2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КУРСАНТЛАР ХАЛҚАРО МУСОБАҚАГА САРАЛАНДИ

Суратга, видеога олиш учун аудиторияларга кирамиз. Бир-бирларига халақит бермайдиган, суҳбатлаша олмайдиган масофада жойлаштирилган курсантлар бош кўтармай мисол ва масалаларни ечиш билан банд. Тўғриланиб ўтириш, нигоҳ ташлаш каби уларнинг хаёлини бўладиган ишораларимизга ҳам эътибор бергиси келмайди. Фурсатни ғанимат билиб кейинги хонага ўтамиз.

Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларининг жиддий киришиб кетганларини тўғри тушуниш керак. Хурсанд бўлса арзийди. Чунки улар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа вазирликлари тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари жамоалари ўртасида математика фани бўйича VI халқаро олимпиадага сараланмоқдалар. Ғолиб жамоа вакиллари халқаро мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ўтган математика фани бўйича V халқаро олимпиадада Қуролли Кучлар академияси жамоаси қатнашиб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритиб қайтган эди.

– Ушбу олимпиадада иккинчи маротаба иштирок этяпман. Халқаро миқёсдаги мусобақа, албатта, ҳаяжонли, масъулиятли. Аммо ўзига, билимига ишонган курсантлар ҳеч нарсадан ҳайиқмайди. Биринчилик сари интилаверади, – дейди Қуролли Кучлар академияси курсанти Сардор Равшанов. – Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Киши фикрламай қўйса, мияда ҳам шундай ҳолат юз беради. Шу маънода ақл гимнастикаси бўлган математика биз, бўлажак Ватан ҳимоячиларининг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

Ниҳоят, якуний натижалар эълон қилинди. Унга кўра яккалик баҳсларда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари Расулбек Қадамбоев биринчи ҳамда Бобур Абдурашидов иккинчи ўринларни, Қуролли Кучлар академияси курсанти Сардор Равшанов эса учинчи ўринни эгаллади. Умумжамоа ҳисобида эса Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти 1-, Қуролли Кучлар академияси 2-, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари 3-ўринларни забт этди.

Азиз НОРҚУЛОВ

 

Информеры