарбийларнинг фарзандлари ҳам китобга бефарқ эмас. Шунинг учун ҳам биз уларнинг қизиқиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда кутубхонамизда болалар адабиёти бурчагини ташкил қилганмиз. Бу жавондан ўрин олган китоблар доим қўлма-қўл. оила бекалари ўртасида ўтказилаётган китобхонлик тарғиботи тадбирлари ҳам ўз самарасини беряпти. Бугунги беллашув биз учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди. Билмаганларимизни ўргандик, билганларимизни ўртоқлашдик.

Яна бир суҳбатдошимиз – танлов иштирокчиси Актамжон Тўраев маданият марказларининг бугунги кундаги фаолияти ҳақида тўхталар экан, бу масканларда ўтказиладиган тадбирлар ҳарбийларнинг  маънавий-маърифий ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

– ҳар бир тадбирни юксак савияда ташкиллаштиришга ҳаракат қиламиз, – дейди у. (иштирок этган)лар ўтган вақтига ачинмаслиги керак, ундан нимадир олиши лозим. Кўрик-танловда ҳакамлар ҳайъати ҳам фаолиятимизни мана шу мезондан келиб чиқиб баҳолади. Илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, касбга ижодий ёндашув, маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишнинг янги инновацион усул ва шаклларини амалиётга татбиқ этиш борасида эришган натижаларимиз билан қизиқди. Энг муҳими, кўрик-танловда қатнашган ҳар бир иштирокчи соҳа бўйича етарлича билим ва тажрибага эга эканлигини амалда намойиш қила олди.

Икки кун давом этган кўрик-танлов ниҳоясида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, Тошкент ҳарбий округига қарашли Ангрен шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм кутубхонаси «Энг яхши кутубхона» деб топилди. «Энг яхши кутубхоначи» кўрик-танловида эса Қуролли Кучлар хизматчиси Инобат Эрматова (Шарқий ҳарбий округ) ғолибликни қўлга киритди. Қуролли Кучлар хизматчиси Дилфуза Эргашева (Тошкент ҳарбий округи) «Энг илғор маданият маркази бошлиғи»  эътирофига сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорларга мукофотларни Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев топширди.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

Информеры