2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ВАТАН САОДАТИ­ ЙЎЛИДА ФИДО ­БЎЛГАНЛАР ЁДИ

Кўп китоб тақдимотларида қатнашганман. Азалдан китоб байрамига жуда қизиқаман. Чунки  уларнинг бири мозийдан сўз очса, бошқаси юракларни сел қилувчи шеърлар орқали қаҳрамонликлардан сўзлайди. Доим шундай тадбирларга борсам, кўнглим тоғдай кўтарилиб, ўша ҳафтада кайфиятим чоғ бўлиб юради. Атрофни кузатаман, ана, нуроний отахонлар набиралари билан китоб танлаяпти, яна бир раста ёнида ёш оила китоб сотиб оляпти. Беихтиёр юзига самимий табассум югуради. Ҳа, бу галги китоб тақдимоти ҳаммасидан ўзгача руҳда ўтказилди. Унда ҳамма эркагу аёл кўз ёшларини яширмай йиғлади...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Мудофаа вазирлиги ва уюшманинг Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида «Ватан сендан ризо, ўғлим» номли китоб тақдимоти ўтказилди. Китобда 2001 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида террорчи тўдалар билан рўй берган тўқнашувларда Ватан саодати йўлида ҳалок бўлган 9 нафар жасур ўғлоннинг ҳаёти ёритилган.

Ватан учун фидо бўлган инсоннинг бегонаси бўлмайди. Бунга тадбир давомида ҳам гувоҳ бўлдим. Қўлимда фотоаппарат, кўзимдан эса дув-дув ёш тўкилмоқда. Фарзандидан жудо бўлган инсонларнинг кўзига қараб суратга олиш қанчалар оғир...

Залга ёши етмишга яқинлашиб қолган, юзларидан нур ёғилиб турган  бир аёл кириб келди. Кейин одамларга юзланиб, «Йиғламанглар! Бизнинг жигарларимиз ўғирлик қилиб, Ватанга хиёнат қилиб жон бергани йўқ! Улар бугунги тинч замон учун шаҳид бўлдилар. Мен она сифатида берган оқ сутимга мингдан-минг розиман», деди баралла. Аудиторияда жимлик чўкди. Ҳа, бу гапларни айтиш учун аёл кишидан анча матонат талаб этилади. Мардларимизнинг оналари ҳам мард экан. Йиғлаётганларни тинчлантирган бу аёл лейтенант Бобуржон Ғаниевнинг онаси Мунаввара ая Ғаниева эди.

Китоб қаҳрамонларнинг яқинларига тақдим қилинган чоғида бир маъсума аёлга кўзим тушди-ю, юрагим меҳрдан қалқиб кетди. Минг ҳаяжон билан четда китоб варақлаётган бу инсон сержант Қаҳрамон Мадолимовнинг йигирма уч ёшида бева қолган аёли эди.

– Қўлимда бир қиз ва қорнимда ҳали туғилмаган фарзандим билан бир кечада оиламизнинг устунидан айрилдик. Бу дардни сизлар билан бирга енгдик. Раҳмат ҳаммангизга,  – дейди Зуҳра опа.

Дарҳақиқат, айни гулгун ёшида ёридан айрилиб, дунё кимсасиздай, кунлар файзсиз, фасллар рангсиздай туюлган бу аёлга чиройли сабр берди Худойим. Шарқ аёлларига хос тарбия топган Зуҳра опа ўзини тез қўлга олди. Катта қизини турмушга берди. Кичик қизи Ёдгора айни вақтда олийгоҳда таҳсил оляпти. У келажакда дадасига ўхшаб ҳарбий бўлмоқчи.

– Бугун ҳали тили чиқмаган неварам, «Бувижон, мен бобомжа ўхшаб аскай бўяман», деб юрганини кўриб, қувонаман. Бобосига жуда ўхшайди, умри ўхшамасин, илоҳим. Унга қараб туриб бобоси неварасининг кўринишида қайтиб келдимикан, деб ўйлаб қоламан, – дейди Зуҳра Мадолимова суҳбат чоғида.

Сурхондарё воқеалари тарих зарварақларига оғриқли кунлар сифатида муҳрланди. Бугун ўзбек оиласида ўғлон туғилса, яхши ниятда мардларнинг исмини қўйишади. Ниятларига етишсин, бироқ уларнинг жонлари жангларда ўтмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

Сўлим водий томонлардан қайтар эканман, ҳар заррасида меҳр борлигини, самимий инсонларининг юрагимга бегона эмаслигини ҳис қилдим. Бўйчан тераклар аскардай саф тортиб, баргларининг шивирида мардларнинг овози келаётгандай туюлди.

Шоҳсанам НИШОНОВА

 

Информеры